Иқтисодиёт | 01:48 / 30.06.2019
9865
4 дақиқада ўқилади

Хорижий инвестициялар реал ҳажми бошқача ҳисобланади — Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Фото: Fotolia

Яқинда оммавий ахборот воситаларида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми пасайгани ҳақида бир қатор хабар ва мақолалар эълон қилинди. Бунга асос сифатида Марказий банкнинг ҳисоботи келтирилган.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати вазиятга ойдинлик киритишни истаб, Kun.uz’га ушбу масала бўйича батафсил шарҳ тақдим этди.

«Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан жорий йилнинг биринчи чораги якунларига кўра соф тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими ҳажми хусусида ҳисобот тақдим этди ва унга кўра, биринчи чоракда соф инвестициялар оқими 198 миллион АҚШ долларига қисқарган, бу эса ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан икки баробар камайганини англатади.

Қайд этиш лозимки, жаҳон амалиётида мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб мамлакатга киритилаётган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ҳисоблашнинг турлича услубларидан фойдаланилади. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг эълон қилинган ҳисоботи Халқаро валюта жамғармаси услуби асосида тузилган бўлиб, фақатгина мамлакатнинг тўлов балансини тузиш учун фойдаланилади, яъни пул маблағларининг мамлакатдан мамлакатга тўлов сифатида ҳаракатини характерлайди.

Бу ҳолатда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими кўрсаткичи маълум бир давр мобайнида хорижий инвестициялар оқими суммаси ва шу инвестициялар бўйича ўша давр мобайнида репатриациялар (капиталларнинг инвестор мамлакатига қайтарилиши) ҳажми нисбати, яъни пул оқимларининг кириб келиши ва кетиши ўртасидаги сальдо билан ифодаланади. Бир вақтнинг ўзида, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими асоси сифатида хўжалик юритувчи субъектнинг асосан пул тушумлари ҳисобига устав жамғармасининг кенгайиши қабул қилинади.

Бироқ, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини ҳисоблашнинг кўрсатиб ўтилган услуби маълум бир давр мобайнида жалб қилинган ва ўзлаштирилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими бўйича тўлиқ манзарани очиб бера олмайди. Шу сабабли Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Статистика бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси президенти қарори билан ҳар йили тасдиқланадиган Инвестиция дастури доирасида маълум бир муддат мобайнида асосий капиталга жалб қилинган ва ўзлаштирилган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг ҳисоб китобини олиб боради. Бунда хўжалик юритувчи субъектнинг устав жамғармаси маблағ жиҳатидан оширилиши эмас, шунингдек, товар кўринишидаги инвестициялар ва номоддий активлар, технологиялар, лицензиялар ва ҳ.к.ларни бериш ҳам ҳисобга олинади.

Шундай қилиб, 2019 йилнинг биринчи чорагида статистик ҳисоботлар билан тасдиқланган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилишининг фактик ҳажми 783,3 миллион АҚШ доллари ёки йил прогнозига нисбатан 11 фоизни ташкил этган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан (325,8 млн доллар) тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг ўзлаштирилиши ҳажми ўсиши 457,5 миллион АҚШ доллари ёки 2,4 мартани ташкил этган.

2019 йилнинг 5 ойи мобайнида ўзлаштирилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 2,5 миллиард долларни ёки йил прогнозига кўра 40 фоизни ташкил этган, 2019 йилнинг дастлабки ярим йиллигида эса мазкур кўрсаткич 3,7 миллиард доллар ёки йил пронозига нисбатан 52 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. 2018 йилнинг шу даврига нисбатан ўзлаштирилган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг соф ўсиши 3,06 миллиард долларлик кўрсаткичдан ўтади ёки ўсиш 5,9 мартани ташкил этади.

Шуниси аҳамиятлики, сўнгги йилларда инвестицион фаолликнинг ўсиши анъанавий тарзда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун жозибадор бўлмаган соҳалар, хусусан, нефть ва газ каби соҳаларда кузатилмоқда.

Масалан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми ошиши металлургия (2018 йилга нисбатан 2,4 марта), текстил (2,7 марта), озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш (3,1 марта) ва фармацевтика (6,3 марта) соҳаларида кузатилмоқда.

Ҳудудий бўйсунувдаги лойиҳаларга ҳам тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми ошаётганини ҳам қайд этмоқ жоиз. Вилоятларда 2018 йилнинг кўрсаткичларига нисбатан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 4 баробарга ошган», — дейилади Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Kun.uz’га тақдим этилган маълумотномасида.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид