Ўзбекистон | 12:08 / 24.06.2021
16988
2 дақиқада ўқилади

Энди ўзбекистонликлар «Ал-Азҳар»да фақатгина Дин ишлари бўйича қўмита тавсияси асосида ўқий олади

2021 йилдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари Мисрда жойлашган «Ал-Азҳар»нинг барча муассасаларига фақатгина Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тавсияси асосида қабул қилинади.

Фото: Ал-Азҳар

Маълум қилинишича, жорий йилдан «Ал-Азҳар» мажмуасида таълим олиш юзасидан мурожаатлар 2021 йил 25 июндан – 15 июлгача Дин ишлари бўйича қўмита ҳузурида ташкил этилган Ўзбекистон фуқароларининг хорижий диний таълим муассасаларида таълим олишига кўмаклашиш бўйича Маслаҳат кенгаши томонидан кўриб чиқилади ҳамда қўмита тавсияси асосида амалга оширилади.

Таълим мажмуасига келаси йилда қабул қилиш бўйича Ўзбекистон фуқароларининг мурожаатлари эса йил давомида – 2021 йил 1 августдан 2022 йил йил 30 июнга қадар Маслаҳат кенгаши томонидан қабул қилинади.

«Ал-Азҳар»да ўқиш истагида бўлган Ўзбекистон фуқаролари Маслаҳат кенгашига қуйидаги ҳужжатларнинг нусхаларини тақдим этиши керак:

  • Ариза (намуна бўйича)
  • Фуқаролик паспорти ёки (ID) карта нусхаси;
  • Умумий ўрта таълим (11-синф негизида шаҳодатнома, аттестат), ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ёки олий таълим муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат;
  • Фуқаронинг шахсий маълумотномаси (намуна бўйича тўлдириш шакли) ва таржимаи ҳоли (эркин шаклда).

Фуқароларнинг мурожаатлари Маслаҳат кенгаши ишчи гуруҳи томонидан жорий йил 16-30 июль кунлари кўриб чиқилади ҳамда суҳбат натижасига кўра «Ал-Азҳар» таълим мажмуасида ўқишга тавсия этилган фуқаролар рўйхати тавсия хати асосида мажмуа администрациясининг электрон манзилига юборилади.

Қўмита матбуот хизматига кўра, ушбу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 августдаги «Хорижий диний таълим муассасаларида таълим олиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида» 651-сонли қарори билан ўрнатилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 15 июн куни омбудсман ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова бошчилигидаги делегация Миср расмийлари билан учрашиб, у ерда таълим олаётган ўзбекистонлик ёшлар, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни диний экстремизм ва терроризмнинг салбий таъсиридан ҳимоялаш бўйича фикр алмашган эди.

Мавзуга оид