Ўзбекистон | 13:58 / 19.06.2024
9334
3 дақиқада ўқилади

Оталар куни жиддий сиёсий-ижтимоий кун сифатида оммалаштирилиши лозим — Алишер Қодиров

Кўплаб мамлакатларда ҳар йили июн ойининг учинчи якшанбаси оталар куни сифатида нишонланади. Олий Мажлис қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров Ўзбекистонда ҳам оталар куни алоҳида кун сифатида қайд этилиши керак деган фикрни илгари сурмоқда.

Фото: Kun.uz

“Нафақат оилада, бутун жамиятдан эркакни, яъни амалдаги ёки бўлажак оталар оҳорини тўкиб, номини оёқости қилиб юбормаяпмизми? Бунинг оқибати нима бўлади?

Боғча ва мактабни эркак тарбиячи ҳамда ўқитувчилар ташлаб кетганига анча бўлди. Сўнгги йилларда эркаклар оиладан ҳам сиқиб чиқарилаётгандек…

Миллат тақдири қуриладиган бу масканлар рад этилаётган оталикнинг аччиқ мевалари — асабий аёлларнинг эътирозлари билан бўғилмаяптими? Нега оналар, тарбиячи ва ўқитувчи аёллар бу қадар асабий?

Турли миллатларда қадриятлар турлича бўлади, бизники ҳам ўзимизга хос. Минг йиллар шаклланган қадриятларимизга эркак ва аёл муносабатларидаги мувозанатни аёл фаровонлигининг асосий душмани деб кўрсатаётганлар, аллақачон оила ва оталикни янчиб ташлаб бўлган маданиятлар тарғиботчиларига ташлаб қўймаяпмизми?

Аҳмоқ ҳамма миллатда топилади, икки зўравон, тарбиясизни саҳнага чиқариб, ўзбек эркаклари ҳаммаси зўравон, аёлини хор қилади деган қарашларни ёшларимизга сингдирилиши оқибати нима бўлади?

Бугунги оила бузилишларининг асосий сабаби ёшлар биргаликда сабр билан ўтишлари керак бўлган муаммолар, лекин томонлар бир-бирга ишончини йўқотмоқда. Асоссиз хавотир, айблов, ғийбат ва туҳмат урчиб кетишига сабаб шу эмасми?

Мувозанатли муроса, оқибати ҳаловат ва маърифатли фарзандлар бўлган миллий оила маданиятимиз, оталарни рад этаётган, эркак-аёл муносабатларида инқирозга тушиб қолган маданиятлар таъсирида қолиб кетаётгандек…

Бизнинг қадриятларимиз аёлларнинг қомати ва ҳадсизлиги эмас, оилапарварлиги, ҳаё ва маърифати билан фахрланган.

Ота, эркак — жамият шаъни шавкати ҳимоячиси. Мукаррам ва ҳикматли оналар бу ҳимоячиларни тарбияловчилардир!

Биз сайлов дастуримизда фарзанд кўрган аёлларга тарбия тренингларида иштирок этиш шарти билан 3 йилгача ҳақ тўланадиган оналик таътили бериш таклифи устида ишлаяпмиз. 

Агар оналар шавкатли фарзандлар учун ҳаловатидан кечмаса, отасини танимайдиган фарзандлар нафақат онаси, балки бутун жамиятни қурбон қилади.

Оталар куни жиддий сиёсий ижтимоий кун сифатида оммалаштирилиши зарур.

Оила муносабатларимиз жиддий тадқиқ қилиниши керак, бу миллий тараққиётни таъминлашга хизмат қиладиган муҳим хулосаларга олиб келади.

Яна бир бор, оталар куни муборак бўлсин”, — дея ёзди Алишер Қодиров.

Мавзуга оид