Хронология: Ўзбекистон-Германия муносабатлари яқин тарихда қай тарафга ўзгарди?
Германия – Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 31 декабрда тан олган ва 1992 йил 6 март куни мамлакатимиз билан дипломатик алоқаларни ўрнатган давлат. Ўтган давр мобайнида Германияга тўрт ва Ўзбекистонга 3 маротаба олий даражадаги расмий ташрифлар амалга оширилган. Шунингдек, 2-3 май кунлари президент Шавкат Мирзиёевнинг Германияга навбатдаги ташрифи кутилмоқда. Kun.uz Ўзбекистон ва Германия муносабатлари хронологияси ҳақида маълумот беради.
Олий даражадаги ташрифлар
Жами 7 та олий даражадаги ташрифлар Германияга 1993, 1995, 2001 ва 2019 йилларда, Ўзбекистонга эса 1995, 2002 ва 2019 йилларда амалга оширилган. Ҳамда 2021 йил 12 март куни Ўзбекистон президентининг Германия канцлери Ангела Меркел билан видеоконференцалоқа орқали музокаралари бўлиб ўтган.
Телефон мулоқотлари
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил 17 ва 30 август ҳамда 2022 йил 14 март, 29 августда Германия президенти Франк-Валтер Штайнмаер, шунингдек, 2021 йил 18 августда канцлер Ангела Меркел билан қўнғироқлашган – жами 5 та телефон орқали мулоқот.
Ўзаро манфаатли муносабатлар натижасида икки давлат ўртасидаги ҳукуматлар, парламентлар ва ишбилармонлар аро ҳамкорликлар ҳам йилдан йилга фаоллашиб борган.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Германия ўртасида жами 145 та шартнома имзоланган бўлиб, шундан 92 таси давлатлараро ва ҳукуматлараро, 20 таси идоралараро ва 33 таси бошқа хусусиятга эга.
Ўзаро товар айланмаси ва инвестициялар
Биргина 2021 йилда Германиядан ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 1,1 миллиард долларни (+37,5 фоиз) ташкил этиб, улар нефт-газ ва фармацевтика саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишга йўналтирилган. 2022 йил якунига кўра, бу кўрсаткич 769,1 миллион долларни ташкил қилди.
Ўзбекистонда Германия сармояси иштирокида 219 та корхона фаолият юритмоқда, улардан 97 таси якка тартибдаги тадбиркордир. 31 та немис компаниясининг ваколатхоналари аккредитациядан ўтган.
Ижтимоий йўналишлар
Ўзбекистонда:
- 980 та мактабда 270 мингга яқин ўқувчи немис тилини ўрганади, бу ерда 3 мингдан ортиқ ўқитувчи дарс беради;
- 24 та мактабда немис тили, шулардан 6 тасида чуқур ўрганилади;
- Германиянинг 30 дан ортиқ университетлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. 1 мингга яқин ўзбекистонлик талабалар, аспирантлар ва докторантлар Германиянинг турли университетлари ва тадқиқот марказларида таҳсил олишади.
Шунингдек, Гёте институти, К. Аденауер, Ф. Эберт фондлари, Германия халқ университетлари ассоциациясининг халқаро ҳамкорлик институти ваколатхоналари, Хориждаги мактаблар марказий бошқармасининг немис тили бўйича махсус маслаҳатчи-координатори идораси Ўзбекистонда фаолият юритади.
Германия хайрия ташкилотлари томонидан ўзбекистонлик бемор болаларнинг Германия клиникаларида бепул даволанишини ташкил этиш, шунингдек, тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминлашда гуманитар ёрдам кўрсатилмоқда. “Friyedensdorf International” халқаро хайрия ташкилоти ва “Соғлом авлод учун” жамғармасининг қўшма гуманитар акцияси ҳам Ўзбекистондаги бемор болаларни Германияга даволанишга жўнатиш мақсад қилган.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёевнинг 2-3 май кунлари Германиянинг Берлин шаҳрига қиладиган ташрифи давомида:
- Федерал президент Франк-Вальтер Штайнмайер ва Федерал канцлер Олаф Шольц билан икки томонлама учрашувлар;
- Германиянинг етакчи компаниялари билан инновацион-технологик шерикликни кенгайтиришга қаратилган истиқболли лойиҳа ҳамда дастурларни амалга ошириш мақсадида давлатимиз раҳбари ва германиялик бизнес вакиллари билан алоҳида учрашув;
- Жеймс Симонс галереясида “Ўзбекистоннинг археологик хазиналари. Македониялик Искандардан Кушонлар империясигача” номли кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтиши кутиляпти.
Мавзуга оид
11:10
Меркел мемуарида РФга нисбатан сиёсатини ҳимоя қилиб чиқди
13:43 / 21.11.2024
Германия Украинага навбатдаги ҳарбий ёрдам партиясини юборди
21:36 / 20.11.2024
Ford компанияси Германияда салкам 3 мингта иш ўрнини қисқартиради
19:34 / 20.11.2024