Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учрашувида иштирок этиш учун Туркманистонга боради
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувида иштирок этади.
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 5-6 август кунлари Туркманистондаги «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувида иштирок этади.
Туркманистон президенти раислигида ўтадиган тадбирда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳам қатнашади.
Давлат раҳбарлари 2019 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтган Маслаҳат учрашувида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши натижаларини кўриб чиқади.
Кун тартибига минтақада барқарор ва изчил тараққиётни таъминлаш, савдони ривожлантириш, энергетика соҳасида шериклик учун қулай шароитлар яратиш, транспорт-коммуникация соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, пандемияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва бошқа масалалар ҳам киритилган.
Ўзбекистон президенти ўз нутқида дўстлик ва яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва кўмак муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор ташаббусларни илгари суриши, узоқ муддатли умумий манфаатларга асосланган минтақавий ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини баён қилиши кутилмоқда.
Саммит якунида муҳим кўп томонлама ҳужжатлар, шу жумладан давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилинади.
Ўзбекистон президенти Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиши ҳам режалаштирилган.
Маслаҳат учрашувининг дастури доирасида Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти ва минтақа Иқтисодий форуми, миллий маҳсулотлар кўргазмаси, миллий таомлар фестивали ҳамда санъат усталарининг тантанали концерти ўтказилиши мўлжалланган.
Таъкидлаш жоиз, маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон президенти томонидан 2017 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган эди.
Давлат раҳбарларининг биринчи саммити 2018 йил март ойида Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда, иккинчиси эса 2019 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди.
Мавзуга оид
21:06 / 04.11.2024
2025 йил энергетика корхоналари учун тежамкорлик ва самарадорлик йили бўлиши қатъий белгиланди
18:32 / 04.11.2024
Тадбиркорлик фаолиятини рўйхатдан ўтмасдан амалга оширганлик учун молиявий жарима бекор қилинади
07:35 / 02.11.2024
Шавкат Мирзиёев Россия ҳукумати раисининг ўринбосарини қабул қилди
17:13 / 01.11.2024