Жаҳон | 14:30 / 14.08.2024
8132
9 дақиқада ўқилади

Ғалабадан йироқ Исроил, Курскда 74 та аҳоли пунктини назоратига олган Украина ва самокатларни тақиқлаётган Австралия — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ғазодаги вазият

ҲАМАСдагилар Ғазодаги сулҳ бўйича музокаралар бўйича ўз талабларини такрорлаб, бошқатдан янги музокаралар эмас, Исроил ва воситачилар билан муҳокама қилиб бўлинган келишув бўйича иш олиб бориш лозимлигини таъкидлаган.

Душанба куни АҚШ пайшанба кунга мўлжалланган музокаралар режaлаштирилганидек ўтказилишини таъкидлаган. Вашингтондагилар ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш ҳамон имконли эканидан умидвор. Axios нашрининг хабарига кўра, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен сешанба куни музокара учун ҳатто Қатар, Миср ва Исроилга боришни ҳам режалаштирган.

ҲАМАС ҳаракати расмий вакилининг Reutersʼга айтишича, гуруҳ пайшанба кунги музокараларда иштирок этишни режалаштираётгани тўғрисидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

“Бизнинг шу кундаги баёнотларимиз аниқ-равшан: қўйилган талабларни бажариш керак, янги музокараларга ҳожат йўқ”, — деган ўз номини ошкор этишни истамаган мулозим.

Бу орада Исроилнинг сешанба куни берган зарбалари оқибатида Ғазо секторининг марказий ва жанубий қисмларида 19 нафар фаластинлик ўлдирилгани маълум қилинди.

БМТ маълумотларига кўра, 4 июлдан бошлаб ҳисобланганда Ғазодаги қочқинлар жон сақлаётган мактабларга 20 та ҳужум уюштирилган ва унда 274 нафар фаластинлик қурбон бўлган.

БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкиллаштириш бўйича Яқин Шарқ агентлиги (UNRWA) Исроилнинг Ғазодаги мактабларга уюштирган ҳужумлари борасида баёнот билан чиқиш қилган.

Бу маълумотга кўра, сўнгги 10 ой ичида Ғазодаги мактабларнинг ярмидан кўпига тўғридан тўғри зарбалар берилган.

Ғалабадан йироқ Исроил

Исроил армиясининг 100 га яқин офицери Бош штаб раҳбари Герци Халевига хат жўнатиб, “Ғазо секторидаги вазият ғалабадан йироқ” эканини маълум қилишган, деб ёзишмоқда Исроил нашрлари.

«Биз армиянинг юқори мартабали мулозимларининг бир неча бор ғалаба яқинлиги, нуқтали рейдларга ўтавериш мумкинлиги борасидаги чиқишларидан таажжубдамиз”, – дейилади хатда.

“Биз жанг майдонидан чиқиб келганлар вазият ҳали ғалабадан жуда йироқ эканини жуда яхши биламиз”, деган улар.

Исроил ҳарбийларининг таъкидлашларича, Фаластин қаршилик ҳаракати жангчиларида ҳамон трансчегаравий имкониятлар, жумладан кузатувчи ва камикадзе дронлар, миномёт снарядлари ва улкан ерости туннелларидан иборат инфратузилма бор, шунингдек, жангни давом эттириш учун аскарлари етарли.

Ғазо секторида 10 ойдан буён давом этаётган жангларда олий ҳарбий қўмондонлар ва сиёсий раҳбарлар яқин орада “Ғазода тўлиқ ғалаба қозонилиши” ҳақида мудом таъкидлаб келишади.

Шу йилнинг февралида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Американинг ABC телеканалига берган интервюсида “ғалаба яқин”лиги, Рафаҳга бостириб кириш “ҲАМАСнинг қолган-қутган баталионларини йўқ қилиш” учун кераклигини таъкидлаган эди.

ОАВ маълумотларига кўра, Ғазо секторида 7 октябрдан буён давом этаётган ҳарбий можаро давомида камида 10 минг исроиллик аскарлар ўлдирилган ва ярадор қилинган.

Исроил эса тинч аҳоли вакиллари ўлдирилаётган Ғазодаги уруш фонида БМТ Хавфсизлик кенгашининг ўт очишни тўхтатиш борасида резолюцияларини назар-писанд қилмай жаҳон ҳамжамиятининнг қоралашига мубтало бўлди.

Бен-Гвирдан яна провокация

Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир сешанба куни яҳудийларга Ал-Ақсо масжиди ҳудудида ибодат қилишга рухсат бериш зарурлиги ҳақида таъкидлаган. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу офиси ибодат ўрнининг статуси ўзгартирилиши ммкониятини рад этди.

“Ибодат тепалигида на хавфсизлик вазири, на бошқа вазирнинг хусусий сиёсат олиб боришга ҳақи йўқ”, — деган Нетаняҳу офиси.

Яҳудийларнинг мотам куни Тиша бе-авда Бен-Гвир “Бизнинг сиёсатимиз — ибодат қилишга рухсат беришдир”, деган. Бу жойларни бошқарувчи вақф фонди эса сешанба куни Ал-Ақсо ҳудудига 2,5 минг яҳудий бостириб кирганини таъкидлаган.

Фаластин раиси Маҳсуд Аббоснинг вакили Бен-Гвирнинг бу ташрифини “провокация” деб атаган ва “минтақада назоратсиз портлаш келиб чиқмаслиги учун” АҚШни аралашишга чақирган.

Исроил кучлари Қуддус шаҳрининг эски шаҳар қисмига олиб борувчи йўлларни ёпишган, юзлаб аскарларни чегара бўйлаб ўрнатишган ва ҳудудда “ҳарбий ҳолат” жорий этиб, масжидга кирмоқчи бўлган фаластинликлар учун чекловлар ўрнатишган.

Бу орада Европа дипломатик хизмати раҳбари Жозеп Боррел Исроилнинг экстремист вазирлари Итамар Бен-Гвир ва Бечалел Смотричга нисбатан кескин чоралар кўришга чақирган.

“Бутун дунё Ғазода ўт очишни тўхтатишга чорлаётган бир пайтда, Бен-Гвир тинч аҳолига озиқ-овқат ва ёқилғи етказиб беришни қисқартириш кераклигини таъкидламоқда. Смотричнинг ёвуз чақириқлари каби бу ҳам ҳарбий жиноятларга қасд қилишдир”, — деб ёзган Боррел Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Шу муносабат билан евродипломатия раҳбари “санкциялар кун тартибида бўлиши керак”лигини таъкидлаган.

Бу Европанинг олий мартабали мулозимининг Исроил раҳбарияти вакилларига нисбатан санкциялар жорий қилиш борасидаги илк чиқишидир.

Украинанинг Курскка ҳужуми

Украина ҳарбийлари Россиянинг 74 та аҳоли пунктини назорат қилмоқда, деган Украина президенти Володимир Зеленский. Украина раҳбари босиб олинган ҳудудларда «гуманитар ечимларни ишлаб чиқиш» давом этаётганини маълум қилди.

«Мураккаб, шиддатли жангларга қарамай, бизнинг кучларимиз Курск вилоятида олдинга силжишда давом этмоқда ва «алмашув фондимиз» ўсиб боряпти», деган Зеленский.

Украина президентининг сўзларига кўра, босиб олинган ҳудудларда «гуманитар ечимларни ишлаб чиқиш давом этмоқда». У аҳоли пунктларида қанча тинч аҳоли қолганига аниқлик киритмади.

Украина Россия ҳудудларини босиб олишдан манфаатдор эмас ва Украина Қуролли Кучларининг Курск областидаги ҳужум операцияси фақат мамлакат фуқароларини ҳимоя қилишга қаратилган. Бу ҳақда Киевдаги брифингда Украина Ташқи ишлар вазирлиги спикери Георгий Тихий маълум қилди.

«Россиядан фарқли ўлароқ, Украинага бировнинг мулки керак эмас. Украина Курск областидаги ҳудудни эгаллашдан манфаатдор эмас, биз халқимиз ҳаётини ҳимоя қилмоқчимиз», деган Тихий.

«Афсуски, Украина бу террордан ўзини ҳимоя қилиш учун ўз қуроллари билан узоқ масофадан зарбалар бериш учун етарли имкониятларга эга эмас. Биз талаб қилаётган бундай қарорлар ҳали мавжуд эмас. Шунинг учун Украина Қуролли кучлари ёрдамида бу чегара ҳудудларини Украинага зарба бераётган Россия ҳарбий контингентларидан озод қилиш айниқса муҳим», деган дипломат.

ТИВ вакилининг сўзларига кўра, Украина «тегишли мақсадларга» эришмоқда ва Курск областидаги операция Россияга Донецк вилоятидаги фронтга қўшимча ҳарбий қисмларни ўтказишга имкон бермайди ва Россия Мудофаа вазирлигининг моддий-техник таъминотини мураккаблаштиради.

Самокатларни тақиқлаётган Австралия

Австралияда жамоатчилик норозилиги туфайли электросамокатлар ижараси тақиқланди.

Австралиянинг Мелбурн шаҳрида электросамокатлар ижараси «хавфсизлик учун йўл қўйиб бўлмайдиган таваккалчилик туғдириши» боис тақиқланди, деб хабар беради BBC.

Шаҳар кенгаши илк бор 2022 йил февралда электросамокатлардан икки йил давомида тест режимида фойдаланишга рухсат берганди, бироқ ҳозирга келиб кенгашнинг позицияси кескин ўзгарди. Ўтган давр ичида самокатлар билан боғлиқ юзлаб авариялар қайд этилган бўлиб, бу жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлди.

Мелбурн мэрининг маълум қилишича, у айрим электросамокат фойдаланувчиларининг номақбул ҳаракатларидан «тўйган». «Пиёдалар йўлакларидан жуда кўп юришади. Одамлар уни белгиланганидек парковка қилмайди, шаҳар бўйлаб худди чиқинди каби ёйилиб кетган.

“Мелбурн — қисқа муддат фойдаланишдан кейин 26 km/h тезликка эриша оладиган скутерларни ижарага олишни тақиқлаган дунёдаги сўнгги шаҳардир. Франция пойтахти Париж уларни ўтган йилнинг сентябрида тақиқлаганди”, — дейди шаҳар мэри Николас Рис.

13 август куни шаҳар кенгаши аъзолари электросамокатларни зудлик билан тақиқлаш бўйича қарор қабул қилди. Lime ва Neuron операторларига ўз электросамокатларини 30 кун ичида олиб ташлаш мажбурияти юкланди.  

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид