Спорт | 22:51 / 04.04.2026
4818
3 дақиқада ўқилади

Суперлига. “Нефтчи” яна йирик ғалабага эришди, “Бухоро” мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилди

“Нефтчи” бу гал рақиб дарвозасига жавобсиз тўртта гол киритиб, навбатдаги ғалабасини қўлга киритди. "Сурхон" "Бухоро"га мавсумдаги илк мағлубиятини тақдим этди.

Фото: ПФЛ

2-4 апрел кунлари Ўзбекистон Суперлигасида 5-тур ўйинлари бўлиб ўтди.  

СЎҒДИЁНА 2:2 ҚЎҚОН-1912

Турнинг дастлабки ўйинида “Сўғдиёна” жамоаси “Қўқон-1912” клубини қабул қилди. “Дўстлик” стадионида кечган беллашув 2:2 ҳисобидаги жанговар дуранг билан якунланди. Фейсал Мулич ҳамда Люпчо Дориевнинг голларига меҳмонлар таркибида Шоҳруҳ Гадоев ва Шота Гвазава жавоб қайтарди.

БУНЁДКОР 2:0 ЛОКОМОТИВ

Биринчи куннинг иккинчи ўйинида “Бунёдкор” ўз майдонида “Локомотив”ни қабул қилди.

Беллашув майдон эгаларининг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан ниҳоясига етди. Голларга Бобурбек Йўлдошев ҳамда Марко Бугарин муаллифлик қилди.

ХОРАЗМ 2:1 ДИНАМО

“Хоразм” жамоаси бу турда Самарқанднинг “Динамо” клубини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Мезбонлар сафида Азизбек Пирмуҳаммадов ҳисобни очган бўлса, Равшанбек Ягудиннинг автоголи “Динамо”нинг мағлубиятига сабаб бўлди. Меҳмонларнинг жавоб голини Тил Мавретич киритди.

НАВБАҲОР 2:1 МАШЪАЛ

Тошкентдаги “Олимпия” стадионида кечган “Навбаҳор” ва “Машъал” жамоалари ўртасидаги учрашув лочинларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан ниҳоясига етди. Диёр Холматов ҳамда Муҳаммадали Усмоновнинг голларига меҳмонлар таркибида Влатко Стояновский бир бор жавоб қайтарди.

НАСАФ 1:0 АНДИЖОН

“Насаф” жамоаси Самарқанддаги “Динамо” стадионида “Андижон”ни қабул қилиб, кичик ҳисобда ғалаба қозонди. Учрашувдаги ягона голга Муродбек Раҳматов муаллифлик қилди.

ПАХТАКОР 3:1 ОКМК

“Пахтакор” ўз майдонида Олмалиқнинг ОКМК клуби устидан ишончли ғалабага эришди. Фламарион Жовино, Достонбек Ҳамдамов ҳамда Муҳаммадқодир Ҳамралиевнинг голларига Азиз Холуродов бир бор жавоб қайтарди.

ҚИЗИЛҚУМ 0:4 НЕФТЧИ

Турнинг энг йирик ҳисоби Навоийда қайд этилди. Ҳар бир турда учтадан гол киритиб келаётган Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси бу сафар “Қизилқум” дарвозасига жавобсиз тўртта тўп киритди. Голларга Зоран Марушич (2 та), Алишер Одилов ва Икромжон Алибоев муаллифлик қилди.

СУРХОН 3:1 "БУХОРО

“Бухоро”нинг ушбу мавсумдаги мағлубиятсиз сериясига "Сурхон" чек қўйди. Мезбонлар сафида Суннатулла Абдуллажонов ва Стефан Чинеду (2та) гол муаллифларига айланган бўлса, Шаҳбоз Жўрабеков меҳмонларнинг ягона жавоб голини киритди.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид