09:03 / 25.06.2024
8044

500 минг кишига АҚШ паспорти берилади. Байденнинг фармони кимларга тегишли?

Америка фуқароларининг ҳужжатсиз турмуш ўртоқлари мамлакатда доимий яшаш ҳуқуқини оладиган бўлди. “Америка овози” мухбири Навбаҳор Имомованинг Kun.uz билан суҳбатда айтишича, фармон Америкада оила қуриб, фарзандли ва ҳатто неварали бўлиб ҳам ўнлаб йиллардан бери ҳужжатсиз юрган юз минглаб инсонларга тааллуқли бўлади.

АҚШ президенти Жо Байден яқиндагина Америка чегаралари орқали муҳожирлардан қабул қилинадиган Қўшма Штатларга кириш сўровлари сонини кунига максимал 2500 та деб чеклаб қўйган эди. Лекин ўтган ҳафта президент мамлакат ичидаги муҳожирлар учун муҳим янгилигини эълон қилди.

Унга кўра, Америка фуқароларининг хат-ҳужжатсиз юрган турмуш ўртоқлари энди АҚШда доимий яшаш, резидент бўлиш ва шу асосда кейинроқ АҚШ фуқаролигини олиш учун ариза топшириши мумкин. Лекин бу ҳамма учун эмас. Бундай муҳожирлар 17 июн ҳолатига Америкада камида 10 йил яшаган бўлиши лозим.

Дастур Оқ уйда, 18 июн куни собиқ президент Барак Обаманинг мигрант болаларни ҳимоя қилиш бўйича DACA дастури 12 йиллигига бағишланган тадбирда эълон қилинди. Байденга кўра, узоқ йиллар Америкада яшаб, давлат қонун-қоидаларини бузмаган, иқтисодиётга фойда келтирган мигрантлар энди бундай имкониятдан фойдаланишга ҳақли.

“Америка овози” мухбири Навбаҳор Имамованинг Kun.uz билан суҳбатда айтишича, АҚШ президентининг фармони узоқ йиллардан бери АҚШда яшаб келаётган, фарзандлари ва ҳатто неваралари ҳам шу ерда туғилгани учун Америка паспортини олган бўлса-да, ўзлари паспортсиз яшаб келган шахсларга тааллуқли.

“Президент Байден бир томондан ташқаридан Америкага кирмоқчи бўлганларни камайтиришга уринаётган бўлса, иккинчи томондан ичкаридагиларнинг “бошини силамоқчи”. Лекин расмийларга кўра, буни умумий қабул қилмаслик керак: никоҳ 2024 йилнинг 17 июнига қадар қайд этилган бўлиши лозим. Агар ундан кейин бўлса, демак дастур бундай муҳожирларга амал қилмайди. Президент Байден аризачиларнинг ҳужжатларини кўриб чиқишни таклиф қиляпти”, – дейди Имамова.

Дастур бўйича номзодлардан аризалар қабул қилиш ҳали бошланмаган. Ҳуқуқий муаммолар ҳал этилгач, иммигрантлар ариза топширишлари мумкин бўлади.

Кузатувчилар бу янгиликни Байденнинг сайловолди кампаниясининг бир қисми деб ҳисобламоқда. Республикачилар эса бу ташаббусни совуққонлик билан қабул қилган.

Шоҳрух Мажидов суҳбатлашди.

Top