Жамият | 17:50 / 21.06.2021
30897
2 дақиқада ўқилади

Эҳтиёж ихтирога йўл очди: нукуслик йигит ўзи тебранадиган бешик ясади

Қорақалпоғистонлик дастурчи йигитлардан бири ўз рафиқаси ва онаси чақалоқ фарзандига қарашда қийналмаслиги учун ўзи тебранадиган «смарт-бешик» яратди. Бу учун ихтирочи йигит 1 миллион сўм харажат қилган.

Ихтирочи Шарапат Калабаевнинг онаси Гулхан Қосжетерованинг 7 нафар невараси бор. Шарапатнинг ўзи IT соҳасида фаолият юритади. Айни пайтда аянинг икки келини талаба. У баъзида невараларига қарашга улгурмай қоларди. Шу сабабли дастурчи ўғли дўсти ёрдамида унга «смарт-бешик» ясаб берди.

«7 нафар неварам бор. Уларнинг иккиси бешикда ётади, чақалоқ. Баъзан уларга қарашга улгуролмайман, икки келиним ҳам талаба. Шундан кейин ўғлим ўзи чайқаладиган бешик ясаб берди. Яхши бўлди, қўлим анча узайди. Бешикни токка қўшиб, бошқа ишларимни қилавераман. Энди ўғлимдан бешикни секин, тез ва ўртача чайқаладиган қилиб беришини сўрайман», дейди Гулхан Қосжетерова.

Ўзи ҳаракатланадиган бешикни лойиҳалаган Шарапат Калабаев ва Муҳаммедсақий Турғанбаев уни 5 кун давомида ясаб тугатган. Бешик 12 волт токда ишлайди. TexnoPOS IT мактабида яратилган «ақлли» бешик махсус тугмача орқали ҳаракатга келади. Дастлабки вариант бироз тез тебранади, уни секинроқ тебранадиган қилиш ҳам мумкин.

Бундай бешик ҳали Ўзбекистонда яратилмаган. Бешикда қўшимча 4 та подшипник, 1 та қувватланиш блоки бор. У «Nexia-2» автомобилининг ойна кўтаргич мотори ёрдамида тебранади.

Бешикни ясаш учун ихтирочилар 1 миллион сўм сарфлаган. Улар бешикка янги функциялар қўшиш устида ишламоқда. Режага кўра, янгиланадиган бешик боланинг ва уй ҳароратини кўрсатади, ўзи алла айтади.

NaOOhQ7mNPm5hsF6YRh7P4xcbAWFLnyA.jpg (1280×720)

Шуҳрат Саидаҳмадов, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси – Жаҳонгир Aлибоев.

Мавзуга оид