Жаҳон | 19:33 / 13.08.2025
7890
3 дақиқада ўқилади

Буюк Британияда сувни тежаш учун эски электрон мактублар ва фотосуратларни ўчириб ташлаш тавсия қилинди

Экспертлар буни маъносиз ва зарарли деб ҳисоблашмоқда.

Фото: REUTERS

Буюк Британия ҳукумати жазирама ва қурғоқчилик сабабли юзага келган сув танқислиги ортидан сувни тежаш бўйича тавсияларни эълон қилди. Tomʼs Hardware нашри ҳукумат сувни тежаш учун аҳолига эски электрон ёзишмаларни ўчириб ташлашни тавсия қилганига эътибор қаратди.

Қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича миллий гуруҳ айни пайтдаги вазиятни “миллий аҳамиятга эга фавқулодда ҳолат” деб атади. Бешта регионда расман қурғоқчилик эълон қилинган, Англиянинг аксарият дарё ва сув омборларидаги сув сатҳи пасайишда давом этмоқда. Independent нашрининг қайд этишича, Буюк Британияда 2025 йилнинг биринчи ярим йиллиги 1976 йилдан буён кузатилган энг қурғоқчил давр бўлди.

Буюк Британия ҳукумати сайтида сувни тежаш бўйича тавсиялар эълон қилди. Ҳукумат аҳолига, хусусан:

  • душ қабул қилиш вақтини камайтириш;
  • унитазлардаги сув сизишини бартараф этиш;
  • ёмғир сувларини тўплаш учун бак ўрнатиш ва ундан суғоришда фойдаланиш,
  • чимларни суғормаслик;
  • маълумотлар марказларида совитиш тизимлари учун йирик миқдорда сув талаб қилингани сабабли эски электрон мактублар ва фотосуратларни ўчириб ташлашни тавсия қилган.

Tomʼs Hardware нашрининг қайд этишича, эски ёзишма ва фотосуратларни ўчириб ташлашга оид тавсиядан маъно йўқ, чунки маълумотлар марказларининг асосий харажати маълумотларни сақлаш эмас, процессорлар ишлаши билан боғлиқ. Нашрнинг ёзишича, шунингдек, файлларни қидириш ва ўчириш қўшимча ҳисоблаш операцияларини талаб қилади, бу эса ўз навбатида, қўшимча энергия ва сув истеъмолига олиб келади. Шу тарзда, ҳукуматнинг бу тавсияси акс таъсир бериши мумкин.

“Биз ҳозирги қурғоқчилик шароитида жорий этилган чекловларга риоя қилаётгани учун жамоатчиликка миннатдорлик билдирамиз. Жўмракни ёпиб юриш ёки эски ёзишмаларни ўчириш каби оддий кундалик амаллар талабнинг камайиши ва дарёларимиз ҳамда ёввойи табиатни сақлаб қолиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизга ҳисса қўшади”, — деди атроф-муҳитни сақлаш агентлигининг сув ресурслари бўйича директори ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича миллий гуруҳ раиси Хелен Уэйкхем.

Оксфорд университети ўтказган тадқиқотга кўра, ўртача маълумотлар маркази йилига 26 миллион литрга яқин сув истеъмол қилади, дея қайд этади The Independent.

Мавзуга оид