Жаҳон | 17:53 / 03.03.2026
35904
5 дақиқада ўқилади

FT: Исроил разведкаси Али Хоминаийни бузиб кирилган камералар орқали кузатган

Йўллардаги камераларни кузатиш орқали шанба кунги йиғилиш ўтказилган ҳукумат бинолари комплексидаги кун тартиби ҳақида билиб олишган.

Фото: Financial Times

Эрон олий раҳбарининг ўлдирилиши Исроил разведкаси жосуслари томонидан Теҳрондаги йўл камералари кўп йиллар давомида кузатилиши натижаси бўлди, деб ёзмоқда Financial Times.

Эронга қарши амалиётга бир неча ой давомида тайёргарлик кўрилган, уни ўтказиш санаси ва нишонлар эса Америка ва Исроил разведкаси маълумотларига асосланган ҳолда белгиланган.

Исроил разведкаси Теҳрон кўчаларидаги видеокузатиш камераларини бузиб кирган ҳамда йиллар мобайнида улардан Эрондаги юқори мартабали мулозимларнинг ҳайдовчилари ва қўриқчиларини кузатишга имкон берган маълумотларни олиб келган. Исроиллик разведкачилар орасидаги манбалар Financial Times нашри журналистларига айтиб беришича, йиғилган маълумотлардан Исроил ва АҚШнинг мамлакат диний раҳнамоси Али Хоминаий ўлдирилишига олиб келган зарбаларини тайёрлашда фойдаланилган.

Газета суҳбатдошларининг сўзларига кўра, «Моссад» ходимлари Теҳронда йўл ҳаракатини кузатувчи камераларнинг деярли барчасини бузиб кирган. Бир неча йил мобайнида улардаги тасвирлар шифрланган ҳолда Исроилдаги серверларга юборилган. Шундай камералардан бири Эрон олий раҳбарияти вакилларининг ҳайдовчилари ва қўриқчилари ўз машиналарини жойлаштирадиган автотураргоҳ ёнида жойлашган.

Бу орқали Исроил махсус хизматлари ёпиқ ва эҳтиёткорлик билан қўриқланадиган комплексдаги кун тартиби ҳақида билиб олишган.

Камералар – ягона маълумот манбайи бўлмаган. Камералар орқали олинган маълумотлар бошқа маълумотлар, масалан, мобил телефон тармоқларидан олинган маълумотлар билан бирга Эрон раҳбарлари тадбирлари жадвалини аниқлашга ёрдам берган.

Исроил махсус хизматлари Эрон хавфсизлик хизматлари ходимлари ҳақида досьелар тузишган ҳамда улар қаерда яшаши, қачон ишга чиқиши ва хизмат жойига қандай қилиб етиб бориши, энг асосийси – улар айнан кимни қўриқлаши ёки ташиши кераклигини билиб олишган.

Сунъий интеллект тўпланган маълумотларни таҳлил қилиб, ҳаёт андозасини (паттерн) яратган – маршрутлар, иш графиклари ва тансоқчиларнинг алоқалари доираси, уларнинг манзиллари ва уларга тақсимлаб берилган вазифаларни.

Теҳрон, 2026 йил 2 март
Morteza Nikoubazl / NurPhoto / Getty Images

Financial Times мақоласида қайд этилишича, Исроил разведкаси амалда эронлик мулозимлар ва уларнинг қўли остидаги ходимларнинг ҳаёт тарзини реал вақт режимида кузатиб борган. Бомбардировкадан анча олдин «биз Теҳронни худди Қуддус каби жуда яхши билардик», деган газетага исроиллик разведкачилардан бири. Исроил махсус хизматларига сўнгги кунларда одатий картина ўзгарганини пайқаш етарли бўлган.

 Эронга қарши амалиёт бир неча ой мобайнида режалаштирилган. Уни бошлаш тўғрисидаги қарор АҚШ ва Исроил разведка хизматлари Хоминаий 28 феврал тонгида Теҳрондаги қароргоҳида юқори мартабали мулозимлар билан учрашув ўтказиши тўғрисидаги тасдиқланган маълумотни қўлга киритганидан кейин қабул қилинган. Исроилликларга бунда кузатув камераларидан олинган маълумотлар ҳам қўл келган. Америкаликларга эса бу маълумотни Эрон ичкарисидаги жосуслар тасдиқлашган.

Хоминаий ва Эрон режимининг бошқа юқори мартабали амалдорларини урушнинг биринчи кунидаёқ ўлдириш тўғрисидаги қарор қабул қилинган, чунки Исроил ва АҚШ ҳужум бошланганидан кейин улар бункерларга яширинишидан хавотирда эди.

Доналд Трамп ўз самолётида Техасга учаётганида бомбардировкани бошлаш тўғрисида буйруқ берган. Шундан кейинги асосий вазифа –оятуллоҳ ерости бункерига олиб ўтилишига йўл қўймаслик бўлган.

АҚШ штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раҳбари Дэн Кейннинг сўзларига кўра, америкалик ҳарбийлар Исроил қирувчи самолётлари учун йўл очиб берган: улар киберҳужумлар амалга ошириш орқали «Эрон тизимларини бузиб кирган, заифлаштирган ва кўр қилиб қўйган». Ўз навбатида, исроиллик мутахассислар амалиётга тайёргарлик кўриш чоғида қароргоҳ атрофидаги 10 дан ортиқ мобил алоқа минорасининг алоҳида қисмларини ишдан чиқаришга муваффақ бўлганди. Ҳужум куни қўнғироқ қилинганда гўёки телефонлар банддек кўрсатилган. Шу сабабли эҳтимолий хавф ҳақидаги огоҳлантиришлар қўриқлаш хизматига етиб бормаган.

Исроил самолётлари Хоминаий қароргоҳига жами 30 га яқин бомба ташлаган.

Кун охирига келиб аввалига Исроилдаги манбалар, кейин Доналд Трамп Али Хоминаий ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди. Кейинги куни эса Эрон бу маълумотни тасдиқлади. Зарба вақтида Хоминаийнинг ёнида бўлган турмуш ўртоғи, қизи, куёви, келини ва набираси ҳам ҳалок бўлган. Бундан ташқари, Эрон қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Абдулраҳим Мусавий, мудофаа вазири Азиз Носирзода, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони Муҳаммад Покпур ва мудофаа кенгаши котиби Али Шамҳоний ҳам ўлдирилган.

Ҳозирча Эронни уч кишидан иборат муваққат кенгаш бошқармоқда: булар президент Масъуд Пизишкиён, бош қози Ғулом-Ҳусайн Муҳсиний-Ажаий ва Фиқҳ кенгаши аъзоси оятуллоҳ Алиризо Аърофий.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид