Молия | 18:32 / 07.01.2026
3149
7 дақиқада ўқилади

Бизнес-консултант: у ким ва нима вазифани бажаради?

Бизнесда консалтинг ва тренинг хизматлари ҳақида кўплаб чалкаш тушунчалар бор. Бу икки хизмат нимаси билан фарқ қилади? Қайси ҳолатда қай бири самаралироқ? Профессионал хизмат нимаси билан ажралиб туради? Шу каби саволлар билан сервис ва савдо бўйича мутахассис Алишер Рустамовга мурожаат қилдик.

Консалтинг, коучинг, тренингнинг бир-биридан фарқли томонлари нимада?

— Коучинг – бу бирор бир инсонни тор йўналишда мутахассис қилиш. Масалан, футбол ўйинчисида ҳам ўзининг бир тренери бўлади, тўғрими? У коуч дейилади. У билан юзма-юз ишлаб, ҳар бирининг потенциалини ўлчаб, уларнинг заифлик тарафини бартараф этишга, яъни минималлаштиришга қаратилган бир хизмат тури деса бўлади.

Тренинг деганда, бу 20 та ёки ундан зиёдроқ одам, маълум бир кўникмага эга бўлиб чиқадиган йиғилиш. Тингловчилар 20 тадан кўпроқ бўлса, бу – семинар.

Консалтинг соҳаси – бу бирор бир бизнеснинг ичига кириб, бевосита бизнес эгаси ёки бирор бир бўлими билан яқиндан ишлаш.

Тренингларда гапириладиган универсал маслаҳатлар барча учун тўғри келадими?

— Инфобизнес бўлишининг сабаби умумий илмсизликка бориб тақалади. Китоблар кўп, интернет очиқ, YouTube бор. Қачон маслаҳатлар тўғри келади, қачонки тренер ҳақиқатдан ҳам шу тор йўналишнинг эгаси бўлса. Умумий бизнес тренинг бўлса, бунинг самараси пастроқ бўлади. Масалан, бетон сотадиганлар бор, брусчатка сотадиганлар... Айрим тадбиркорлар маҳсулотини давлатга сотади, айримлари биржа орқали сотади. Бундай одам чакана сотув тренингига кириб қолса, ўтмайди-да бу нарсалар.

Тренинг – оддий тушунча: хона, одамлар ўтирибди қатор бўлиб, эшитиб ўтиришибди, семинар дарс каби. Бу теория учун, яъни назария учун керак. Бундан тепа босқичи консалтинг бўлади. Мана шу нарсаларни билдим, тушунчага эга бўлдим, ана энди ўзим шуни қила олмаяпман, кучим етмаяпти, дейдиган бўлса, консалтинг хизмати ёрдамга келади. Масалан, бориб маҳсулотингизни тарғиб қилиш, уни сотишда ёрдам бериш, мижозлар билан алоқа боғлаш.

Кўплар CRM тизими қилиб қўйган. Бирининг CRM тизимида 5000 та мижози бор экан, ҳеч қайсиси билан алоқага чиқишмаган. Шунчаки ёзиб олишар экан. Қайта алоқага чиқиш йўқ. Биз қайта алоқага чиқувдик, 470 таси қайтиб келди ва харид бўлди. Яъни ҳеч қанақа рекламасиз. Энди консалтинг хизмати деганда, мана шу сиз билан елкама-елка бизнесингиз ичида, амалиётда ишлайдиган мутахассис, компания ёки мутахассис назарда тутилади.

Сиз ўша хизматни кўрсатиш, яъни маслаҳат бериш чоғида ўзингизнинг тажрибангиздан келиб чиқасиз. Билмайдиган ҳолатларингизга дуч келганингизда уларга қандай ечим берасиз?

— Консултант ҳам консултантни жалб қилиши мумкин. Ҳамма нарсани ўзим биламан деб очкўзлик қилиш керак эмас. Агарда одам бирор бир соҳада тажрибаси бўлмаса, қўшимча консултант чақириши керак ёки каттароқ ўша соҳанинг устаси билан маслаҳатлашиб иш тутиши керак ва этика нуқтайи назаридан ким ўша маслаҳат берганини ўз буюртмачисига айтиши керак.

Адашмасам, консултантларда берган маслаҳати учун жавобгарлик бўлмайди. У фақат маслаҳат берувчи бўлса, улар қандай қилиб тадбиркорлар ишончини қозонади?

— Консултант – қуруқ сўз берадиган одам эмас-да. Сиз менга айтяпсиз: “Алишер ака, мижозларим бир марта олиб, қайтиб келмаяпти”. Мен сизга ечимини топишим керак. Гапда эмас, амалда. “Ака, мана бунақа қилинг”, деб қутулмайман мен. Мен бориб бизнесингизни таҳлил қилишим керак, у ёқда занжир қаерда узилиб қолганини аниқлашим керак.

Келишув қилинади: нима қилмоқчимиз? Мана шуни бартараф этамиз дейилади. Бартараф этилганига пул олинади. Кейин бартараф этиб, энди буни ўстирмоқчимиз дейилади. Бўлди, ўстирамиз. Қанчага? Буни ҳам келишув қилинади. Яъни бу фақат сизга мослашган хизмат, сиз қила олмаган ишни у қилиб беради.

Келишувда доим “агар” деган нарса бор. Ҳамма нарсада ўзи шунақа. Масалан, шифокорга ҳам бориб: “Саратон бўлиб қолдим, соғаяманми” десангиз, унинг жавоби шундай бўлади: “Албатта, агар мана бунақа-мана бунақа босқичда бўлсангиз, албатта, агар мана буларни қилсангиз...”

OLX'да “консултация” сўзини қидирганимизда 100 га яқин эълон келиб чиқди. Буларнинг ичида баҳолаш иши билан боғлиқ маслаҳат хизматларидан тортиб, кредит олишга ёрдам берувчи консултант хизматлари кўрсатилган. Аслида банк ва мижоз ўртасида ҳеч қандай воситачи хизмати талаб этилмайди. Қизиқ, консалтинг хизматларини қандай гуруҳларга бўлиб, тушунтириш бера оласиз?

— Қизиқ савол! Ўзбекистонда кўплар консалтинг хизматини университетга жойлаш хизмати деб тушунишади. Консалтинг хизматлари турлича бўлади: молиявий консалтинг, HR бўйича консалтинг (ходимларни бошқариш), CRM бўйича бор (мижозлар билан ишлаш тизимини электронлаштириш).

Масалан, катта заводингиз бор, уни нимадир қилиб автоматизация қилиши керак. Уни ҳам ўзининг консалтинглари бор.

Консалтинг хизматлари қандай босқичлардан иборат ва иш ҳақи нимадан келиб чиқиб белгиланади?

— Нечта босқичдан иборатлиги – ҳаммада ҳар хил. Масалан, биринчи навбатда консалтинг компанияда умумий савияни кўтаради. У семинарга ўхшаган нарса. Фақат бизда бу маҳорат дарси деб аталади. Мана шу шаклда биз компаниянинг ходимлари билан биринчи назарий нуқтайи назардан савиясини оширамиз.

Иккинчиси, ўша нарсанинг амалиёти. Бунда ходим ҳақиқий, жонли одамлар билан ишлаётганда қандай қилиб буни қўллашини кузатамиз ва қилаётган хатоларини жойида тўғрилаб кетамиз. Биринчи навбатда ўзимиз кўрсатиб берамиз. Назария.

Учинчиси, назорат. Назорат дегани – ишимиз битди, амалиётда кўрсатдик, бўляпти, ишлаяпти бу нарсалар. Ана энди назорат учун тест оламиз, ёзма тестлар ҳам бўлади, интервюлар қилинади – шулар орқали ҳар битта ходим янги тизимга қанчалик мослашганига баҳо берамиз. Кимдир тушунмаган бўлса, секин: “Хизматингиз учун раҳмат, бўлмасам сиз бир дам олиб келинг, кейин сиз билан ишлаймиз”, деб чиройли қилиб чиқариб юбориб, ишни тўхтатаётган, қаршилик кўрсатаётган одамларни бир тозалаб ҳам кетамиз.

Бахтинур Муҳамедов
Муаллиф Бахтинур Муҳамедов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид