Жаҳон | 08:14 / 10.10.2025
4028
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Ғазода ўт очишни тўхтатиш режимини кузатиш учун Исроилга ҳарбийларини юборади

АҚШ Ғазодаги ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни кузатиш учун Исроилда 200 нафаргача америкалик аскарни жойлаштириш вариантларини ишлаб чиқмоқда, деб ёзади NBC News.

Фото: U.S. Army / Flickr

Бу ҳақда телеканалга режалар билан таниш бўлган икки америкалик расмий маълум қилди. Манбаларга кўра, АҚШ ҳарбийлари логистика, транспорт, муҳандислик ва режалаштириш бўйича ёрдам беради.

«Улар Ғазода бўлмайди. Ғазода бирорта ҳам америкалик аскар бўлмайди», — дея аниқлик киритди манбалардан бири.

Фуқаролик-ҳарбий мувофиқлаштириш маркази сифатида танилган бу ташаббус Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишуви эълон қилиниши ортидан бошланган.

Америка қўшинлари аллақачон Исроилга кела бошлаган, дея изоҳ берди телеканал манбалари.

«Ғазога гуманитар ёрдам етказилишини қўллаб-қувватлашдан ташқари, қўшинлар келишув шартларига риоя этилишини таъминлаш учун томонлар ўртасида ҳодисаларнинг олдини олиш механизмининг ишлашини назорат қилади», — дейилади хабарда.

Америка қўшинлари илгари Исроилда турли миссиялар, жумладан, ракетага қарши мудофаа бўйича бўлган. Қўшма Штатлар ўтган йили Ливанда ўт очишни тўхтатиш пайтида Исроил ва "Ҳизбуллоҳ" ўртасидаги ҳодисаларнинг олдини олиш механизмини қўллаб-қувватлади.

Исроил ҳукумати Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати билан Ғазо секторидан гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувни маъқуллади.

Исроил, ўз навбатида, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган 250 нафар маҳбусни ва 2023 йил 7 октябрдан кейин ҳибсга олинган 1700 нафар фаластинликни озод қилади. Шунингдек, келишув ҲАМАСни қуролсизлантириш, Исроил қўшинларини Ғазо секторидан олиб чиқиб кетиш ва гуманитар ёрдам етказиб беришни ҳам кўзда тутади.

Исроил ва ҲАМАС ўртасида эришилган келишув ҳақида аввалроқ АҚШ президенти ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид