Жамият | 20:56 / 28.02.2023
58119
11 дақиқада ўқилади

Ўзбекча «тахтлар ўйини». Бир асрда 37 хон алмашган Хивадаги «хонлар ўйини» ёхуд «хонбози»

Ўзбекистон жуда узоқ ва қизиқарли тарихга эга. Ундаги воқеалар асосида машҳур «Тахтлар ўйини» сериали билан бемалол беллаша оладиган фильмлар олиш мумкин. Хусусан, XVII аср охиридан ХIХ аср бошларигача Хива хонлигида давом этган «хонлар ўйини» даври бунга ёрқин мисол. Бу даврни бутун Ўзбекистон тарихидаги энг тартибсиз давр дейиш мумкин.

Бухоро хонлиги (кейинчалик амирлиги) ўзининг бутун мавжудлиги давомида (1533-1920 йиллар) жами ўттизга яқин хон ва амир кўрган бўлса, Хива хонлигида деярли бир асрда (1695-1804 йилларда) 37 марта хон алмашган. Бу даврда Хива хонлиги тахти учун курашга Бухоро хонлиги, Эрон, туркманлар, қозоқлар ҳам аралашган эди. Натижада хонликда шундай тартибсизлик пайдо бўлдики, тарих ҳатто ярим кунлик хонларни ҳам кўради. Аҳоли қашшоқлашади, шаҳарлар вайронага айланади.

Хонликдаги вазият

Хива хонлигига 1511-1512 йилларда асос солинган. Бу хонликка ҳам Бухоро хонлиги билан бўлгани каби Жўжининг бешинчи ўғли Шайбон авлодлари пойдевор қўяди. Бироқ Хоразм шайбонийлари ва Бухоро шайбонийлари ўртасида сулолавий қонли низо мавжуд эди. Хиванинг биринчи ҳукмдори Элбарсхоннинг отаси Берке султон Шайбонийхон томонидан Дашти Қипчоқ тахти учун курашда ўлдирилганди.

Шу боис, бу икки ўзбек хонлиги ўзаро душман бўлиб, кўпинча уруш ҳолатида бўлган. Дастлаб Убайдуллахон I, сўнгра Абдуллахон II Хивани Бухорога бўйсундиради.

Убайдуллахон 1537 йилда Хоразмга қўшин тортиб, Элбарсхоннинг бешинчи ўғли Аванешхонни мағлуб этади ва уни қатл қилади. Икки йилдан сўнг Аванешхоннинг авлодлари кўчманчи туркманлар ёрдамида бухороликларни Хивадан ҳайдаб чиқаришга эришади.

1593 йилда Абдуллахон II бир неча юришлардан сўнг Хоразмни эгаллаб олади. Хива хони Ҳожимхон Эронга, шоҳ Аббос ҳузурига қочиб кетади. Абдуллахон II вафот этгач, Ҳожимхон Эрондан қайтади ва яна Хива хонлиги мустақиллигини тиклайди.

Хонликнинг Бухоро томонидан икки бор забт этилиши хонлар нуфузига таъсир кўрсатмай қолмайди. Ички кураш кучаяди. Марказий ҳокимият эса кучсизланади.

Ҳожимхоннинг ўғли Араб Муҳаммадхон даврида Хивада сиёсий беқарорлик бошланади. 1621 йилда хоннинг икки ўғли отасига қарши исён кўтаради. Араб Муҳаммадхон енгилади ва нопок ўғиллар отасининг кўзига мил торттириб, кейинроқ қатл қилдиради. Бу вақтда хоннинг бошқа ўғиллари – Асфандиёрхон Эронга, Абулғози Баҳодирхон Бухорога қочганди.

Абулғози Баҳодирхон

Отаси ҳалок бўлганини эшитгач Асфандиёрхон туркманлар ёрдамида Хивага ҳужум бошлайди. У муваффақиятга эришади ва отасининг қотили бўлган икки инисини қатл эттиради.

Тахтни туркманлар ёрдамида эгаллаган Асфандиёрхон даврида туркманларнинг хонликдаги обрўйи ошади ва ўзбеклар билан зиддият кучаяди. Натижада ўзбекларнинг катта қисмида Асфандиёрхонга қарши кайфият шаклланади. Охир-оқибат улар хоннинг укаси, Абулғози Баҳодирхонни Қалмоқ хонлигидан чақириб олади ва уни Асфандиёрхон вафотидан сўнг тахтга ўтқазади.

Абулғози Баҳодирхон ва унинг ўғли Анушахон даврида Бухоро билан урушлар кўпаяди. Абулғозихон ва Бухоро хони Абдулазизхон ўртасида тузилган тинчлик шартномаси Анушахон томонидан бузилади. У Бухоро хонлигига катта юриш қилиб, Самарқандни эгаллайди. Бухоро хонлиги шаҳарларини талон-торож қилади.

Бироқ 1685 йил Ғиждувон яқинида жиддий мағлубиятга учрайди. Айнан мана шу воқеадан кейин Хивада ҳақиқий беқарорлик, «хонлар ўйини» бошланиб кетади.

