Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил Ливан бўйлаб зарбалар берди ва қуруқлик амалиётини бошлади
Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи сешанба куни Исроилнинг учта ҳарбий базасини ўққа тутганини маълум қилди – бу Исроил бир кун олдин гуруҳнинг Ливандаги таянч пунктларига, жумладан, пойтахт Байрут жанубига зарба беришига жавобан амалга оширилган.
IBRAHIM AMRO / AFP via Getty Images
«Ҳизбуллоҳ» баёнотида Исроил шимолидаги «Рамат-Давид» авиабазаси ҳамда «Мерон» кузатув базасига ҳужум қилишда зарбдор дронлардан фойдаланилгани айтилган. Шунингдек, ишғол этилган Жўлан тепаликларидаги «Наффак» базасига ракета зарбаси йўлланган.
«Бу зарбалар жиноятчи Исроилнинг Ливандаги ўнлаб шаҳар ва посёлкаларга тажовузига жавоб бўлди», – дейилади гуруҳ баёнотида.
Исроил дарҳол Ливан бўйлаб кенг кўламли зарбалар йўллашни бошлади – бир кун олдин ушбу мамлакат ҳукумати «Ҳизбуллоҳ»нинг ҳарбий фаолияти тақиқланишини эълон қилганди.
Исроил мунтазам равишда ҳаво ҳужумларини амалга оширишда давом этмоқда – ҳужумдан олдин Байрутнинг жанубий чеккалари ва мамлакат жанубида яшовчи аҳолини эвакуация қилиш тўғрисида огоҳлантириш эълон қилинган. Ливан расмийларига кўра, зарбалардан жабр кўрган ҳудудларда 29 мингга яқин одам ўз уйларини тарк этган.
«Теҳрон ва Байрут бўйлаб»
Сешанба тонгида Исроил «Теҳрон ва Байрут бўйлаб бир вақтнинг ўзида зарбалар бериш»нинг янги босқичига киришганини эълон қилди.
Эрта тонгдан эвакуация ҳақидаги эълондан кейин Байрутнинг жанубий чеккаларидаги бир неча бинолар бўйлаб давомли зарбалар йўлланган.
AFP фотографлари осмонга кўтарилган улкан тутун устунини кадрга муҳрлашган.
«Ҳизбуллоҳ»га тегишли бўлган «Ал-Манар» телеканали Байрутдаги офиси тунда ҳужумга учраганини хабар қилди, сешанба тонгида Исроил «Ҳизбуллоҳ»га тегишли бўлган «Ал-Нур» радиостанцияси офиси бўйлаб ҳам зарба берган.
AFP via Getty Images
Исроиллик ҳарбийлар чегара бўйлаб мудофаа чоралари доирасида Ливан жанубидаги бир неча жойга қўшин киритганини маълум қилди.
Исроил ҳукумати Ливанга қуруқлик орқали кенг кўламли бостириб кириш режалаштирилмаётганини маълум қилган бўлса-да, ҳарбийлар «Ҳизбуллоҳ»нинг ракета ҳужумларини тўхтатиш учун барча имкониятларни кўриб чиқаётганини айтишди.
Исраэл Кац «Исроил мудофаа армиясига чегарадаги аҳоли пунктларига ҳужумларнинг олдини олиш учун Ливанда олдинга силжиш ва қўшимча стратегик позицияларни эгаллашга рухсат бергани»ни айтган. Ҳарбийлар бу қадамларни қуруқликдаги босқин эмас, балки «тактик чоралар» деб атади.
Таъкидланишича, мамлакат шимолидаги аҳоли пунктларини эвакуация қилишга зарурат бўлмаслиги учун Ливан чегараси бўйлаб кўпроқ қўшинлар жойлаштирилган ва бу ҳудудда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучайтирилган.
Ливан армияси эса Исроил армиясининг сешанба кунги ҳаракатлари фонида чегарада яқинда ташкил этилган бир неча позицияларидан аскарларни олиб кетган. «Умумий ҳисобда ҳар бир постда саккиз нафардан тўққиз нафаргача аскар уларнинг хавфсизлигига таҳдид туфайли ўз доимий базаларига кўчириб ўтказилди», – дея маълум қилди Ливан ҳарбийлари.
«Ливан суверенитетига янги зарба»
AFP via Getty Images
BBC’нинг Қуддусдаги мухбири Иоланди Неллнинг сўзларига кўра, Исроилнинг ҳужумлари Ливан суверенитетига ва АҚШ воситачилигида тузилган 2024 йилги ўт очишни тўхтатиш келишувига (бу Исроил ва Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» қуролли гуруҳи ўртасидаги бир йиллик кенг кўламли жанговар ҳаракатларга чек қўйганди) янги зарба бўлмоқда.
Сулҳ шартларига кўра, фақат БМТ тинчликпарвар кучлари ва Ливан армияси аскарлари Исроил чегарасидан тахминан 30 километр узоқликдан ўтадиган Литани дарёси жанубидаги ҳудудда қурол олиб юриши мумкин.
Шартномага кўра, Исроил Ливандан барча қўшинларини олиб чиқиши керак эди, аммо Тел-Авив «Ҳизбуллоҳ»нинг қуролсизланишдан бош тортганини баҳона қилиб, ўз аскарларини стратегик жиҳатдан муҳим деб ҳисоблаган бешта чегара ҳудудида сақлаб қолди.
«Ҳизбуллоҳ»ни қуролсизлантириш сиёсатини олиб бораётган Ливан президенти Жозеф Аун Исроилнинг сўнгги зарбаларини қоралади ва Исроил расмийларини Ливан «ҳеч қандай алоқаси бўлмаган» урушга мамлакатни жалб қилмасликка чақирди. Президент Франция, АҚШ, Қатар, Саудия Арабистони ва Миср элчиларидан иборат қўмита («квинтет») аъзолари олдида нутқ сўзлаб, уларни «Ливанга қарши тажовузни тўхтатиши учун Исроилга босим ўтказиш»га чақирди.
Шу билан бирга, Аун «Ҳизбуллоҳ»нинг ҳарбий фаолиятини тақиқлаш тўғрисидаги қарор бекор қилинмаслиги, чунки Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган ҳаракат Исроил позицияларига янги ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олганини айтди. «Ҳизбуллоҳ» вакиллари эса «шафқатсиз сионистик душман қаршисида заифлик кўрсатгани» учун ҳукуматни қаттиқ танқид қилди.
Исроилнинг Ливандаги операциялари душанба куни «Ҳизбуллоҳ»нинг Исроилга ҳужумидан кейин бошланди. «Ҳизбуллоҳ» Ҳайфа жанубидаги Исроил ҳаво мудофааси объекти ҳужум нишони бўлгани, зарбалар эса Эрон олий раҳбари Али Хоминаийнинг ўлдирилиши учун қасос ва «Исроилнинг тажовузкор ҳаракатлари»га жавоб эканини қайд этган.
Исроил ҳарбийларига кўра, Ливандан мамлакат ҳудудига учирилган ракеталардан бири уриб туширилган, қолганлари очиқ майдонга қулаган. Бу ҳужум оқибатида жабрланганлар ёки вайронагарчиликлар йўқ.
Мавзуга оид
09:25 / 02.04.2026
Исроил “Ҳизбуллоҳ”нинг “Жанубий фронт” қўмондонини ўлдирди
08:33 / 01.04.2026
Трамп: АҚШ Эрон бўйича мақсадига етди, ҳужумлар тез орада тўхтайди
17:00 / 31.03.2026
Исроил парламенти «терроризм»да айбланган фаластинликлар учун ўлим жазоси киритди
08:37 / 30.03.2026