Жаҳон | 22:11 / 10.03.2020
27382
6 дақиқада ўқилади

Конституцияга киритиладиган ўзгартиришлар – Путинга президентликда қолиш учун янги имконият(ми)?

Путиннинг президентлик муддатларини бошидан ҳисоблаш тўғрисида сиёсатчилар орасида биринчи бўлиб унинг собиқ ёрдамчиси Владислав Сурков айтганди. 

Фото: Павел Головкин / AP

Давлат думаси 10 март куни Конституцияга киритилган ўзгаришларни иккинчи ўқишда кўриб чиқди.

  • «Единая Россия» ва ЛДПР депутатлари думага муддатидан аввал сайловлар ўтказишни таклиф қилди.
  • Валентина Терешкова президентлик муддатини бошидан ҳисоблаш таклифи билан чиқди, бу Владимир Путинга янги сайловларда иштирок этиш имкониятини беради.
  • Терешкованинг таклифидан сўнг Путин Давлат думасига келди ва депутатлар олдида чиқиш қилди.

Путин думага муддатидан аввал сайловлар ўтказиш ва  президентлик муддатлари сонига қўйилган чекловни олиб ташлаш учун зарурат кўрмаётганлигини айтди. Аммо президентнинг ваколат муддатларини бошидан ҳисоблашни назарда тутган ўзгартириш Конституциявий суд томонидан қўллаб-қувватланса ва россияликлар буни ёқлаб овоз берадиган бўлса, қарши эмаслигини билдирди.

Муддатидан аввал сайловлар ўтказишни ким таклиф қилди?

10 март куни Давлат думаси йиғилиши бошланиши олдидан ЛДПР етакчиси Владимир Жириновский 20 сентябрда Давлат думасига муддатидан аввал сайловлар ўтказишни таклиф қилди. 

«Агарда янгиланган Конституция апрелда кучга кирадиган бўлса, у ҳолда янги парламент янги ваколатлар билан фаолият кўрсатиши учун Давлат думасига муддатидан аввал сайловлар ўтказишга тўғри келади», деди у.

Жириновский шунингдек, давлат раҳбарини сайлаш ваколатларини Давлат кенгашига ўтказишни таклиф қилди.  

Конституцияга киритилган ўзгаришларни иккинчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида «Единая Россия» партияси ҳаммуассиси ва партия олий кенгаши аъзоси Александр Карелин муддатидан аввал сайловлар ўтказиш таклифини илгари сурди.

«Янги ваколатларимиз учун янги сайловлар ўтказиш маъқул бўлади деб ҳисоблайман», деди у. 

«Справедливая Россия» етакчиси Сергей Миронов бу ғояни қўллаб-қувватлади. Коммунистик партия эса бунга қарши чиқди.  

Карелиннинг чиқишидан сўнг депутатлар Конституцияга Давлат думасидаги жами депутатларнинг учдан икки қисмининг овози билан дума ваколатлари муддатини қисқартириш қарорини қабул қилиши мумкинлиги тўғрисидаги тузатишни киритди. У ҳолда Россия президенти Давлат думасига янги сайловлар ўтказилишини белгилайди.

Президент учун янги муддат

Муддатидан аввалги сайловлар тўғрисидаги таклифни биринчи космонавт аёл, «Единая Россия» депутати Валентина Терешкова ҳам қўллаб-қувватлади. У шунингдек, Владимир Путиннинг президентлик сайловида иштирок этиши учун чекловларни олиб ташлашни таклиф қилди. Давлат думаси Путин ва фракциялар билан маслаҳатлашиш учун танаффус олди.

Аввалроқ Путин Конституциядаги президентлик муддатини чеклаш тўғрисидаги моддадан «кетма-кет» деган сўзни олиб ташлашни, икки марта сайланган собиқ президентнинг танаффус қилгач, яна сайловларда қатнашишини имконсиз қилиб қўйишни таклиф қилганди.

«Барибир, менимча, ҳокимият алмашишини кафолатлаш учун президентнинг сайланиш муддатлари сонини чеклаган яхши», — деди Путин «Россия-1» телеканалида намойиш этилган интервьюсида. У шу билан бирга, кўплаб мамлакатларда президентлик муддатлари сони учун чеклов йўқлигини қайд этди.

Муддатидан аввалги сайловлар тўғрисидаги муҳокамалар

Владимир Путин 5 март куни Давлат думаси фракциялари етакчилари ва палата спикери Вячеслав Володин билан учрашув ўтказди.

«Учрашув кун тартибидан муддатидан аввал сайловлар ўтказиш масаласи ўрин олмаган. Президент бу масалани кўтариб чиқмайди», — деди Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков.

23 январда думанинг давлат қурилиши ва қонунчилик бўйича қўмитаси бошлиғи Павел Крашенинников киритиладиган ўзгартиришлар Давлат думасининг тарқалиб кетишини кўзда тутмаслигини билдирганди. У шунингдек, Конституцияга ўзгартириш киритилганидан сўнг муддатидан аввал президентлик сайловлари бўлиб ўтиши тўғрисидаги гап-сўзларни ҳам рад этди.

4 март куни «Проект» нашри Кремлдаги манбаларига таяниб, мамлакат раҳбарияти Давлат думасига муддатидан аввал сайловлар ўтказиш ғоясини муҳокама қилаётганини ёзди. Манбаларга кўра, агар Путин бу ғояни қўллаб-қувватласа, яқин кунларда муддатидан аввал сайловлар ўтказиш тўғрисида эълон қилинади.

Путиннинг президентлик муддатларини бошидан ҳисоблаш тўғрисида сиёсатчилар орасида биринчи бўлиб унинг собиқ ёрдамчиси Владислав Сурков айтганди. У 26 февралда «Актуальние комментарии» порталига берган интервьюсида юридик жиҳатдан президентлик муддатларини бошидан ҳисоблаш зарурати пайдо бўлишини айтди.

«Янги ваколатлар билан бу президентликнинг бошқа институти бўлади. Унга ҳозирги президентликдаги чекловларни қўллаб бўлмайди», — деди Сурков.

Президент матбуот котиби бу сўзларни изоҳлар экан, буни Сурковнинг шахсий фикри деб аади.

Давлат думаси ваколатларининг ўзгариши

15 январда Путин Федерал йиғинга қилган мурожаатида Конституцияга киритиладиган ўзгартиришларда Давлат думаси ваколатларини кучайтиришни таклиф қилганди. Агарда ўзгартиришлар тасдиқланса, қуйи палата куч ишлатиш тузилмаларидан ташқари барча вазирларни тайинлаш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, ҳукуматнинг барча органлари, жумладан, президент ва Федерация кенгаши ваколатлари ҳам ўзгариши кўзда тутилган.

Дума тарқалиши учун нималар асос бўлади?

Амалдаги Конституцияга мувофиқ, дума қуйидаги ҳолларда тарқатиб юборилиши мумкин: 

  • Президент таклиф қилган бош вазир номзоди қуйи палата томонидан уч марта рад этилган тақдирда давлат раҳбари думани тарқатиб юбориши мумкин.
  • Президент агарда дума ҳукуматга ишончсизлик билдирса уни тарқатиб юборади.

Қуйи палата тарқатиб юборилган тақдирда президент дума тарқалганидан тўрт ойдан кеч бўлмаган муддат орасида ўтказиладиган сайловлар санасини белгилайди. 

Дума ҳарбий ёки фавқулодда ҳолатларда ҳамда президент ваколатлари тугашига олти ой муддат қолганидан сўнг тарқатиб юборилиши мумкин эмас.

Мавзуга оид