Жамият | 16:00 / 16.12.2025
8560
6 дақиқада ўқилади

Онкология шифохоналари ёпилиши: узаядиган беморлар навбати ва ёпиқ қарорлар хавфи

Республика онкология ва радиология марказида беморлар сони кун сайин ортиб бораётган бир пайтда, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти онкология шифохоналарининг ёпилиши вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Узун навбатлар, жой етишмаслиги, ишдан бўшатишлар ва ям-яшил ҳудуднинг келгуси тақдири бўйича жамоатчиликда жиддий саволлар пайдо бўлмоқда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Республика онкология ва радиология марказида саратонга чалинган юзлаб касаллар узундан узоқ навбатда туришга мажбур. Улар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан шифокор қабулига кириш, диагностика ва муолажалар учун келишган.

2025 йил 10 декабр, соат 10:00 ҳолатига кўра, навбатнинг охири 249-ўринда. Яъни битта бемор шифокорга кириши учун ундан олдин 248 киши қабулдан ўтиши керак. Ҳозирча бу навбатда фақат вилоятлардан келган беморлар туришибди – ҳозирча.

Яқин кунларда эса Республика онкология шифохонасининг Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти филиаллари ёпилиши режалаштирилган. Бу эса минглаб қўшимча беморлар айнан шу марказ навбатига келиб қўшилишини англатади. Аллақачон жой етишмаётган, беморлар тонгги соат 7 дан навбат олишга мажбур бўлаётган шароитда бу қарор қандай оқибатларга олиб келиши номаълум.

Бундан ташқари, филиалларда ишлаётган барча тиббиёт ходимларига шартномалар бекор қилиниши ҳақида огоҳлантириш хатлари тарқатилган. Пойтахт Соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг 2 декабрдаги буйруғи билан, шифохоналарни бўшатиш топшириғи берилган.

Энг катта хавотирлардан яна бири – бўшаган шифохона ҳудудлари тақдири.

Жамоатчилик ва экофаоллар бу ҳудудлар ҳам қурилиш учун бериб юборилиши мумкинлигидан хавотирда. Айниқса, Тошкент шаҳар онкология шифохонаси ҳудудида жойлашган 1000 дан ортиқ ноёб дарахтлар масаласи очиқ қолмоқда.

Ёпиқ қарорлар хавфи бор”

Экофаол Алишер Насимовга кўра, ҳудуд махсус қўриқланадиган ҳудудга айлантирилиши керак.

“Кеча шифохонага бордим: кўм-кўк дарахтзор. Бу ерда 1000 дан зиёд дарахтлар бор. Улар орасида Қизил китобга киритилган дарахтлар ҳам бор, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан қимматбаҳо навларга кирадиган дарахтлар ҳам бор. Шифохона ҳудуди – ҳақиқий микроиқлим, бошқа жойларга нисбатан у ерда ҳаво бошқача – арчалар, чинорлар ҳаммаси кислород беради, айримлари ёқимли ҳид чиқаради.

2022 йил маълумотлари чиқиб келгандан кейин одам хавотирга тушиб қолади. Масалан, кимдир сотиб олса, 4 гектардан ошиқ жойни қурилиш қилиш учун сотиб олади. Ўз-ўзидан дарахтларни кесиш керак бўлади. Айрим бизнесменлар “бизга табиат эмас, пул керак, жаримасини тўлаймиз”, деяпти. Бу дарахтлар шу ҳолга келгунча нечта авлод алмашяпти. Шунинг учун биз хавотирдамиз бундан.

E-qaror'га кирсангиз жуда кўп ёпиқ қарорлар бор. Биз ҳам билолмаймиз, мурожаатлардан кейин ўрганиб кўрсак ҳаммаси шу қарорлардан келиб чиқаётган бўлади. Бу жойга махсус қўриқланадиган жой мақомини бериш керак”, – дейди у.

Республика шифохонаси кўчирилаётган беморларни қандай қабул қилади?

Kun.uz иккита филиал беморлари кўчирилаётган Республика онкология ва радиология марказида бўлиб, вазиятни ўрганди. Узундан узоқ навбатларда турган беморлар шифокор қабулига кириш учун соат 7 бўлмай келиш кераклигини, ордерлари бўлса-да жой йўқлиги сабаб қайтиб кетишга мажбур бўлаётганини айтди.

Ҳали пойтахтдаги иккита шифохона беморлари бориб қўшилмасдан туриб, жойлар етишмаётган паллада бундан кейинги вазиятни тасаввур қилиш қийин эмас.

Тиббиёт фанлари доктори, онколог Шермуҳаммад Умиров иккала шифохона ҳудудини сақлаб қолиш ва биноларни беморларга паллиатив тиббий ёрдам кўрсатиш марказига айлантириш таклифини берди.

“Олим сифатида шуни айтмоқчиманки, халқимиз учун фақат “сити”лар, домлар эмас шифохоналар ҳам керак. Сўраб қолардикки, шу шифохона ўрнида республика бўйича паллиатив тиббий ёрдам маркази бўлишини. Чунки нафақат онкологик касалликлар, инсулт, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги хасталикларида, турли соматик касалларда паллиатив ёрдам кўрсатиш маркази бўлса мақсадга мувофиқ бўларди”, – дейди шифокор.

Таҳририят вазиятга масъуллардан бири бўлган Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси билан боғланганда, ҳудуддаги дарахтлар рўйхатга олинаётганини маълум қилишди.

Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасининг Шайхонтоҳур тумани инспекторлари томонидан Форобий кўчасида жойлашган Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳудудидаги дарахтлар хатловдан ўтказилган.

Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоят онкология шифохонаси ҳудудидаги дарахтлар Олмазор ҳамда Чилонзор тумани инспекторлари томонидан хатловдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда”, дейилади Экология қўмитасининг Kun.uz'га берган маълумотида.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг июн ойида Ўзбекистон президенти яшил ҳудудларнинг қурилишлар учун тадбиркорларга сотиб юборилаётганини қаттиқ танқид остига олган ҳамда бошқа мақсадларда бериб юборилган яшил ҳудуд, спорт майдончаси, болалар ўйингоҳларини аниқлаш ва жойига қайтариш вазифаси қўйилган эди.

Муаллиф:  Бобур Акмалов

Мавзуга оид