Кармана тумани ҳокими Шоҳрух Болтаев мактаб ўқитувчиларни ҳокимликка йиғиб, турғизиб қўйган ҳолда мажлис ўтказган. Бу ҳақда Kun.uz’га ушбу мактаб ўқитувчилари мурожаат йўллади.

Маълум бўлишича, ҳоким 12 март куни Ҳазора қишлоғидаги 9-умумтаълим мактабида ёшлар билан учрашув ўтказган. Учрашув вақтида Шоҳрух Болтаев ўқувчи ва ўқитувчиларга турли саволлар берган, шеър айтиб беришни сўраган. Бироқ ўқувчилар ҳокимнинг кетма-кет саволларидан ҳаяжонланиб, шеър айтиб беролмаган.

Учрашувдан сўнг ҳоким мактабнинг барча ўқитувчиларини соат 17:00 да ҳокимлик биносига олиб боришни буюрган. Аксарияти хотин-қизлардан иборат бўлган 46 нафар ўқитувчи автобусда 30 км йўл босиб, айтилган вақтда ҳокимлик биносига борган.

Соат 17:00 да етиб бордик. Кутиб ўтирдик. Ярим соатлардан сўнг ҳоким келди. Барча ўқитувчини тик оёқда турғизиб қўйиб, мажлис ўтказди. Қаттиқ гапирди, “РайОНО” вакилларига мактабимизда текшириш ўтказиш бўйича топшириқ берди, директор ўринбосарларининг аризасини оласан, деди. Кўпимиз рўзадор эдик”, дейди Kun.uz билан гаплашган ўқитувчилардан бири.

Ҳоким шу тариқа, бир соатга яқин мажлис ўтказиб, ўқитувчиларга жавоб бериб юборган.

Қайтишда йўлдан сув сотиб олиб, оғзимизни очдик. Ҳокимнинг бу ҳаракати барча ўқитувчини хафа қилди. Чунки мактабимиз туманнинг олди мактабларидан бири. Ҳа энди, бола ҳоким олдида ҳаяжонланиб, билганини ҳам айтолмаган бўлиши мумкин”, дейди яна бир ўқитувчи.

Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Кармана тумани ҳокими Шоҳрух Болтаев билан боғланди. Унинг маълум қилишича, ўқувчи ва ўқитувчилар саволларига жавоб беришолмаган.

Шеър сўрасам айтиб беришолмади, турли саволлар бердим, бирортаси жавоб беролмади. Бу мактабда битирувчиларнинг ОТМга кириш кўрсаткичи 3 йилдирки, 50 фоиздан ошмайди. Айтиб бўлмайдиган ҳар хил ҳолатлар бор. Туманда таълим сифатини кўтаришга ҳаракат қиляпмиз. Ўша куни ёшлар билан учрашувдан сўнг мажлисим бор эди. Шу сабабли автобус гаплашиб, ҳокимликка йиғдим. 10 минут гаплашиб, жавоб бердим. Бугун яна ўша мактабга бориб, ўқитувчилар билан учрашаман