Ўзбекистон | 11:26 / 22.04.2024
14857
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта давомида ҳарорат фони ўзгармайди, айрим жойларда ёмғир ёғади 

Ўзбекистон бўйича 22-26 апрел кунларига об-ҳаво прогнози берилди.

Фото: Kun.uz

Бугун кундузи Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат Тошкент, Самарқанд, Жиззах вилоятларида ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин.

“Ўзгидромет” хабарига кўра, эртага, 23 апрелда куннинг иккинчи ярмида фақат Тошкент вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларида момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

24 апрелда Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди. 25-26 апрел кунлари республиканинг марказий ва шарқий ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади. Ушбу кунларда ҳарорат фони деярли ўзгармайди. Ҳарорат асосан кечалари +13...+18 даража, кундуз кунлари +24...+29 даража бўлади.

22-26 апрелда тоғолди ва тоғли ҳудудларда вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади. 24-25 апрелда шимолда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилади. 22 апрелда ҳарорат кўтарилиши ҳисобига баланд тоғларда қор кўчиши хавфи сақланиб туради. 22-23 апрелда тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Пойтахтда ҳаво ўзгариб туради, 22-23 апрел ва 25 апрелда вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. 24 апрелда ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 5-10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат асосан кечалари +14...+17 даража, кундуз кунлари +23...+28 даража бўлади.

Мавзуга оид