Президент Шавкат Мирзиёев 31 март куни Наманган вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди.

Қайд этилганидек, 2025 йил якунлари бўйича вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 85,4 триллион сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 8,2 фоизга етган. Саноат маҳсулотлари ҳажми 40,1 триллион сўмни, хизматлар ҳажми 56,3 триллион сўмни ташкил қилган. Вилоятга 3,3 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниб, экспорт ҳажми 916 миллион долларга етган.

Давлат раҳбари жаҳон бозоридаги беқарор вазият шароитида Наманганда иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш ва янги “ўсиш нуқталари”ни ишга солиш муҳимлигини таъкидлади. Шу муносабат билан 2026 йилда вилоят раҳбарияти олдига иқтисодиётни 9,2 фоизга, саноатни 9 фоизга, хизматларни 16,3 фоизга, қишлоқ хўжалигини 6,8 фоизга ошириш, туризм экспортини эса 1,7 баробар кўпайтириш вазифаси қўйилди. Хорижий инвестициялар ҳажмини 5 миллиард долларга, экспортни 1,2 миллиард долларга олиб чиқиш вазифаси белгиланди.

Йил якунигача ишсизликни 3,5 фоизга, камбағалликни 2,5 фоизга тушириш, Наманган шаҳри, Давлатобод, Янги Наманган, Наманган, Косонсой, Норин ва Уйчи туманларини ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудларга айлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда сунъий интеллект асосида ҳудудий салоҳиятни чуқур таҳлил қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Норин тумани мисолида бу йил инвестицияни икки карра, саноатни 10,4 фоизга ва экспортни 35 фоизга ошириш имкониятлари аниқлангани айтилди. Энди ушбу ёндашувни вилоятнинг барча туманларига татбиқ этиш топширилди.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бугунги шароитда энг долзарб масалалардан бири экани қайд этилди. Шу боис, вилоятда кам самарали 2,5 минг гектар боғлар ўрнида замонавий интенсив боғлар ташкил қилиш ва 8 минг гектар ерни ўзлаштириш вазифаси қўйилди. Бу орқали қўшимча даромад манбалари ва янги иш ўринлари яратилади.

Йиғилишда йирик инвестиция лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, “Наманган” эркин иқтисодий зонасининг “Сабзазор” массивида умумий қиймати 547 миллион долларлик 15 та лойиҳани тўлиқ амалга ошириш учун қўшимча электр подстанцияси қуриш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Ҳозиргача бу ерда 215 миллион долларлик 7 та лойиҳа ишга тушган.

Шунингдек, қиймати 20 миллион доллар бўлган замонавий IT-парк биносини барпо этиш таклифи билдирилди. Ушбу лойиҳа ахборот технологиялари соҳасига халқаро компанияларни жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш, ҳудудда рақамли трансформация, сунъий интеллект, электрон тижорат ва стартап экотизимини жадал ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.