Собиқ МХХ биноси ҳудудидаги дарахтлар кесиб, яширинча олиб кетилаётгани айтиляпти
Тошкентдаги собиқ МХХнинг бузилаётган биноси ҳудудидан йирик дарахтлар кесиб, устига мато ташлаб яширинча олиб кетилаётгани видеоси тарқалади. Экологик партия ушбу ҳолатга зудлик билан чора кўришни сўраб Бош прокуратурага мурожаат қилди.
Тошкент шаҳри Юнусобод тумани Сайилгоҳ кўчасида жойлашган собиқ МХХ биноси ҳудудидаги йирик дарахтлар кесиб, яширинча олиб кетилаётгани акс этган видеолар юзасидан Экологик партия расмий муносабат билдирди.
Партия Бош прокуратура ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга масъул давлат ташкилотларидан зудлик билан ушбу ҳолатга чора кўрилишини сўраган.
“Иқлим ўзгаришини юмшатишнинг энг муҳим аспекти-бу дарахтларнинг кўп бўлиши. Шундоқ ҳам пойтахтимизда саноқли қолган дарахтларимизни асраш бўйича мораторийга ва экофаолларимиз бонг уришига қарамасдан ҳали ҳамон дарахткушлар тўхтамаяпти”, — дейилади партия муносабатида.
Тармоқларда тарқалган видеоларда бузилаётган бино ҳудудидан йирик дарахтлар устига мато ташланган ҳолда олиб чиқиб кетилаётгани кўринади.
Kun.uz ҳолат юзасидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига сўров юборди.
Маълумот учун, 1950 йилларда қурилган бино олдин Ички ишлар вазирлигининг марказий шаҳар поликлиникаси, кейин Ўзбекистон ССР Давлат хавфсизлик қўмитаси биноси, сўнгра Миллий хавфсизлик хизмати биноси бўлган. 2018 йилда МХХ Давлат хавфсизлик хизматига айлантирилиб, янги жойга кўчирилганди.
2023 йилда Radisson Hotel Group компанияси Metropol Group билан шартнома тузиб, собиқ МХХ биноси ўрнида 22 қаватли меҳмонхона қуриши маълум бўлган эди. Бино 2021 йилнинг ёзигача Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатида бўлган.
Мавзуга оид
16:47 / 22.11.2024
Дарахтларга кимёвий воситалар билан шикаст етказганлик учун жавобгарлик белгиланди
16:18 / 15.11.2024
Янгийўлда 5 туп дарахтни кесиб ташлаган шахс табиатга 533 млн сўм зарар етказди
17:40 / 08.11.2024
“Дунёдаги дарахтларнинг 38 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида” – IUCN
20:35 / 07.11.2024