Ўзбекистон | 19:40 / 04.08.2025
3648
2 дақиқада ўқилади

Энди Тошкентда «Тез ёрдам» машинаси ҳаракатини онлайн кузатиб туриш мумкин бўлади

Лойиҳани бошқа шаҳарларда ҳам кенгайтириш имконияти кўриб чиқилмоқда.

Фото: Kun.uz

Республика тез тиббий ёрдам маркази томонидан илк бор «103» бригадалари ҳаракатини реал вақт режимида онлайн кузатиб бориш йўлга қўйилди.

ССВ матбуот хизмати қайд этишича, ушбу тажриба-синов лойиҳасига кўра, эндиликда пойтахт аҳолиси тез тиббий ёрдам бригадаларининг қаерда экани ва қанча вақтда чақирув манзилига етиб боришини онлайн кузатиб туришлари мумкин.

Янги лойиҳа Yandex Uzbekistan компаниясининг технологик ечими асосида амалга оширилиб, «103» бригадаси ҳаракатлари браузерда электрон харита орқали, яқин келажакда эса Yandex Go мобил иловаси ёрдамида кузатиб борилади.

Унга кўра, «Тез ёрдам»га мурожаат қилингандан сўнг, тизим автоматик равишда бригаданинг ҳаракати реал вақт режимида кўрсатиладиган электрон харитага ҳавола орқали SMS-хабар юборади.

Лойиҳанинг кейинги босқичида фойдаланувчилар Yandex Go мобил иловасидан бригаданинг жойлашуви ва унинг тахминий келиш вақти тўғрисида push-билдиришнома орқали хабардор бўлади. Қолаверса, ушбу маълумотни тўғридан тўғри илова орқали ҳам олса бўлади.

«Ушбу янгилик, энг аввало, тез тиббий ёрдам тизимида шаффофликни таъминлаш ва диспетчерларнинг иш юкламасини камайтиришга хизмат қилади. Ҳозирда бу ечим Тошкент шаҳрида шошилинч чақирувлар учун амал қилади, бироқ кейинчалик лойиҳани кенгайтиришни мақсад қилганмиз» дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Гафуров.

Маълумот учун, Республика тез тиббий ёрдам марказига мамлакат бўйлаб ҳар куни ўртача 40 мингга яқин чақириқ келиб тушади. Уларнинг 60 фоизини эса шошилинч мурожаатлар ташкил этади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид