Ўзбекистон | 12:21 / 09.11.2020
5885
1 дақиқада ўқилади

Профессионал таълим муассасаларида дуал таълим тизими жорий этилади

“Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарига кўра, 2021/2022 ўқув йилидан:

амалиётга йўналтирилган таълим дастурларини жорий этиш мақсадида профессионал таълим муассасаларида дуал таълим тизими жорий этилади;

дуал таълим тизими асосида ишлаб чиқариш амалиётини ўтаётган ўқувчиларга иш берувчи билан тузилган шартномага мувофиқ иш ҳақи тўланади;

профессионал таълим муассасаларида ўқувчиларнинг касбий малакасини WorldSkills стандартлари асосида баҳолаш тартиби босқичма-босқич жорий қилинади ва ишчи касблар бўйича ”WorldSkills Uzbekistan” мусобақалари ўтказилади;

профессионал таълим муассасаларига хорижий мамлакатлардаги таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида ўрта бўғин кадрларини тайёрлашни ташкил этиш ваколати берилади.

Аввалроқ, педагог кадрлар тайёрлайдиган ОТМларга халқ таълими соҳаси ходимларининг малакасини ошириш ҳуқуқи берилгани хабар қилинганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид