Жаҳон | 22:26 / 07.08.2025
6209
2 дақиқада ўқилади

Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги стратегик йўлак АҚШ назоратига берилади

АҚШ президенти Доналд Трамп Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан Озарбойжонни Нохичеван билан боғловчи ва Арманистон ҳудудидан ўтувчи йўлак ҳақидаги битимни 8 август куни имзолаши кутилмоқда.

Фото: Reuters

Вашингтон Жанубий Кавказдаги энг муҳим транспорт йўлагини назоратга олади, бу Боку ва Ереван ўртасида кутилаётган тинчлик келишувининг бир қисми бўлади, деб ёзди Reuters АҚШ расмийларига таяниб.

Йўлак «Трампнинг халқаро тинчлик ва фаровонлик йўли» (Trump Route for International Peace and Prosperity ёки TRIPP) деб номланади.

Нашр маълумотларига кўра, битимни имзолаш маросими 8 август куни Оқ уйда бўлиб ўтади. Унда АҚШ президенти Доналд Трамп Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан музокаралар ўтказади. Манбаларнинг аниқлик киритишича, ҳадли келишув «тинчликка эришишнинг аниқ йўли» ва узоқ вақтдан бери долзарб бўлган транзит масаласини ҳал қилишни назарда тутади.

Ушбу йўлак бир неча йиллардан буён икки давлат ўртасидаги баҳс мавзуси бўлиб келаётган эди. Озарбойжон мамлакатнинг асосий қисмини ўз эксклави - Нохичеван билан боғлаш учун Арманистон ҳудуди орқали транспорт йўлаги яратишни талаб қилиб келмоқда.

Арманистон йўлакни фақат ўз назорати остида очишга рози бўлди, аммо Озарбойжон бунга қаршилик қилди. Энди Арманистон Қўшма Штатларга ушбу транзит йўналишини ривожлантириш учун узоқ муддатли эксклюзив ҳуқуқларни беради.

Расмийларга кўра, маршрут Арманистон қонунчилигига мувофиқ ишлайди, АҚШ эса участкани инфратузилмани қуриш ва бошқариш билан шуғулланадиган консорциумга иккиламчи ижарага беради.

Бундан ташқари, Арманистон ва Озарбойжон раҳбарлари 1992 йилда можарога воситачилик қилиш учун ташкил этилган АҚШ, Франция ва Россия бошчилигидаги Минск гуруҳини тарқатиб юбориш тўғрисидаги ҳужжатни имзолайди. Америка расмийларининг фикрича, эришилган келишув Озарбойжоннинг «Иброҳим келишувларига» - Трамп президентлигининг биринчи даврида тузилган Исроил ва бир қатор мусулмон давлатлари ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш ташаббусига қўшилиши мумкин бўлган қадамга айланиши мумкин.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид