Дронларга қарши курашаётган мобил отрядлар ва Киевда вайрон бўлган академия. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 766-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Россия зарбаси Харкив областидаги энг йирик иссиқлик электр станцияларидан бири бўлган Змиевская ИЭСни вайрон қилди.
- Зеленский ўзининг яқин сафдошларидан бири бўлган Сергей Шефирни президент ёрдамчиси лавозимидан озод этди. Яна уч маслаҳатчи ишдан бўшаган.
- Зеленский Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши собиқ котиби Олексий Даниловни Украинанинг Молдовадаги элчиси лавозимига тайинлашга рози бўлди.
- Белгород шаҳри ва чегара ҳудудлардаги мактаб ўқувчилари отишмалар туфайли ўқув йили охирига қадар масофавий таълим шаклига ўтказилади.
- Евроиттифоқ Туркиянинг Southwind Airlines авиакомпаниясига ўз ҳудуди устидан парвозлар амалга оширишни тақиқлади, авиакомпания Россия билан алоқаларда гумонланган.
- Зеленский The Washington Post учун берган интервюсида АҚШ украин дронларининг Россия энергетика инфратузилмаларига ҳужумларига ижобий қарамаслигини айтди. У Вашингтон Украина ўзи ишлаб чиқарган қуролларни қўллашига монелик қила олмаслигини қўшимча қилган.
- «Медиазона» ва BBC журналистлари Украинадаги урушда ҳалок бўлган 49 281 нафар россиялик ҳарбийлар ўлимини расмий манбалар орқали тасдиқлади.
- Украина қуролли кучлари бош қўмондони Харкивга ҳужум қилиш қарори Россия қўшини учун ҳалокатли қарор бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Кун кадри. Ирпинда украин ҳарбийлари учун ёдгорлик
Россия қўшини Киев яқинидаги кичик шаҳар Ирпинни кенг кўламли босқиннинг илк кунларида эгаллаб олганди. 2022 йил 28 мартида, Россия армияси Киев областидан чекинганида, шаҳар Украина қуролли кучлари назоратига қайтади. Ирпин озод этилганида у ердан Россия оккупацияси босқини чоғида ҳалок бўлган тинч аҳоли вакилларининг 269 жасади чиқади. Ирпин инфратузилмасининг 30 фоизи ҳамда биноларнинг тахминан 70 фоизи тўлиқ йўқ қилинганди.
Шаҳар озод этилганининг икки йиллигида марказий майдонда Украинани ҳимоя қилиш асносида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг портретлари жойлаштирилди.
Бахмут яқинидаги украин дронлари
Киевдаги бадиий академия талабалари ва ўқитувчилари корпуслардан бирини тозаламоқда
Россия ракеталари 25 март куни Киевга ҳужум қилганди — ракета парчалари Печерск, Соломенск ва Днипровск районларига тушган. Беш киши жароҳат олган. Ракеталардан бирининг парчаси Михайло Бойчук номидаги Киев давлат декоратив-амалий санъат ва дизайн академияси биносининг марказий қисмини вайрон қилган. «Украинская правда» Украина маданият вазирлигига ҳавола бериб хабар қилишича, зарба спорт зал, конгресс-ҳолл ва кўргазма марказини вайрон қилган, шунингдек кафедра ва аудиториялар шикастланган. Қурбонлар йўқ, академия лабораторияси раҳбари яраланган, деб хабар қилган Киев мэри Виталий Кличко.
Ҳужумдан беш кун ўтиб, 30 март куни, фоторепортёрлар академия талабалари ва ўқувчилари харобаларни тозалаётгани акс этган суратларни эълон қилишди.
Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг мобил бўлинмалари Черниҳив областида дронларни ўққа тутмоқда
Украина ҳукумати мамлакатнинг шимолий ва шимоли-ғарбий чегараларида ҳаво ҳужумига қарши мобил ўт очиш гуруҳлари ташкил этилгани ҳақида 2022 йилдаёқ хабар берганди. Бундай гуруҳлар юкхонасига пулемётлар ўрнатилган йўлтанламаслардан иборат бўлади. Украина ҚК бирлашган кучларининг ўша вақтдаги қўмондони генерал-лейтенант Сергей Наев 2023 йил октябрида бундай мобил гуруҳлар кўп миқдорда тузилишини — РФ қуролли кучларининг Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ҳолдан тойдиришга қаратилган стратегиясига жавоб деб атаганди:
Агрессор унинг учувчисиз учар аппаратлари қиммат турувчи зенит ракеталарни сарфлашга мажбур қилишини кўзламоқда. Пулемёт эса ушбу масалани нисбатан арзон ўқ-дорилар билан ҳам ҳал қилиш имконини беради.
Наев шунингдек бундай гуруҳларнинг вазифаси — маълум жойгача бориб, ҳаводаги нишонларга (одатда Эрон Россияга етказиб берган Muhajeer-6 ва Shahed-136 дронлари) зарба бериш ҳамда доимий жойлашув манзилига қайтиш эканини айтганди. Украиналик ҳарбийлар мунтазам равишда мобил бўлинмалар дронларни йўқ қилишда иштирок этаётгани тўғрисида хабар бериб келади.
2024 йил мартида «Известия» нашри Россия армиясида ҳам ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг мобий гуруҳларини тузиш режаси борлигини хабар қилди.
Одессада зарбалардан кейинги ҳаёт тарзи
2024 йил мартида рус қўшини Одессага бир неча бор ракета ва пилотсиз учар қурилмалар билан ҳужум қилди. 2 март куни россияликлар дрони турар жой биносини вайрон қилди — 12 киши ҳалок бўлган. Маҳаллий расмийларга кўра, қурбонларнинг беш нафари болалар бўлган. 15 март куни шаҳарга ракета зарбаси оқибатида 21 киши ҳалок бўлиб, 70 дан ортиқ киши яраланди. Фуқаролик инфратузилмаси шикастланган: турар жойлар, хўжалик қурилмалари, автомобиллар.
22 март куни РФ қуролли кучлари Украина бўйлаб ёпирилма зарбалар йўллаб, энергетика инфратузилмаларига ҳужум қилди. Ҳужум оқибатида зарбага учраган иншоотлар орасида Украинанинг энг йирик гидроэлектрстанцияси — Днепрогэс ҳам бор эди. Шундан кейин Одесса шаҳри ва Одесса областида электр энергия таъминотида узилишлар давом этмоқда.
25 мартга ўтар кечаси РФ қуролли кучлари яна Одессага дронлар билан ҳужум қилди. Натижада шаҳарнинг бир қисми электрсиз қолди, троллейбус ва трамвайлар ҳаракати тўхтатилди.
Киев областининг Боярка шаҳрида дафн маросими
Украина қуролли кучлари капитани Сергей Вацко 24 март куни Украина шарқидаги олдинги чизиқда ҳалок бўлган. Уни Киев области Боярка шаҳрига дафн этишди. Вацко мамлакат қуролли кучларида хизматни 2014 йил мартида бошлаган ва 2015 йилда хизматдан бўшатилган, кейин муҳандис бўлиб ишлаган. Кенг кўламли босқин бошлангач, у яна Украина қуролли кучлари сафига кўнгилли сифатида ёзилади. Унинг уч нафар фарзанди қолди.
Мавзуга оид
20:06 / 18.09.2024
Дронлар Твер областига ҳужум қилди. У ерда ракета арсенали жойлашган
12:40 / 18.09.2024
Германия Украинага қишки ёрдам учун 100 млн евро ажратади
12:20 / 18.09.2024
2,5 йиллик урушда Украина ва Россиянинг 1 млн ҳарбийси ҳалок бўлди ва яраланди
10:40 / 18.09.2024