Анушахон

«Хонлар ўйини» ёки «хонбози»

Анушахон Бухородан Хивага қайтгач, Бухоро хони Субҳонқулихон томонидан тузилган Хива саройидаги фитначилар гуруҳи фитнаси қурбони бўлади. Бу фитнада унинг ўғли Эрнак (Арангхон) ҳам иштирок этади. Анушахон 1686 йилда тахтдан туширилиб, кўзига мил тортилади. Унинг ўрнига ўғли Худойдодхон тахтга ўтқазилади. Бироқ тез орада у ҳам ўлдирилиб, иниси Арангхон тахтга чиқади. Лекин Арангхон ҳам 1688 йил ўлдирилади.

Шундан сўнг яна икки хон (Жўжи султон ва Валихон) тахтга ўтқазилиб, ўлдирилади. Ва ниҳоят Хива хонлиги тахтини Субҳонқулихон томонидан тайинланган ноиб Шоҳниёз эгаллайди.

Россия императори Пётр Iʼга Хивани ўз вассаллигига олишни сўраб хат ёзган Шоҳниёз ҳукмронлиги ҳам узоқ давом этмайди. Субҳонқулихон 1702 йилда вафот этиши биланоқ Шоҳниёз ҳам Хива тахтидан туширилади. 1702 йилдан 1715 йилгача бўлган муддатда яна беш нафар хон (Шоҳбахт, Сайид Али, Мусо, Ёдгорхон ва Эшим Султон) алмашади.

Хонларнинг тез-тез алмашинуви ва ўз кучига эга бўлмаслиги вилоят ҳокимлари ва қабила бошлиқларининг марказий ҳокимиятдан мустақиллиги кучайишига олиб келади. Хива хонлигида бир вақтнинг ўзида бир неча кишини хон деб эълон қилиш бошланади. Мамлакат бутунлай тартибсизлик ичида қолади. Бир томондан ўзбек, бошқа томондан туркман қабилалари таъсири кучаяди. Қўшимчасига қозоқлар ҳам хонлик ишларига аралаша бошлайди.

Шундай бўлса-да, Хива хони Шерғозихон 1714-1717 йилларда хонликка кириб келган Александр Бекович-Черкассий бошлиқ Россия ҳарбий экспедициясини тор-мор қилишга эришади. Бу воқеа Россиянинг Марказий Осиёга босқинчилик юришларини кечиктиришига сабаб бўлади.

1728 йилда Хивадаги қуллар қўзғолони оқибатида Шерғозихон ва унинг мулозимлари қатл қилинади. Тахтга қозоқ хони қариндоши бўлган ёш хон ўтқазилади. Бироқ жума куни эрталаб тахтга ўтқазилган хон, жума намозига бораётиб, йўлда отдан йиқилиб ҳалок бўлади. Шу сабаб ҳам унга Сари Айғирхон деб ном беришади.

Шубҳасиз, хоннинг отдан йиқилиши олдиндан уюштирилган фитна эди. Шундан сўнг Хива хонлиги тахтига бошқа бир қозоқ султони Элбарсхон ўтиради.

Элбарсхон даврида ҳам ўзбеклар ва туркманлар билан кураш тўхтамайди. Элбарсхоннинг ўзи 1740 йилда Эрон шоҳи Нодиршоҳ билан жангда ҳалок бўлади. Хива тахтига бошқа қозоқ султонлари — Тоҳирхон ва Абулхайрхон ўтқазилади. Бироқ Абулхайрхон Нодиршоҳдан қўрқиб қочиб кетади (жами 6 кун хонлик қилади). Хива Эрон қўшини томонидан босиб олинади.

Эрон шоҳи Нодиршоҳ

Тез орада Оролбўйи ўзбеклари Абулхайрхоннинг ўғли Нурали бошчилигида мустақиллик учун кураш бошлайди ва 1741 йили эронликларни Хоразмдан ҳайдаб чиқаради. Тахтга Нурали ўтиради.

Лекин Нуралихон реал кучга эмас эди. Эронликлар Марвда Элбарсхоннинг ўғли Абу Муҳаммадхонни Хива хони деб эълон қилади. Нодиршоҳнинг ўғли Насрулло 1741 йилдаёқ Хивага юриш қилади ҳамда Нурали ва унинг тарафдорларидан Хивани тортиб олади. Тахтга Абулғозихон II ўтқазилади.

1746 йил манғитлар уруғи фитнаси сабаб Абулғозихон II ҳам ўлдирилади. Нодиршоҳнинг рухсати билан тахтга Абулхайрхоннинг укаси Ғойибхон ўтиради. Ғойибхон даврида хонликда қозоқлар таъсири кучаяди.

Натижада хонлик ўзбеклари 1756 йилда қўзғолон кўтаради ва Ғойибхон қозоқ даштларига қочиб кетади. Ҳокимиятни унинг укаси Қорабойхон эгаллайди.

Энди «тахтлар ўйини»га Бухоро амири аралашади. Бухоро ҳукмдори Муҳаммад Раҳимхон Хива тахтига ўз одами бўлган Темур Ғозихонни чиқаради. Темур Ғозихон даврида хонликда қўнғирот уруғи таъсири кучаяди. Темур Ғозихон ҳам 1763 йилда сарой фитнаси қурбони бўлади ва Хива тахтига яна қозоқ султони — Тавкахон ўтиради. Аммо у ҳам бир йилдан кейин тахтдан туширилади.

1770 йилгача Хива тахти учун Бухоро амирлиги, Қозоқ хонлиги ва қўнғирот сулоласи ўртасида шиддатли кураш боради. 1764-1770 йиллар оралиғида яна беш нафар хон (Шоҳ Ғозихон, Абулғозихон, Нуралихон, Булакайхон ва Жаҳонгирхон) алмашади. 1770 йилда ниҳоят қўнғирот уруғидан бўлган Муҳаммад Амин иноқ амалда Хива ҳукмдорлигини қўлга киритади. Бироқ у ҳам худди Бухородаги манғитлар сингари чингиз уруғидан бўлмагани боис тахтга қўғирчоқ ҳукмдорларни қўйишда давом этади. 1804 йилга қадар яна ўндан ошиқ хонлар алмаштирилади.

Бу анъана 1804 йилдагина тўхтатилади. Муҳаммад Амин иноқнинг невараси Элтузар шу йили сохта хон Абулғозий V’ни тахтдан туширади ва ўзини хон деб эълон қилади. Шу билан Хивада расман ўзбекларнинг қўнғирот уруғи ҳукмронлиги ўрнатилади ва бир асрдан ошиқроқ вақт давом этган «хонлар ўйини» якун топади.

«Хонбози» сабаблари ва оқибатлари

Хивадаги «хонлар ўйини» ёхуд «хонбози» даври шубҳасиз хонликни бутунлай оғир аҳволга солиб қўяди. Хонликдаги вазият шунчалик чигал, тартибсиз эдики, рус қўшинини енгган Шерғозихондек кучли ҳукмдор ҳам бу ўйинни тўхтата олмайди. Аксинча, унинг ўзи ҳам шу ўйин қурбонига айланади.

«Хонбози» даврининг асосий сабаби Хивада марказий ҳокимият аввалдан кучли бўлмагани эди. Яъни ҳукмдор ўзбеклар бир-бири билан курашда туркман, қозоқлар ёрдамидан фойдаланади ва ўз таъсирини заифлаштиради. Хонлар давлатни бошқаришда асосан ўз уруғларига таянади.

Қолаверса, Хива хонлари жуда кўп уруш олиб боради. Улар Бухоро хонлиги, ички Хуросон, Манғишлоқ яриморолига доимий босқин уюштириб туради. Айниқса, Бухоро билан урушлар хонликнинг тинкасини қуритади.

«Хонлар ўйини»нинг бошланиши ҳам Анушахоннинг Бухорога юриши билан боғлиқ эди. Шу юришдан сўнг Субҳонқулихон Хивада фитначи гуруҳ шакллантирди ва Хива хони саройи муҳитини бузиб юборди.

Шунингдек, қозоқлар, туркманларнинг доимий босқинлари, манғитлар, найманлар ва Оролбўйи ўзбекларининг мунтазам курашлари хонлик мустаҳкамланишига йўл бермасди. Хонлар баъзи даврларда фақатгина бешта шаҳарни бошқарар эди, холос. Хонликнинг қолган қисми амалда мустақил бўлганди.

ХIХ асрда қўнғиротлар тартибни тиклаган бўлса ҳам, хонлик аллақачон хонавайрон бўлганди. Тўхтовсиз урушлар сабаб иқтисодиёт издан чиққан, савдо-сотиқ кескин камайган, шаҳарлар вайронага айланганди. Муниснинг «Фирдавс ул-иқбол» асарида ёзилишича, аҳвол шу даражада бўлганки, Хивада бор-йўғи 40-50 хонадон қолган. Тинимсиз урушлардан чарчаган аҳоли хонликдан кўчиб кетган.

Оқибатда бутун дунё жадал ривожланаётган вақтда Хива хонлиги қолоқлигича қолиб кетади. Хонликда оддий суғориш иншоотлари ҳам бузилиб кетган, аҳоли катта машаққатлар билан ҳосил етиштирарди. Етиштирилган ҳосилни эса солиқчилар олиб кетарди. Хонлик узоқ вақт давомида ўз пулига ҳам эга бўлмаган. Бухоро ёки Эрон тангаларидан фойдаланган.

Шундай қилиб, шафқатсиз, тўхтовсиз тахт учун курашлар ўзбек хонлигини қолоқлик ботқоғига ботирди ва унинг тез орада Россия мустамлакаси остида қолишига асосий сабаб бўлди.

Муҳаммадқодир Собиров

Мавзуга оид