Жамият | 13:55 / 22.04.2020
53548
8 дақиқада ўқилади

«Газетада ишласангиз, нега видеотасвирга олдингиз?» — Фарғонада журналист ИИБга олиб борилди

21 апрель куни Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида яшовчи журналист, «Маърифат» газетасининг вилоятдаги махсус мухбири Шарифахон Мадраҳимовага Учкўприк туман ҳокимлиги ва туман ИИБ ходимлари томонидан босим ўтказилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Kun.uz мухбири воқеа тафсилотлари ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида журналист билан боғланди.

Маълумки, шаҳар ва туманларда аҳолига арзон нархда озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш мақсадида ярмаркалар ташкил этилади. Журналист 21 апрель куни соат 9ларда туман марказидаги ярмарка ва бозорчадаги ҳолатни ўз телефонида тасвирга  туширмоқчи бўлади. Бунга сабаб, Учкўприк тумани ҳокимлиги ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали коронавирус пандемияси вақтида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ташкил этилган ярмаркада сифатли маҳсулотлар арзон нархларда сотилаётгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Мадраҳимованинг айтишича, савдо шохобчасидаги ҳолат бошқачароқ бўлган.

«Донаси 500 сўмдан деб нарх ёпиштириб қўйилган тухум олмоқчи бўлганимда, сотувчи ҳар бир одамга фақат 5 донадан сотилишини айтди. Килограмми 42 минг сўмдан бўлган гўшт ўта сифатсиз бўлиб, сарғайиб уч-тўрт кун турди, биров олмади. Чиришга келган картошканинг килоси 2500 сўм бўлиб, фойдаланишга ярайдиган эмас эди. Учкўприк деҳқон бозорида эса нарх наво-қиммат.

Мен Учкўприк тумани ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан ярмаркада арзон нархда озиқ-овқат маҳсулотлари сотилаётгани ҳақида фейсбукда хабар қўйилгач, пост остида ўз эътирозимизни билдирган эдим. Мени ва туманда яшовчи блогер Дилшодбек Далиевнинг Учкўприкда айни пайтда нархлар қиммат эканлиги ҳақидаги  фикрларимизга Учкўприк тумани ҳокими Акмал Маҳмудалиев эътироз билдириб, бизни «фақат ёмон томонини кўришда, яхши томонини кўрмаслик»да айблади. Шунинг учун ҳақиқий ҳолатни билиш мақсадида кеча ярмаркадаги ҳолатни тасвирга олмоқчи бўлдим», дейди Шарифа Мадраҳимова.

Журналист ярмаркага бориб, ҳолатни телефонида видео ва фото тасвирга олаётганида ўзини «туман ҳокимлиги вакили», дея таништирган Шоҳжаҳон Мўйдинов келиб телефонини тортиб олади. Туман ҳокимлиги вакили шу атрофда бўлган ИИБ вакилини чақиради ва ИИБ ходими Шарифахон Мадраҳимовага шахсини аниқлаш учун ИИБга бориш кераклигини айтади. Ўша пайтда журналистнинг ёнида гувоҳномаси бўлмаган.

Мадраҳимова туман ИИБга олиб борилади. Унинг ёнида бўлган турмуш ўртоғи у журналист эканини тасдиқловчи ҳужжатни олиб келиш учун уйга қайтади.

«ИИБга борганимиздан сўнг турмуш ўртоғим у ерга Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими томонидан берилган гувоҳнома ва «Маърифат» газетаси мухбири эканим ҳақидаги ҳужжатларни олиб келди. Ҳужжатларни кўргач, ИИБ ходимлари гувоҳномаларда амал қилиш муддати йўқлиги, улар ҳақиқийлигини тасдиқлаш кераклигини айтишди. Мен вилоят журналистлари ижодий уюшмасига аъзолик гувоҳномаси бошқарувчи Муҳаммаджон Обидов томонидан берилгани, телефон қилиб аниқлик киритиш мумкинлигини айтдим. Ходимлар Муҳаммаджон Обидовга қўнғироқ қилишди. У киши эса «Гувоҳномани қачонлардир берганмиз. Бу ҳужжат ҳақиқий эмас. Қонуний чора, жазо кўраверинглар», деди. Хона кичик бўлгани учун унинг овози бизга ҳам аниқ эшитилиб турарди. ИИБ ходими «Мана Муҳаммаджон Обидов ҳужжат ҳақиқий эмаслигини тасдиқлади», деди.

Ходим «Маърифат» газетаси гувоҳномасини кўриб эса, «Газетада ишласангиз, нега видеотасвирга олдингиз? Ҳаққингиз йўқ», дея яна сўроққа тутди. Унга журналист бўлмаган тақдиримда ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эгалигим ҳақида эътироз билдирдим.

Шундан улар туман ҳокимига алоқага чиқишларини айтишди. Сўнг менга «Сиз ярмаркани съёмка қилаётганингиздан ҳокимнинг хабари йўқ экан-ку?», дейишди. Мен ахир қайси мақолани ёзиш ёки ниманидир тасвирга олиш учун ҳокимга ҳисоб бермайман-ку? Туман ҳокимлиги ва ИИБ ходимлари мени ушлаб туришидан мақсад вақтдан фойдаланиб ярмаркадаги ҳақиқий ҳолатни ёритмаслигим учун ярмаркани тарқатиб юбориш, деб тушундим.

Ҳокимга ўзим қўнғироқ қилиб, ярмаркадаги нархлар бўйича гапларга эътироз қилган эдингиз, ҳақиқий ҳолатни ёзмоқчи бўлганим, лекин қаршилик қилишаётганини айтдим. Ҳоким эса ҳозир селектордалигини, кейинроқ гаплашиши мумкинлигини айтди. Ярим соат ўтса ҳам қўнғироқ қилмади. ИИБ ходимига ишим кўплиги, кетмасам бўлмаслигини айтдим. Улар эса ҳоким телефон қилишини кутишди. Ҳокимнинг устидан шикоят ёзиш учун оқ қоғоз сўраганимдан сўнг, мени бўлимдан чиқариб юборишди», дейди журналист.

Журналистнинг айтишича, у икки ярим соат давомида ИИБда ўтирганида ҳокимият вакиллари вақтдан фойдаланиб ярмаркани тарқатиб юборишган.

Ярмаркада тасвирга туширишга туман ҳокимлиги вакили томонидан қаршиликка учраб, икки ярим соат ички ишлар бўлимида ушлаб турилган журналист ҳали ҳуқуқ-тартибот идораларига расмий мурожаат қилмаган. Бўлиб ўтган ҳодиса ҳақида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хабардор бўлган ва агентлик Бош прокуратура билан бирга масалани холис ва қонуний ўрганиш устида ишламоқда.

Шарифахон Мадраҳимованинг уйига туман ИИБ вакили келиб Учкўприк тумани ҳокимлиги вакили Шоҳжахон Мўйдинов уни туҳмат қилишда айблаб ариза бергани ҳақида маълум қилган.

Учкўприк тумани ҳокимлиги брифинг ташкил қилади

Учкўприк тумани ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев билан боғланганимизда, у вазият бўйича изоҳ ҳокимлик томонидан ташкил этиладиган брифингда берилишини айтди.

«Туман ҳокимлигида Шарифа Мадраҳимова билан бўлган воқеа бўйича брифинг ташкил этилади ва барчасига ўша брифингда батафсил ойдинлик киритилади», деди ҳоким.

У вазиятни ойдинлаштириш учун брифингга тегишли ИИБ ходимлари ҳам чақиртирилишини билдирди.

Муҳаммаджон Обидов ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини масала чуқур ўрганиб чиқилмагунча сабрли бўлишга чақирди.

«Шарифа Мадраҳимованинг интервьюсини кўрдим. Унга қўйилаётган постларни ҳам ўқиб боряпман. Ҳурматли блогер ва фейсбукдан фойдаланувчиларга «дебди-дебди» каби «тахмин, фараз журналистикаси»дан масала ўрганиб чиқилгунча тийилиб туришни тавсия қилардим. Масалан, Шарифахон «Обидов ундоқ дебди, бундоқ дебди» дея баёнот беришдан аввал қўнғироқ қилиб (телефон рақамимни билар экан, буни ўзи таъкидлабди) бир оғиз ойдинлик киритиб олса бўларди-ку? Афтидан, карантин туфайли кўпчилик шов-шувларни соғиниб қолган ёки сўраб-суриштирмасдан бир ёқлама хулоса чиқариш одатга айланиб қолаётгандек кўринади. Бироз сабр қилайлик-чи, аслида бор гап юзага чиқар.

Ҳозирча шуни айтмоқчиманки, Шарифа Мадраҳимованинг «Муҳаммаджон Обидов бу ҳужжат ҳақиқий эмас экан дебди», деган гаплари ғирт ёлғон ва туҳматдан иборат», дея ёзган Фарғона журналистлар ижодий уюшмаси раҳбари Муҳаммаджон Обидов фейсбукдаги саҳифасида.

Ҳолатни прокуратура ўрганмоқда 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Ҳаётбек Шамсутдиновнинг Kun.uz’га маълум қилишича Учкўприк туманида журналист Шарифа Мадраҳимова билан юз берган ҳолат Фарғона вилоят прокуратураси томонидан ўрганилмоқда. Ўрганиш ишлари Бош прокуратура томонидан назоратга олинган ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Ҳозирча, Ички ишлар вазирлиги ёки унинг ҳудудий органлари томонидан ҳолатга нисбатан муносабат билдирилмаган.

Туман ҳокимлигининг брифинги ва вилоят прокуратурасининг ўрганишлари якунига кўра ҳолат бўйича янада холис маълумотлар тақдим этилишига умид қилиб қоламиз.    

Элмурод Эрматов
мухбир

Мавзуга оид