Ўзбекистон | 15:35 / 24.10.2022
21851
3 дақиқада ўқилади

“Бу президент назоратидаги масала” – Шерзод Асадов Сирдарёдаги портлаш ҳақида маълумот берди

Ҳар душанба куни ўтказилиб келинаётган анъанавий брифингда президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбарининг ўтган ҳафтада ўтказган тадбирлари ва жорий ҳафтадаги иш режаси ҳақида маълумот берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тадбир якунига кўра матбуот котиби келиб тушган саволларга ҳам жавоб берди. Жумладан журналист Умида Олимованинг “Сирдарёдаги портлаш ҳақида президентга хабар берилдими? Давлат раҳбари бу масалада қандай топшириқлар берди?” деган саволига жавобан Шерзод Асадов шундай деди:

“Қоидага кўра бундай техноген ҳодисалар ҳақида Президентга зудлик билан хабар берилади. Сирдарёдаги вазият бўйича ҳам давлат раҳбарига тезкор ахборот берилди. Президентимиз томонидан тегишли ташкилот ҳамда идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ зудлик билан ҳодиса жойига юборилди.

Бундан ташқари бош вазир биринчи ўринбосари Очилбой Раматов ҳамда вилоят ҳокими Ғофиржон Мирзаев бошчилигида махсус комиссия тузилиб, талафотлар оқибатларини тезда бартараф этиш бўйича иш бошланди.

Энг аввало хонадонларни таъмирлаш, аҳоли ҳамда кичик ва ўрта бизнес ишини тезда қайта йўлга қўйиш вазифаси қўйилди. Фаол ҳаракатлар натижасида охирги бир суткада 10 минг квадрат метрдан зиёд ойна етказиб берилди ва бундан ташқари ўрта ва кичик бизнесга тегишли биноларнинг том қисми деярли тўлиқ таъмирланди.

Портлаш натижасида 17 киши жароҳатланган эди, айни вақтда касалхонада 7 киши даволанмоқда ва уларнинг барчаси ҳарбийлар бўлиб, тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган барча ҳамюртларимизга кўмак берилиб, уйига юборилган.

Шу ўринда таъкидлаб ўтишни истардим, ОАВ ва блогерлар томонидан турли саволлар пайдо бўлмоқда — ҳодиса тафсилотида айтилган якка портлаш нима дегани ўзи? Якка портлаш — кейинчалик ҳеч қандай детонация бермайдиган портлаш.

Бу техноген ҳодиса рўй берган омбор XX асрнинг 40-йилларида қурилган бўлиб, илгари техник қоидаларга кўра бундай омборларда катта қурол-яроғ сақланар эди. Аммо 2016 йилдан сўнг давлат раҳбари топшириғига кўра барча омборлар реконструкция қилинмоқда. Барчасининг атрофида жаҳон стандартларига кўра кичик омборлар қурилмоқда ва уларда кам миқдорда қурол-яроғ сақланмоқда.

Барча объектларда жаҳон стандартларига кўра қўйиладиган талаб асосида инженер-муҳандислик ишлари олиб борилмоқда. Натижада портлаш содир бўлган тақдирда ҳам имкон қадар зарар келтирувчи жисмларнинг атрофга сочилиши олди олинади.

Сирдарё вилоятидаги портлаш ҳам шундай омборлардан бирида содир бўлган ва хавфсизлик талабларига амал қилингани туфайли катта талафот бўлмади. Асосий зарарланиш ҳам ён-атрофдаги биноларнинг том ва ойна қисмига тўғри келган. Яъни, портлаш тўлқини туфайли биноларга қисман зарар етса ҳам, турли жисмлар тарқашининг олди олинди.

Бўлиб ўтган ҳодиса юзасидан ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва бунга олиб келган барча омиллар инобатга олиниб, кенг жамоатчиликка эълон қилинади. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги томонидан ҳам ҳолат батафсил ўрганилмоқда. Сирдарёдаги портлаш Президентимиз назоратидаги масаладир, — деди президент матбуот котиби Шерзод Асадов брифинг чоғида.

Тайёрлаган:  Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид