Ўзбекистон | 20:45 / 20.01.2020
76407
2 дақиқада ўқилади

«Нархоз» деган университетни эсласам, кайфиятим бузилади» – президент олий таълимдаги коррупция ҳақида

Фото: ТДИУ расмий сайти

Президент Шавкат Мирзиёев Сенатнинг илк ялпи мажлисидаги чиқишида олий таълим соҳасидаги коррупция ҳақида гапириб, Тошкент давлат иқтисодиёт университетини ёдга олди.

«Биздаги таҳлиллар бўйича, Ўзбекистонда энг катта коррупция ҳозирча учта соҳа – тиббиёт, олий таълим ва қурилишда.

Битта мисол айтаман. «Нархоз» деган университетни эсласам, кайфиятим бузилади. Ходиев деган бир валломатни ишдан олдик. Биласизларми, янги қўйган ректоримиз оддий аттестация ўтказди, ҳар бир домланинг фан бўйича билимлари синалди. 65 фоизи домлалар ўтмади. 35 эмас, 65.

Ҳамма студентлар, бечоралар қандай ўқиб юришибди, тасаввур қилиб бўлмайди», – деди давлат раҳбари.

Президент сенаторларни олий таълимдаги коррупцияга қарши курашишда фаолликка чақириб, ҳокимлар ректорларни ҳам Кенгаш мажлисларига жалб этиши кераклигини айтди.

«Муайян ҳудуд тақдири ишониб топширилган айрим мансабдорларнинг порахўрлик ва коррупция жиноятига қўл ураётгани ташвишли ҳолдир. Жойлардаги раҳбарларнинг қонунга зид фаолияти доимо ҳудудларда фаолият олиб бораётган сенаторларнинг эътибор марказида бўлиши керак.

Бир сўз билан айтганда, ҳар бир сенатор коррупцияга қарши курашишнинг олдинги сафларида бўлиши шарт.

Жамиятимизда қизғин баҳсларга сабаб бўлаётган ҳолатлар юзасидан Сенат аъзолари ялпи мажлисни кутиб ўтирмасдан, тезкор эшитувлар ташкил этиб, мутасадди шахслардан изоҳ талаб этиши зарур», – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари 24 январь куни парламентга йўллайдиган мурожаатномасида коррупцияга қарши курашиш бўйича институционал таклифлар бўлишини ҳам қўшимча қилди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид