Жаҳон | 09:45
410
2 дақиқада ўқилади

Арманистон ва Туркия визавий тартибни қисман соддалаштирди

Арманистон ва Туркия 2026 йил 1 январдан дипломатик, хизмат ва махсус паспорт эгалари учун визавий тартибни соддалаштиради. Янги йилдан бошлаб улар электрон визани бепул олади.

Фото: Арманистон ТИВ

Арманистон ва Туркия 2026 йил 1 январдан дипломатик, хизмат ва махсус паспорт эгалари учун виза олиш жараёнини енгиллаштиришга келишиб олди. Бу ҳақдаги қарор душанба куни, 29 декабрда Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида ва Туркия ТИВнинг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилинди.

Икки давлатнинг бундай паспорт эгалари келаси йилдан бошлаб электрон визани бепул олиш имкониятига эга бўлади. “Шу муносабат билан Арманистон ва Туркия икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш жараёнини давом эттиришга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди, мақсад — ҳеч қандай олдиндан шартларсиз тўлиқ нормаллашувга эришиш”, — дейилади икки давлат ТИВ баёнотида.

Арманистон ва Туркия ўртасида дипломатик муносабатлар йўқ, мамлакатлар чегараси эса 1993 йилдан бери ёпиқ.

Бироқ сўнгги йилларда икки мамлакат муносабатлари аста-секин нормаллаша бошлаган. 2025 йил ёзининг бошларида икки давлат раҳбарлари — Ражаб Таййиб Эрдўған ва Никол Пашинян — Истанбулда учрашув ўтказган. Арманистон парламенти спикери Ален Симонян бу воқеани тарихий деб атаб, бу “Арманистон раҳбарининг Туркияга бундай даражадаги илк ташрифи” эканини айтган.

2023 йилда ҳам Пашинян Туркияга борган — у Эрдўғаннинг инаугурациясига Анқарага ташриф буюрган. Ереван таъкидлашича, бу галги ташриф Туркия билан муносабатларни нормаллаштириш учун ҳам, Боку билан можарони ҳал этиш учун ҳам зарур бўлган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид