Оқ уй маъмурияти 2026 йил 1 январдан АҚШга кириш учун бизнес ёки сайёҳлик (B1/B2) визасини олишда паспорт эгалари 15 минг долларгача гаров пули қўйиши шарт бўлган мамлакатлар қаторига яна етти давлатни қўшди.

АҚШ Давлат департаменти ўтган ҳафта Бутан, Ботсвана, Марказий Африка Республикаси, Гвинея, Гвинея-Бисау, Намибия ва Туркманистонни ушбу рўйхатга яширин тарзда қўшган. Расмий сайтда эълон қилинган билдиришномага кўра, бу ўзгаришлар 1 январдан кучга кирган. 5, 10 ёки 15 минг долларлик тўлов миқдори ҳар бир ариза берувчи билан суҳбатда индивидуал белгиланади.

Ҳозирда рўйхатга жами 13 давлат киритилган. Уларнинг иккитаси: Туркманистон ва Бутан Осиёдан, қолганлари Африка давлатлари. AP нашрининг ёзишича, бу – кўплаб одамлар учун АҚШ визасини олиш жараёнини молиявий жиҳатдан имконсиз қилади.

2025 йил август ва октябр ойларида Мавритания, Сан-Томе ва Принципи, Танзания, Гамбия, Малави ва Замбия каби давлатлар рўйхатга киритилганди.

АҚШ расмийлари 5 мингдан 15 минг долларгача бўлган гаров пули нишонга олинган мамлакатлар фуқаролари визани суиистеъмол қилиб қолиб кетмаслигини таъминлашда самарали эканини айтиб, бу чорани ҳимоя қилмоқда.

Гаров пули тўлаш визанинг берилишига кафолат бермайди, бироқ агар виза рад этилса ёки виза эгаси унинг шартларига амал қилганини исботласа, маблағ қайтарилади.

Гаров пули қўйган барча виза эгалари АҚШга фақат белгиланган 3 та пункт орқали кириши ва чиқиши шарт. Бунга риоя қилинмаслиги киришнинг рад этилишига ёки чиқиш тўғри қайд этилмаслигига олиб келиши мумкин:

  • Boston Logan халқаро аэропорти;
  • Jon F.Kennedi халқаро аэропорти;
  • Washinton Dulles халқаро аэропорти.

АҚШ ички хавфсизлик департаменти виза эгаси гаров шартларини бузган бўлиши мумкин бўлган ишларни Фуқаролик ва иммиграция хизмати орқали текширади. Қуйидаги ҳолатлар виза талабларини бузиш ҳисобланади.