Иқтисодиёт | 15:02 / 13.01.2024
25899
4 дақиқада ўқилади

Маиший техникалар импортида ишлаб чиқарувчининг расмий дилери бўлиши талаб этилади

2024 йил 1 февралдан эътиборан, Ўзбекистонга дазмол, микротўлқинли печ, ким ювиш машинаси, кондиционер каби бир қатор маиший техникаларни олиб киришда ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили мавжуд бўлиши талаб қилинади. Электротехника ишлаб чиқарувчи маҳаллий компанияларга эса навбатдаги имтиёзли кредитлар, солиқ имтиёзлари ва преференциялар берилади.

Фото: Андрей Любимов / РБК

“Электротехника саноатининг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга асосан, 2024 йил 1 февралдан Ўзбекистонга олиб киришда сифати, хавфсизлиги ва сервис кафолатини таъминлайдиган ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили ёки расмий дилерлари мавжуд бўлиши талаб қилинадиган маҳсулотлар рўйхати тасдиқланди. Рўйхатга қуйидагиларга киритилган:

– алюмин радиатор;
– сув иситиш қозони;
– сув иситкич;
– буғ қозони;
– чангюткич;
– кир ювиш машинаси;
– совуткич, музлаткич;
– телевизор, монитор;
– маиший газ печи;
– духовка, печка;
– микротўлқинли печ,
– дазмол;
– сув қайнаткич;
– кондиционер;
– сув насоси.

Электротехника саноатида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун 2024-2026 йилларда тижорат банкларига, уларнинг буюртмасига асосан 3 йиллик имтиёзли давр билан 10 йил муддатга, йиллик 5 фоиз ставкада 100 млн АҚШ доллари миқдорида кредит линияси очилади. 

Бунда, банклар томонидан тадбиркорларга 3 йиллик имтиёзли давр билан 10 йил муддатга йиллик 7 фоиз ставкада (шундан 2 фоиз банк маржаси) кредитлар ажратилади. 

2027 йил 1 январгача электротехника маҳсулотларини сотишдан тушган тушуми миқдори умумий тушумининг 80 фоизидан кам бўлмаган электротехника тармоғи корхоналарига фойда солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича ставкалар 50 фоизга камайтирилади. 

2024 йил 1 апрелдан давлат харидлари доирасида чет эллик етказиб берувчилар билан бир қаторда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирок этганда уларга нисбатан импорт товарларининг DDP (Ўзбекистон) нархидан қуйидаги миқдорларда нарх преференцияси берилади:

  • 3 та ва ундан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этган тақдирда 15 фоиз;
  • 2 та маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этган тақдирда 12 фоиз; 
  • 1 та маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этган тақдирда 8 фоиз.

2024 йил 1 февралдан бошлаб, электротехника саноати корхоналари томонидан ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун хомашё ва бутловчи қисмларни импорт қилишда, шу жумладан 120 кун кечиктириб тўлашда, ҚҚСни ҳисобга олиш имкониятини берувчи тизимда бир вақтнинг ўзида исталган миқдорда божхона юк декларациясини юбориш, импорт бўйича ҚҚСни биринчи навбатда солиқ органларидаги ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси ҳисобидан ундириш, сўнгра етмаган қисми бўйича ундирувни божхона депозитидаги маблағларга қаратиш тартиби жорий этилади.

Шунингдек, бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев раислигидаги Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича ҳукумат комиссиясига 2027 йил 1 январга қадар электротехника соҳаси корхоналарини қўшимча қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар кўриш ваколати берилди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳукумат комиссияси қарорларига асосан электротехника соҳаси корхоналарини қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари учун зарур маблағлар ажратиб бориши керак.

Қарорга асосан, 2024-2025 йиллар учун электротехника тармоғини ривожлантириш бўйича қуйидаги асосий мақсадли кўрсаткичлар белгиланди:

  • мисни қайта ишлаш қувватини 2024 йилда 140 минг ва 2025 йилда 160 минг тоннага етказиш;
  • маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 2024 йилда 30,8 триллион сўмгача ва 2025 йилда 38 триллион сўмгача ошириш;
  • маҳсулотлар экспорт ҳажмини 2024 йилда 1,5 миллиард АҚШ доллари ва 2025 йилда 2 миллиард АҚШ доллари миқдорида таъминлаш. 

Мавзуга оид