Ўзбекистон | 19:21 / 08.04.2021
15581
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Тадбиркорликка ер ва бинолар ажратишни кўпайтириш зарур

Президент Шавкат Мирзиёев ер участкалари бошланғич нархини 50 фоизгача чегирма билан сотувга қўйиш ваколатини маҳаллий кенгашларга беришни таклиф қилди.

Президент тадбиркорлар билан ишлаш юзасидан йиғилишни кескин танқидий руҳда бошлади.

Бахмал тумани ҳокими Анорбоев, Қўшработ тумани ҳокими Оқбўтаев, Хонқа тумани ҳокими Давлатов, Қўштепа тумани ҳокими Новиков ва Пахтаобод тумани ҳокими Бозоров ҳам вазиятни ўнгламаса ишдан олиниши ҳақида огоҳлантирилган.

«Раҳбарликка жуда кўп ёшлар ўсиб келяпти, ишламайдиган раҳбарлар уларга тўсиқ бўляпти. Солиев, Турдимов, Эрманов, Бозоров, Абдураҳмонов ушбу туманларда икки ҳафта муддатда тадбиркорлик лойиҳалари дастурини ишлаб чиқиб, алоҳида назоратга олсин», деган президент.

«Маҳаллабай» ишлаш доирасида, банклар томонидан тадбиркорлик ривожланмаган 858та «қизил» маҳалланинг «ўсиш нуқталари» аниқланиб, улар бўйича «йўл харита»лари тасдиқланди.

Мисол учун, Пскент туманида йил якунига қадар 21та лойиҳа амалга оширилади, 5 мингта янги иш ўрни яратилади, бюджетга қўшимча 1,5 миллиард, «3та дафтар» жамғармаларига 400 миллион сўм тушум таъминланади.

Давлат раҳбари тадбиркорликка ер ва бинолар ажратишни кўпайтириш зарурлигини таъкидлаб ўтган.

«Бир ой муддатда ер участкаларига инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаш тартиби кўриб чиқилсин.

Кудбиев, Қосимов, Кадастр агентлиги (Фазлиддин Умаров) бир ой муддатда, олис ва чекка ҳудудларда жойлашган ер участкаларининг бошланғич нархини 50 фоизгача чегирма билан сотувга қўйиш ваколатини маҳаллий кенгашларга бериш тартибини ҳукуматга киритсин. Марказ ва чекка ҳудудда нархлар бир хиллиги адолатсизлик.

Шу билан бирга, «темир», «аёллар» ва «ёшлар» дафтарларига кирган аҳоли бандлигини таъминлаш учун, ўзи яшайдиган маҳаллада шароит яратиб бериш лозим.

Мисол учун, Чортоқнинг «Боғистон» маҳалласидан туман марказига бориб ишлашга мажбур бўлган (32 километр) 40 нафар тикувчи аёллар муаммоси давлат-хусусий шериклик асосида ҳал қилинган.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бир ой муддатда 1,5 мингта маҳаллага хусусий шериклик асосида бино қуриб бериш бўйича ташаббускорларни аниқлаб, лойиҳаларни бошласин.

Қўчқоров, Кудбиев, Икромов, Бош прокуратура (Дилшод Раҳимов) бир ой муддатда енгил конструкцияли кўчма савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш, уларни аукцион орқали жойлаштириш тартибини ишлаб чиқсин.

Мураккаблаштирманглар, енгил битадиган шохобчалар ташкил қилинглар. Мураккаблашса, рухсатнома бериш кўпаяди. Рухсатнома бериш бу коррупция дегани», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бу борада сўзга чиққан Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов вилоятда 1088та контейнерга талаб борлигини айтди.

«Олот туманига ташрифингиз давомида контейнерлар бўйича топшириқлар бергандингиз. Ўрганишларимиз натижасида 1088 та шундай контейнерларга талаб борлиги маълум бўлди. Янада арзонлаштириш йўлларини кўриб, 35 млн сўмлик контейнерни 25 млн сўмдан ясатяпмиз. 400та контейнер ҳозир тайёр бўлди.

Қозоғистон билан чорвачилик, Россия билан мева-сабзавот бўйича ҳамкорлик қиляпмиз», деди у.

Мавзуга оид