Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Свет нархи «чўнтакларга зарба» бера бошлади: нима қилмоқ керак?
Июл ойининг дастлабки куни ижтимоий тармоқларда электр энергияси тўлови билан боғлиқ норозиликлар урчиди. Одамлар 1 июл санаси кирганига 10 дақиқа бўлганда ҳисобига турли миқдорда пул ёзилганидан, бунча дақиқа ичида бунақа миқдорда электр энергияси ишлатиш имконсиз эканини билдириб, эътироз билдира бошлашди.
Шундай бўлиши аниқ эди. Чунки, электр энергиясига май ойидан бошлаб лимит жорий қилинган, олдиндан тўлов 2 ойга амал қилиши белгиланган, шу сабабли одамларнинг кўпчилиги май ойини эски нархда, лимитларсиз ўтказиб олганди. Июндан бошлаб эса «чўнтакларга зарба» бошланди.
Ҳозир кўпчилик лимитни умуман бекор қилишни талаб қилмоқда. Олдинга ўтиб фикр билдирсам, ижтимоий меъёрни бекор қилмаслик керак, лекин пича ошириш керак, деб ўйлайман. Қуйидаа шу ва бошқа хусусиятлар ҳақида.
Хўш, нега 1 июлда ҳали ишлатилмаган киловатт-соатлар қўшилиб қолмоқда?
Буни осонгина тушунтириш мумкин. Бу қандайдир тахминан пайдо бўлган ёки электр таъминоти корхонасидагилар ишлатилмаган ток учун одамларнинг бўйнига осмондан олиб ёзиб қўяётган сонлар эмас. Ҳаммаси фактик ҳисоб-китоб асосида. Фақат бу аввалги ойнинг сўнгги куни — 30 июн санасида истеъмол қилинган электр энергияси миқдори.
Компютер суткани тўлиқ якунламасдан уни ҳисоблаб ололмайди. Сутка якунланиб, соат 00:00 бўлганда эса сана 1 июлга ўзгаради ва шу кунга ёзиб қўйилади.
Албатта, ҳар ойнинг дастлабки саналарида «Ҳудудий электр тармоқлари» маълумотларни қайта ишлаш марказида профилактика ишларини олиб боради ва ҳисобланган электр энергияси сарфи корректировка қилинади.
Хўп, буниси тушунарли. Нархлар 1 июлдан барча учун баробар қимматлашди. Лимитлар тўлиқ жорий этилди. Энди одамларни «чақа» бошлади. Улар тез-тез тўлов қилишга мажбур бўлишмоқда. Электр энергияси назорати эса автоматлашган: олдиндан тўлов бўлмаса — ток узиб қўйилади.
Бу ҳолда электр энергияси, нафақат электр, газ, сув ва ҳоказолар ҳисобини кузатишнинг соддароқ ва осонроқ йўлини аҳолига тақдим этиш керак энди тезроқ.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 сентябрдаги «Коммунал хизматларнинг ягона биллинг тизимини ташкил этиш тўғрисида»ги 726-сонли қарори билан бир қатор вазирлик ва идораларга 2018 йил 1 августгача ягона биллинг тизимини ишлаб чиқиш, 2019 йилнинг 1 январигача электр ва газ таъминоти корхоналарининг ахборот тизимлари ва базаларини улаш, 2021 йил 1 январгача ичимлик сув таъминоти, канализация ва иссиқлик таъминоти базасини улаш топшириғи берилган эди. Қоғозда қолиб кетди.
Аслида, бундай тизимни яратишнинг мутлақо қийин жойи йўқ. Ўғирлаб, ёвуз ниятларда ишлатиш мумкин бўлган маълумотлар ҳам эмас.
Ҳозир электр энергиясида ҳам, газ таъминотида ҳам, ҳаттоки сувда ҳам таъминотчи корхоналарнинг расмий сайтига компютерда кириб, шахсий кабинетда аниқ маълумотларни олишим, сарф-харажатларни кузатишим мумкин. Мобил қурилмалар орқали кириш ва варақлаш ноқулай. Қолаверса, вақт кетади.
Замонавий гаджетдан фойдаланмайдиган инсонларнинг кўпчилиги бу нарсаларни тушунмайди. Свети ё гази ўчиб узилиб қолса, «ҳа-а, пули тугабди-да», деб тўлаб юраверади. Ойига, суткасига қанча сарфлаётганидан бехабар.
Ҳозир ҳамманинг қўлида смартфон. Қани энди шундай бир универсал мобил илова яратилса, ҳисоблагичнинг ёки абонент рақами киритилса бас — сув, свет ва газ бўйича олдиндан тўловлар, қарздорлик ва архив маълумотлари яққол кўриниб турса. Ўша илова орқали тўлов қилиш имконияти яратилса.
Бу, биринчидан, кунига қанча сарф бўлаётганини кузатиб туриш, керак бўлса энергия ресурслари ва ичимлик сувни иқтисод қилишга одамларда рағбат уйғотади.
Иккинчидан, турли тушунмовчиликларнинг ҳам олдини олади. Ҳозир аксарият одамлар тушунмаганидан эътироз билдиришмоқда.
Энди лимит масаласида бир-икки оғиз шахсий фикрим.
Ўзи 2022 йил 31 майда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида»ги қарори лойиҳасида ижтимоий меъёр (яъни, лимит) электр энергияси учун ойига 250 kWh эди. Оширилган тўлов учун бошқа чегара йўқ эди. Табиий газ учун эса иситиш мавсумида ойига 700 метр куб, бошқа мавсумларда 200 метр куб метр лимит белгиланган эди.
Бу қарор қабул қилинмади ва алал-оқибатда свет учун норма 200 kWh’га, газ учун 100/500 метр кубга туширилди.
Газни майли гапирмайлик, чунки у ҳамма жойда ҳам йўқ. Лекин 200 kWh лимит ўта ночор қатлам уёқда турсин, ўртаҳоллар учун ҳам оғирлик қилмоқда. Оилалар ёзнинг иссиқ кунларида кондиционердан фойдаланишади, чунки ҳар бир хонадонда ё ёш болалар ё қариялар бор. Фикримча, ижтимоий бироз оширилиши керак.
Ҳозир ёз. Қишда табиий газ таъминоти йўқ жойларда кўпчилик электр иситгичлар ёки ёз режимига ўтказилган кондиционерлар билан уй иситишади. Ана шундай ҳудудларга ижтимоий меъёрни янада баландроқ белгилаш керак бўлади.
Ўзи умуман, свет нархи кескин оширилганидан сўнг унинг таъминотида узилиш бўлмаслиги керак. Ҳа, буни бир деганда амалга ошириб бўлмаслигини ҳам тушунаман. Лекин шундай кунларга етиб келамиз, деб умид қиламан. Муҳими, йиғилаётган маблағлар тўғри йўлда сарфланса, электр энергияси ва газ таъминоти узлуксиз ва кенг қамровли бўлса бас.
Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Мавзуга оид
22:59 / 20.12.2025
Қиш энерготизимни синамоқда. Бугун қаерларда свет ўчди?
20:41 / 15.12.2025
Тожикистон Ўзбекистондан электр энергия олишни бошлади
14:45 / 05.12.2025
Самарқанд электр тармоқлари Туркия компаниясига операцион бошқарувга берилади
21:10 / 29.11.2025