15:08 / 29.04.2021
8182

«Тоқатли бўла олмаган жамиятда фикр ривожланмайди» — ҳуқуқ фаоли демократик ислоҳотлар ривожига тўсиқлар ҳақида

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Kun.uz'га берган интервьюсида ўзбек жамиятидаги тоқатсизлик, бунинг демократик ислоҳотлар ривожига таъсири ҳақида тўхталди.

– «Эзгулик» жамиятига жазони ижро этиш ва тергов органларида инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши, мажбурий меҳнат билан боғлиқ мавзулардан ташқари яна қандай мурожаатлар бўлмоқда? Ўзбекистонликлар қайси турдаги ҳуқуқсизлик, муаммолар ҳақида кўпроқ шикоят қилишяпти?

– Жамиятимизга сўнгги пайтларда маълум даражада сиёсий ҳуқуқларга оид, яъни янги партияларнинг рўйхатга олиниши бўйича сунъий тўсиқлар қўйилгани бўйича мурожаатлар бўляпти. Мен ўзим бу соҳани суриштирганман ва парламентга таклифлар билан чиқдик. Масалан, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонунимиз халқаро стандартлар даражасида такомиллашмаган.

2017–2021-йилларга мўлжалланган стратегия бўйича дастуримизнинг 1-бандида мамлакатда сиёсий тизимни ривожлантириш, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш масаласи бор эди. Лекин шундан бери ҳали расман бирорта янги партия юзага келгани йўқ ва бу борада ўзига хос тўсиқлар ҳам бор.

Масалан, маълумот учун айтишим мумкин, Россия қонунчилигида сиёсий партияни рўйхатга олиш учун 500та имзо кифоя қилади. Ҳолбуки Россия Федерациясида 146 млн аҳоли яшайди. Ҳатто унчалик демократик бўлмаган Туркманистон ёки Беларусда [сиёсий партияни рўйхатга олиш учун] 1000та, қўшниларимиз Қозоғистон ва Қирғизистонда 100та имзо етарли.

Бизда нима учун янги партияни рўйхатга олиш учун талаб этиладиган имзолар сони 20 мингта?! Нима учун биз бу борадаги қонунларни такомиллаштирмадик?

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига мавсумий ҳисоботлар топшираётган вақтимизда Ўзбекистон делегациясига бу ҳақда саволлар ҳам бўлган. Билишимча, ҳозир бу масала кўриб чиқиляпти. Бу сиёсий плюрализм, яъни сиёсий эркинлик муҳити нуқтайи назаридан жуда аҳамиятли. Чунки биз сайловлар арафасида турибмиз.

Масалан, ўтган парламент сайловларини ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси қандай баҳоланганини яхши биласиз. Сайлов жуда яхши ўтди, лекин плюрализм муҳити, яъни сиёсий рақобат муҳити йўқ, деган хулосага келди ва бу, албатта, инвестицион муҳитнинг шаклланиши, мамлакатнинг халқаро майдондаги имижи нуқтайи назаридан жуда ҳам муҳим ҳисобланади.

Фурсатдан фойдаланиб, депутатларимизни, жамоатчилик фаолларини, демократик институтлар вакилларини қонунчиликдаги [сиёсий партияни рўйхатга олиш билан боғлиқ] тўсиқларни қайтадан кўриб чиқишга чақирган бўлардим. Чунки бу масала мамлакатимиз ҳаёти ва имижи учун ниҳоятда муҳим.

Бундан ташқари, бу йил мамлакатимизда тарихий воқеалар кечади. Яъни қийноқлар масаласи бўйича махсус маърузачи Ўзбекистонга келади, буни президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги чиқишида айтиб ўтганди. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар ҳам мамлакатимизга ташриф буюради. Биз ҳам ушбу юксак мартабали меҳмонлар билан учрашамиз.

– Мамлакатдаги демократик жараёнларнинг мустаҳкам илдиз отиши фақат давлатга эмас, балки жамоатчиликка ҳам бевосита боғлиқ. Шу маънода бугунги ўзбек жамиятидаги қандай муаммолар, сизнингча, демократик ислоҳотлар ривожига тўсиқ бўлмоқда?

– Демократик жараёнлар, инсон ҳуқуқларининг таъминланиш жараёнлари жуда мураккаб. Бу мамлакатнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий жиҳатдан ривожланишига боғлиқ. Қолаверса, жамиятнинг ўзи ҳам маълум даражада тарбияланиши керак. Сиркаси сув кўтармайдиган оммани бошқариш жудаям қийин.

Ижтимоий тармоқларда одамларнинг [айрим масалалар бўйича] ғазабга, жунбишга келганини кўрдик. Бу – жуда хавфли тенденция. Ўтган сафаргидай провокацияларнинг бошланиши бу маълум даражада жамиятдаги тоқатсизликни кўрсатади.

Масалан, «Тошкентда 5 болали оила 2,5 млн сўм ойликка яшай олади», деб айтган одамни маломатлар остида қолдириш ёки бўлмаса «Биз кўп еяпмиз», дея ўзидан келиб чиқиб фикр билдирган депутатни ижтимоий тармоқларда «тошбўрон» қилиш, бу гапларни фикр ўлароқ қабул қила олмаслик, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов «5600 сўм даромади бор одам камбағал эмас», деб айтган фикрларига тоқатли бўла олмаслик... Жамият бу каби фикрларга тоқатли бўлиши керак. [Плюрализмга] тоқатли бўла олмаган жамиятда фикр ривожланмайди.

Ҳар битта одамнинг оғзига ураверсак, ҳар битта мансабдорнинг гапини мазах қилаверсак...

– Бунинг натижасида энди-энди тилга кираётган амалдорлар ҳам гапирмай қўйишади-да, шундайми?

– Худди шундай, фикр билдиришдан қўрқиб қоласиз. Масалан, Kun.uz’га интервью беришга келишдан олдин айтадиган фикрларим учун жамият қандай қабул қиларкин, деган ўйда эдим. Чунки ижтимоий тармоқларда шунчалик бепарда сўкишлар, изоҳларда масъулиятсизларча бировни масхара қилишлар шунчалик кўпайиб кетдики, эфирга чиқишга чўчиб қоласиз. Бу аҳволда жамиятда фикр қандай ривожланади?

Самарқанд вилоятининг ҳокими Эркин Турдимов бир оғиз: «Оқсоч аёлларга талаб ортиб бормоқда, хотин-қизларни шу касбга ўргатишимиз керак», деган гапи учун қанчалар маломатга қолиб кетди. Аслида бу янги касбларга ўқитиш бўйича конструктив таклиф эди. Аксинча, оқсочликка ўқиёлмай юрган одамларнинг ўзлари қанчалик тоқатсизлиги кўриниб қолди.

Мен буни тўғри тушунаман. Чунки бу узоқ йиллик биқиқликнинг, тушкунлик муҳитининг таъсири. Бу инерция бор ҳалиям жамиятда ва юқорида айтганимдай ҳукумат соҳаларни либераллаштириш йўлидан борган тақдирда, бу инерция аста-секинлик билан чиқиб кетади. Масалан, бугун президент ташаббускор бўлиб қанча ғояларни илгари сурмасин, уларни тортиб кетадиган ёки талаб қиладиган фуқаролик жамияти, демократик институтлар, зиёлилар қатлами шаклланмайдиган бўлса, олдинга юриб бўлмайди, бу бор гап.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди

Top