Спорт | 11:41 / 21.03.2026
6075
7 дақиқада ўқилади

Суперлига. «Нефтчи» йўқотишсиз бормоқда, «Бухоро» пешқадамни қувяпти

Ўзбекистон Суперлигасида 4-тур ўйинлари ўтказилди. «Нефтчи» мавсумда биринчи марта гол ўтказди, аммо ғалабали қадамини давом эттирди. «Навбаҳор» ва «Насаф» сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб, мағлубиятга учради. Жиззахда 6 та гол урилган ўйинда «Пахтакор» уч очкони қўлга киритди. ОКМК биринчи марта ғалаба қозонди, бош мураббий Миржалол Қосимов мобил ўйинлар туфайли футболчиларда иштиёқ пасайиб кетганини айтди.

Фото: Нефтчи

18-20 март кунлари футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасида 4-тур ўйинлари ўтказилди.

ҚИЗИЛҚУМ 0:1 ОКМК

Гол: Аброр Каримов, 34 (0:1)

ОКМК мавсумдаги биринчи ғалабасини Навоийда қўлга киритди. Ягона гол «Қизилқум»ни мағлуб этиш учун етарли бўлди. Олмалиқликлар ушбу ғалабадан кейин мусобақа жадвалида 10-ўринга кўтарилиб олди.

«Қизилқум» бош мураббийи Акмал Рустамов жамоа ягона хато туфайли ютқазганини айтди. ОКМК устози Миржалол Қосимов футболчиларнинг иштиёқини телефондаги ўйинлар олиб қўяётганидан шикоят қилди. «Ҳозир телефон чиқиб кўпларнинг хаёлини оляпти, телефондаги ўйинлар майдондаги футболдан кўпроқ азарт беряпти. Қанийди майдонда ҳам шундай кураш кечса. Телефондаги ўйинлар ёшларнинг миясини бузяпти», деди у.

ҚЎҚОН-1912 2:1 НАВБАҲОР

Голлар: Анри Чичинадзе, 14 (0:1), Жавоҳир Ҳусанов, пен 28 (1:1), Муҳаммаданас Ҳасанов, 90+4 (2:1)

Қўқонда кутилмаган натижа қайд этилди. Ғалаба нималигини билмай келаётган мезбонлар «Навбаҳор»ни иродали тарзда мағлуб этишга эришди. Ғалаба келтирувчи гол сўнгги дақиқаларда урилди.

«Қўқон-1912» устози Андрей Шипилов бугун омад кулиб боққанини тан олди. «Навбаҳор» бош мураббийи Темур Кападзе мағлубиятни бошқа нарсалар қатори майдон ҳолати билан ҳам боғлади. «Майдон ҳам оғир, ўт баланд экан, бу эса рақибга қўл келди. Майдонда тўп секин юрди, бизга оғирлик қилди, майдон ҳолати билан кураш олиб бордик», деди у.

ХОРАЗМ 1:2 БУНЁДКОР

Голлар: Носиржон Абдусаломов, 16 (0:1), Матия Кривокапич, 43 пен (0:2), Темур Исмаилов, 54 (1:2)

Четлатиш: Сардор Раҳмонов, 62 (Бунёдкор)

«Бунёдкор» Урганчдаги қийин ўйинда 3 очкони қўлга киритди. Тошкентликлар сўнгги ярим соатни рақибга нисбатан камчиликда ўтказди, аммо ғалабани ушлаб қолишга эришди.

«Хоразм» бош мураббийи Сергей Токов иккита гол ўтказиб юборилган биринчи бўлим ҳақида «уялишимиз керак» деди. «Бунёдкор» устози Илёс Зейтуллаев ғалабадан хурсандлигини яширмади ва ўзини «ўзбек Спалеттиси» деб аталишига хотиржам муносабатда эканини таъкидлади. «Мен ўзимни ўзбек спагеттиси дейман (кулиб). Менга Спалетти мураббий сифатида ёқади, лекин мен ангренликман», деди у.

БУХОРО 3:1 ДИНАМО

Голлар: Равшан Хайруллаев, 45, автогол (0:1), Темур Мамасидиқов, 48 (1:1), Шаҳзодбек Убайдуллаев, 54 (2:1), Равшан Хайруллаев, 63 (3:1)

Яна бир кутилмаган натижа Бухорода қайд этилди. Александр Хомяков қўл остидаги «Бухоро» Самарқанднинг «Динамо» клубини иродали тарзда мағлуб этди. Бу натижадан сўнг, бухороликлар мусобақа жадвалида иккинчи ўринга кўтарилиб олди ва чемпионат стартидаги асосий кашфиёт бўлиб турибди.

«Бухоро» бош мураббийи ўйиндан кейин «дастлаб уятли гол ўтказдик ва тезкор гол урдик. Иккинчи голда омадимиз келди, учинчи голимиз эса ўйинга якун ясаб берди», деди. «Динамо» устози Вадим Абрамов майдон сифатига эътироз билдирди. «Ўйлашимча, бу майдонда футбол ўйнашга бошқа рухсат беришмаса керак», деди у.

АНДИЖОН 2:0 МАШЪАЛ

Голлар: Мартин Боаке, 18 (1:0), Дониёр Абдуманнопов, 76 (2:0)

Четлатиш: Иброҳим Ғанихонов, 12 (Машъал)

«Андижон» аутсайдер устидан ишончли тарзда ғалаба қозонди. «Машъал» ўйин бошидаёқ бир футболчи кам бўлиб қолди. Иброҳим Ғанихонов «Андижон» ҳимоячиси Игор Голбанга тирсаги билан зарба берган деб топилди ва майдондан четлатилди. Вазият ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама қилинди, қоидабузарлик яққол эмасдек кўринди. Ўйиндан кейин Футбол ҳакамлари маркази Игор Голбаннинг ёрилган қоши фотосуратини эълон қилди. Мезбонлар таркибдаги устунликни ғалабага айлантира олди. «Машъал» ҳали бирорта гол урмади ва жадвал тубига «ўрнашиб» қолди.

«Андижон» бош мураббийи Самвел Бабаян ўйиндан кейин танқидий фикр билдирди: «Жамоам ўйинидан тўлиқ қониқмадим. Қониқдим деган мураббий фаолиятини тугатиб қўявергани яхши деб ўйлайман», деди. «Машъал» устози Игор Суров «агар бир киши кам бўлиб қолмаганимизда, умуман бошқача футбол намойиш этган бўлардик», деди.

СЎҒДИЁНА 2:4 ПАХТАКОР

Голлар: Филип Иванович, 2 (1:0), Фламарион, 36 (1:1), Рустам Турдимуродов, 50 (1:2), Рустам Турдимуродов, 57 пен (1:3), Ҳожимат Эркинов, 74 пен (1:4), Фейсал Мулич, 90+5 пен (2:4)

Турнинг энг «қувноқ» ўйини Жиззахда ўтказилди. 6 та гол урилган баҳсда «Пахтакор» ишончли ғалабани қўлга киритди ва учинчи ўринга кўтарилиб олди. Меҳмонлар таркибида Рустам Турдимуродов иккита гол урди. «Сўғдиёна» учун мавсум старти муваффақиятсиз кечди – жамоа 1 очко билан сўнгги ўринлардан бирини эгаллаб турибди.

«Сўғдиёна» бош мураббийи Иван Бошкович дастлабки тўртта ўйинда атиги бир очко тўплангани ҳақида гапирар экан, буни инқироз эканини қисман тан олди, лекин жамоа янада яхшироқ ҳаракат қилишига ишонтирди. Молиявий муаммолар ҳақидаги саволни эса жавобсиз қолдирди.

НАСАФ 0:1 СУРХОН

Гол: Торнике Дзебниаури, 90+2 (0:1)

Яна бир кутилмаган натижа Самарқандда қайд этилди. «Насаф» сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб, «Сурхон»га ютқазди. Термизликлар бундан олдин бош мураббий Станислав Кудряшов билан хайрлашиб, ўрнига Анвар Ғофуровни тайинлаган эди. Унинг дебюти муваффақиятли чиқди. «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев мағлубиятни «ҳужумларда етарлича фаол бўлмагани» билан изоҳлади. Анвар Ғофуров ғалабани омад билан изоҳлади.

НЕФТЧИ 3:1 ЛОКОМОТИВ

Голлар: Иброҳимҳалил Йўлдошев, 11 (1:0), Темурхўжа Абдухолиқов, 36 пен (1:1), Стипе Перица, 65 (2:1), Алишер Одилов, 89 (3:1)

«Нефтчи» навбатдаги ғалабани қўлга киритди. Фарғоналиклар 15 йилда илк маротаба «Локомотив»ни ўз майдонида енгишга муваффақ бўлди ва чемпионатда йўқотишсиз бормоқда. Бу ўйинда улар мавсумдаги илк голини ўтказди (пеналтьидан), аммо яна учта гол уришга муваффақ бўлди. «Нефтчи» бош мураббийи Исломбек Исмоилов дастлабки ўтказиб юборилган голдан ранжиганини тан олди: «гол ўтказмаслик сериясини узоқ давом эттиришни мақсад қилгандик», деди. «Локомотив» устози Мирко Йеличич: «Ҳозирча даражамиз «Нефтчи» билан бир хил эмас ва буни тўғри тушуниш керак», деди.

4-тур ўйинларидан кейин Суперлига жадвали

Суперлига тўпурарлари

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид