Жамият | 18:03
2344
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликларга Green Card учун виза бериш тўхтатилди

30 декабрдан бошлаб АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Diversity Visa дастури бўйича визалар берилиши тўхтатилганини эълон қилди. «DV дастури мурожаатчилари визага ариза топширишлари ва суҳбатдан ўтишлари мумкин, АҚШ Давлат департаменти ўз навбатида суҳбат санасини белгилашда давом этади, бироқ DV визалари берилмайди», дейилади элчихона баёнотида.

Фото: REUTERS

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси 30 декабрдан бошлаб Diversity Visa дастури бўйича визалар берилиши тўхтатилганини эълон қилди.

«Ҳозирдан эътиборан, АҚШ давлат департаменти турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси (DV) дастури бўйича барча визалар берилишини тўхтатиб қўяди. DV дастури мурожаатчилари визага ариза топширишлари ва суҳбатдан ўтишлари мумкин, АҚШ Давлат департаменти ўз навбатида суҳбат санасини белгилашда давом этади, бироқ DV визалари берилмайди.

DV дастури бўйича белгиланган суҳбат саналари бошқа санага кўчирилмайди ёки бекор қилинмайди. АҚШ давлат департаменти мурожаатчиларни хабардор қилиб боришга интилади ҳамда қўшимча янгилик бўлиши биланоқ жамоатчиликка тақдим этади», дейилади элчихона хабарида.

Аввалроқ, АҚШ президенти Доналд Трамп Green Card лотерея дастурини тўхтатиб туриш бўйича буйруқ бергани хабар қилинганди.

Green Card – АҚШда 1990 йилдан бери чет элликларга ҳар йили тасодифий равишда 50 мингта яшаш гувоҳномаси тарқатиладиган дастур (Марказий Америка мамлакатлари учун ҳар йили яна беш минг тур ажратилади). 2025 йил май ойида эълон қилинган лотерея натижаларига кўра, Ўзбекистон саралаб олинган ғолиблар бўйича мамлакатлар рўйхатида етакчилик қилган – 5564 киши. Кейинги ўринларда Жазоир (5526) ва Россия (5519) қайд этилган.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид