Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Энди ўқитувчиларга тоифа сертификатлари электрон берилади
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг маълум қилишича, ўқитувчиларга малака тоифаси сертификатларини электрон шаклда бериш йўлга қўйилди.
Фото: Kun.uz
2021 йилги ҳукумат қарорида педагогларга қоғоз шаклдаги аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги сертификат бериш амалиёти бекор қилиниб, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва QR-код қўйилган электрон шаклдаги сертификат бериш тартиби белгиланган.
Аттестациядан ўтганлик сертификатига асосан, ўқитувчиларга тоифалар берилади ва бу уларнинг ойлик маошига таъсир қилади.
“Электрон сертификатларнинг дастлабкилари фаолияти давомида ютуқларга эришган, малака тоифасини аттестациядан ўтказилмасдан тўғридан тўғри қўлга киритган педагогларга тарқатилди”, деб хабар берди Таълим инспекцияси.
Энди фаолияти давомида ютуқларга эришган қуйидаги ўқитувчилар аттестациясиз ҳам тоифа олишлари мумкин:
- туман (шаҳар) миқёсидаги спорт мусобақаларининг биринчи ўрин совриндорларини тайёрлаган таълим ташкилотлари жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига — иккинчи малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими);
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсидаги спорт мусобақаларининг биринчи ўрин совриндорларини тайёрлаган таълим ташкилотлари жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига — биринчи малака тоифаси (етакчи ўқитувчи лавозими);
- халқаро ҳамда республика миқёсидаги спорт мусобақаларининг биринчи, иккинчи ва учинчи ўрин совриндорларини тайёрлаган таълим ташкилотлари жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига — олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими);
- халқаро математика (IMO), физика (IPhO), кимё (IChO), биология (IBO) информатика (IOI) олимпиадаларида олтин, кумуш ёки бронза медаль (биринчи, иккинчи ва учинчи ўрин) совриндорларини тайёрлаган таълим ташкилотларининг педагог кадрларига — олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими) тўғридан тўғри (аттестациядан ўтказилмасдан) берилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан тақдирланган, «Устоз» миллий мукофоти ғолиблари, Worldskills мусобақалари совриндорларини тайёрлаган ёки республика миқёсидаги фан олимпиадалари ва кўрик-танловларда ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган педагогларнинг малака тоифаси (лавозими) ҳеч бир синовларсиз бир поғонага оширилмоқда.
Таълим инспекциясига кўра, илк электрон сертификатлар www.pedkadr.tdi.uz сайти, давлат хизматлари маркази ёки ягона давлат интерактив хизматлари орқали электрон кўринишда юкланган бўлиб, QR-код қўйилган электрон шаклдаги сертификатлар уларнинг шахсий кабинетларига юборилди.
Инспекция матбуот котиби Шавкат Хўжақуловнинг қўшимча қилишича, тоифа сертификатларида қоғоз шаклдан бутунлай воз кечилди. Бу – республикадан туманларгача сертификатлар етиб бориш жараёнида учрайдиган коррупция ҳолатлари, вақт йўқотиш, ноқулайликларнинг олди олинишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, малакали ўқитувчилар электрон базасини шакллантиришга ҳам ёрдам беради.
Мавзуга оид
22:20 / 11.01.2026
Меҳнат инспекцияси: “Хорижий тил ўқитувчилари ҳуқуқлари бузилмоқда — бу қонунга зид!”
09:10 / 11.01.2026
Навбатчи устозларга иш ҳақи ва Бойсунда нефт булоқлари — ҳафта дайжести
17:27 / 09.01.2026
Республика бўйича навбатчиликка чиққан ўқитувчиларга қўшимча ҳақ тўланади – манба
16:35 / 05.01.2026