Жамият | 19:30 / 24.07.2019
151061
8 дақиқада ўқилади

«Яккабоғ воқеаси»: Қонунларни оёқости қилган масъуллар ҳам жазоланадими?

Яккабоғда содир бўлган воқеа, тадбиркорнинг ҳоким ўринбосари ўтирган экскаваторга бензин сепиб, ёқиб юбориши жуда кўплаб саволларни юзага келтирмоқда. Улардан биринчиси — бу кўнгилсизлик ҳудудда тасодифан юз бердими ёки воқеалар ривожланиб пишиб етилганмиди?

Аслини олганда, тадбиркорлар тумандаги «Эски Яккабоғ» маҳалласидаги бир қатор бино ва иншоотлар бузилиши борасида бутунлай бехабар бўлган, дея олмаймиз ҳам. Аммо улар ўз бинолари бузилмаслигига қаттиқ ишонишига асос бор эди. Сабаб — бузилиш бўйича уларнинг қўлига огоҳлантирувчи бирор ҳужжат берилмаганди.

Ана шундай ҳолат бўлгани ҳолда ҳудудда ўттизга яқин тадбиркорнинг бинолари бузиб ташланди. Бузилганда ҳам, эвазига ҳеч қандай компенсация тўланмасдан! Бор-будини шу дўконларга тиккан, рўзғори ва бола-чақасининг куни ўтиши шу дўконларга қараб турган тадбиркорларда, табиийки, кескин норозилик пайдо бўлган. Улардан бири — тадбиркор Баҳриддин Исомов эди.

Бу тадбиркорга биноси бузилиши бўйича келган расмий ҳужжатнинг имзоланган санасига олдинги мақолада тўхталиб ўтдик — 2019 йил 20 июль. Тадбиркорнинг яқинлари ҳокимлик вакиллари огоҳлантириш хатини воқеадан бир кун ўтиб келтиришганини тасдиқлашмоқда. Шу сабабдан, экскаватор келган куни бинонинг юқори қаватида ишчилар бўлган, ертўлада эса қарийб 100 миллион сўмлик маҳсулотлар турган.

Бир ҳолатга алоҳида тўхталишни истардик: Б.Исомовнинг бузилишга тушган биноси жами 84 квадрат метрдан иборат. Ана шу ихчам икки қаватли бинода у 6 кишини иш ва доимий даромад билан таъминлаган. Камчилиги эса у кадастр ҳужжатларига эга бўлмаган.

Тадбиркорнинг ўғли Ш.Даминовнинг айтишича, ўз вақтида кадастр ҳужжатлари бино қуриб битказилгач тайёрлаб берилиши ваъда қилинган. Бино қуриб битказилгач, эса мана бу воқеалар бошланиб кетган.

Умуман, гап тадбиркорнинг қўлидаги ҳужжат камчилигида ҳам эмас, чунки барча ҳужжатларга эга бўлгани ҳолда дўконлари бузилган бошқа тадбиркорлар ҳам компенсация олишмаган.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбарининг айтишича, «Эски Яккабоғ» маҳалласи «Обод қишлоқ» дастури асосида ободонлаштирилиб, юқоридаги кўчадан 10 километр ичимлик сув тармоғининг бир қисми ўтади. Шунингдек, автотураргоҳ ҳам қурилади.

Шуни эслатиб ўтишимиз лозимки, модомики «Обод қишлоқ» дастури асосида юқоридаги янги иншоотлар қурилар экан, демак, Вазирлар Маҳкамасининг қарори бўйича тадбиркорларнинг ери давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинмоқда ва бунинг учун компенсация тўланиши шарт.

Туман ҳокими ўринбосари Мансур Туймаев ҳам телефон орқали мулоқот чоғида тадбиркорларга компенсация берилмаганини, аммо берилиш кўзда тутилганини тасдиқлади.

Лекин, у бу гапларни ўзига ўт қўйилиши воқеасидан кейин айтаётгани инобатга олинса, унга ишониш қийин. Қолаверса, президент ва ҳукумат қарорларига кўра, бузилаётган биноларнинг бозор қийматидаги нархи тўлиқ қоплангачгина бузиш ишлари бошланиши шарт.

Туймаев аслида Баҳриддин Исомовга тегишли бинони бузиш нияти бўлмагани, икки қаватли бинога ёндош эски бинони бузаётганида юқоридаги воқеа содир бўлгани ҳақида гапирган.

Бироқ, ўша куни дўконнинг 2-қаватида бўлган гувоҳлардан бири воқеани бошқачароқ сўзлаб берди: «Экскаватор билан бинони бузиш учун уришган вақтида дўконнинг иккинчи қаватида икки нафар ёш фарзандим билан турган эдим. Тўсатдан қаттиқ урилган овоз янграб, бино қаттиқ силкиниб, зириллаб кетди. Ҳамма қаттиқ қўрқувга тушди, айниқса, болаларим. Ўзим ҳам ҳомиладорман, қўрқиб кетдим».

Воқеа жойига бориб, икки қаватли бино деворида экскаватор ковши билан урилган зарба изи ва бино устуни қийшайиб кетганига гувоҳ бўлдик. Бундан Мансур Туймаев яна ёлғон гапиришга уринган, деган хулосага келиш мумкин.

Бундан ташқари, бинода ва унинг зинасида тадбиркорнинг ўзи ва яқинлари ҳам бўлган. Бинонинг зириллаб кетиши ҳаммани ваҳимага солган.

Олдинги мақолада 20 июль куни тадбиркор Баҳриддин Исомовдан ташқари, унинг икки ўғли Ш.Даминов ва М.Даминов ҳам ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилиб, бири 50, иккинчиси 11 соат ушлаб турилгани ҳақида маълумот берилган эди.

23 июль куни «Эски Яккабоғ» маҳалласида бўлганимизда М.Даминов яна ИИБ томонидан олиб кетилгани маълум бўлди. Шунингдек, тадбиркорнинг қайноғаси С.Ҳайдаров ҳам ИИБ томонидан олиб кетилган. Уларнинг шу ҳудуддаги 19-сон ички ишлар бўлинмасида сақланаётганини билиб, ўша ерга бордик. Аммо учрашишнинг иложи топилмади. Кейинроқ маълум бўлишича, улар бугун, 24 июль куни яна қўйиб юборилган.

Шу ерда биз икки хил ҳолатга гувоҳ бўлдик: туман ИИБ бошлиғи Шерзод Шокиров берган маълумотда «2 нафар фуқаро дўконни бузиш ишларини олиб бораётган ишчиларни ҳақорат қилиб, уларга сўкингани учун ИИБга олиб кетилди» деса, олиб кетилганларнинг яқинлари «М.Даминов фақатгина телефонини қўлига олган эди», дея гувоҳлик беришмоқда.

Нима бўлган тақдирда ҳам, факт шуки, ҳоким ўринбосарини ёқмоқчи бўлган тадбиркорнинг яқинлари бир неча кун ичида қайта-қайта ИИБга олиб кетилиб, 10 соатдан 50 соатгача ҳибсда сақланмоқда.

Воқеа жойида бўлганимизда яна бир неча киши, қишлоқ оқсоқоллари бўлаётган воқеалардан кескин норози эканликларини билдиришди. Янаям ачинарлиси, тадбиркорлардан ташқари, маҳаллада 20га яқин оилаларнинг хонадонлари ҳам ҳеч қандай компенсациясиз бузиб ташланган экан. Кўплаб оилалар хароба аҳволда яшаб келаётгани ҳам аён бўлди.

Афтидан, шу каби воқеалар айрим фуқароларнинг сабр косасини секин-аста тўлдириб келган. Одатда, бундай ҳолатлар такрорланаверса охир-оқибат бирор кўнгилсизлик юзага келиши, кимнингдир ҳаёти издан чиқиши муқаррар эди ва шундай бўлди ҳам.

Ҳолатни таҳлил қилар экансиз, яна бир қатор ҳақли саволлар пайдо бўлаверади:

  • Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 97-сонли қарори талаблари туман ҳокимлиги томонидан нега бажарилмади?
  • Нега ҳокимлик бузиш ҳақидаги ёзма огоҳлантиришни бермай, компенсация масалаларини ҳал қилмай мулкни бузмоқчи бўлди?
  • Мулкдор қаршилик кўрсатган бўлса, ҳокимлик гарчи қонунларда бу тартиб белгиланган бўлса-да, нега судга мурожаат қилмади?
  • Нега бузиш вақтида туман ҳокими ўринбосари экскаватор рулига ўтириб, шахсан ўзи бинони бузмоқчи бўлди, гарчи унинг мазкур транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари бўлмаса-да? Бунга нега Қашқадарё вилоят ИИБ муносабат билдирмаяпти?
  • Энди ҳолат қандай баҳоланади: тадбиркор экскаватор ҳайдовчисига қасд қилдими ёки ҳокимият вакилигами?
  • Нега тадбиркор қўлга олинган вақтида яқинлари ҳам ИИБда ушлаб турилди? Нега улар ҳеч қандай санкциясиз қўлга олинди?
  • Қонунларда шахсий мулк дахлсиздир дейилган. Бунга ҳаттоки энг қолоқ давлатлар ҳам амал қилади. Нега Яккабоғда бу қонун оёқости қилинмоқда?

Биз тадбиркорнинг қилган ишини оқламаймиз, аммо, юқоридаги саволларга жавоб изларкансиз, «Яккабоғ воқеаси» келиб чиқишида туман раҳбариятининг ҳам қонун-қоидаларга беписандлиги сабаб бўлгани ойдинлашаверади. Бинобарин, улар ҳам шундай вазият пайдо бўлишига йўл қўйгани учун қонун олдида жавоб беришлари шарт. Бошбошдоқликка йўл қўйган яккабоғлик масъуллар ва ички ишлар органлари ходимлари тегишли тарзда жазоланмас экан, бошқаларда ҳам «демак, шундай қилиш мумкин экан», деган фикр пайдо бўлиши табиий ва бу ёмон иллат палак отиши турган гап.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,

Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид