Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мотивацияни “вайрон қиладиган” одатлардан қутулишнинг 7 оддий чораси
Бирор машғулот билан шуғулланиш учун хоҳишнинг етишмаслиги сизда мотивация етарли даражада ишламаётганлигидан далолатдир. Бу муаммони аниқ мақсадлар қўйиш, фойдали одатларни шакллантириш ва ҳаттоки, гавдани тўғри тутиш орқали ҳам бартараф қилиш мумкин.
Фото: AP
Мотивациянинг етишмаслиги нафақат иш жараёнини, балки шахсий ривожланишни секинлаштириши ва ҳатто бошқалар билан муносабатларни ҳам бузиши мумкин. Агар сиз иштиёқ йўқолаётганини ҳис қилсангиз, бунинг асосий сабабини аниқлаш жуда муҳимдир. Кўпинча бу еттита омилдан бири бўлиши мумкин.
1. Нимани хоҳлаётганлигини билмаслик
«Сиз нима истайсиз?» — бу оддий савол бўлиб, у ҳар қандай мотивацион нутқда биринчилардан бўлиб эшитилади. Афсуски, кўпчилик бу саволга аниқ жавоб бера олмайди. Ана шунда ўзингизга бошқа саволлар беришга ҳаракат қилинг: «Менга қандай натижа керак?», «Агар ҳамма нарса режага мувофиқ бўлса, менинг ҳаётим қандай бўлиши керак?» Жавоблар уларни амалга ошириш учун қилиниши керак бўлган истак ва қадамларни аниқлашга ёрдам беради. Бунинг нима эканлигини билмасангиз, мотивацияни топиш қийин. Ушбу қоида қарама-қарши йўналишда ҳам қўлланади. Биз нимага муҳтож эканлигимизни тушунганимизда ва мақсадларимиз ва интилишларимизни батафсил тасвирлаб берганимизда, илҳом ўз-ўзидан пайдо бўлади.
Футбол мухлисидан унинг севимли жамоаси ҳақида сўранг. У бу саволга жавобан клубнинг барча ўйинлари, ўйинчиларнинг позициялари ва эҳтимол, неча йиллар олдинги ўйиннинг икир-чикир тафсилотларигача айтиб бериши мумкин. Агар сиз ўша одамдан ўзи ҳақида сўрасангиз, у кеча нонуштада нима еганини ҳам эслай олмайди. Бу тафаккур етишмаслиги эмас, балки эътиборсизлик натижасидир.
Қандай бартараф этиш мумкин? Ҳар бир йўналишда аниқ мақсадларни белгилаб олинг: соғлиқни сақлаш, молия, ўз-ўзини ривожлантириш, иш, муносабатлар. Кундаликларга истакларни ёзиб, уларни қандай амалга ошириш ҳақида режа тузган маъқул. Кўрасиз, мотивация сизни кўп куттирмайди.
2. Тана “тил”ини тушунмаслик
Тасаввур қилайлик, мотивацияга эга бўлмаган одам қандай кўринишга эга бўлиши мумкин? Қандай ўтиради? Унинг умуртқа поғонаси текисми ёки нотекис? Елкалар тик ҳолатдами ёки букчайган?
Энди мақсади аниқ бўлган одамни тасаввур қилинг. Айнан шу нарса ҳам мотивация бериши мумкин. Ўзингиз ўхшашни хоҳлаган одамнинг ҳолати ва имо-ишораларини такрорлаш сизнинг иштиёқингизни оширишга ёрдам беради.
Қандай бартараф этиш мумкин? Ҳаракат мотивацияга олиб келади, яъни агар сиз иштиёқни ҳис қилмоқчи бўлсангиз, танангизни бошқаришни бошланг. Ўзингизни томоша қилинг ва бирор нарсани кучли даражада хоҳлаганингизда қандай ҳаракат қилиш ва ўзингизни тутишингизга эътибор беринг. Қолгани жуда оддий. Сиз мотивацияни йўқотаётганингизни ҳис қилсангиз, ушбу ҳаракатларни такрорланг ва миянгиз тезда танага эргашади.

3. Катта мақсадлардан қўрқиш
Биз нимага эришмоқчи бўлсак: китоб ёзиш, озиш, яқин одам билан муносабатларни яхшилаш — бизнинг хоҳишимизнинг кучи унинг амалга оширилишига бевосита таъсир қилади.
Кўпчилигимиз орзуларимиз ва мақсадларимизни жиддий равишда чеклаймиз, бу ҳолат мотивациясини “ўлдиради”. Биз ўзимизга ва бошқаларга бош айлантирар даражадаги муваффақиятга муҳтож эмаслигимизни айтамиз. Бу жуда хавфли дунёқараш. Бу нафақат мақсадларимизнинг шижоати ва хилма-хиллигини, балки уларга эришиш учун тайёр бўлган ҳаракатларимизни ҳам сусайтиради.
Қандай бартараф этиш керак? Ушбу муаммони ҳал қилиш учун кўпайтириш қоидасини 10 га ошириш керак бўлади. Унинг моҳияти шундайки, сиз хоҳлаганингиздан 10 баравар катта мақсадларни белгилаш ва уларга эришиш учун 10 баравар кўпроқ ҳаракат қилишингиз кераклигини англатади. Ушбу тамойил сизга турли хил ёндашувларни синаб кўриш ва кўп мақсадларни амалга оширишга ёрдам беради.

4. Мақсадларнинг умумийлиги
Бунда мотивация тартибсиз ва тезкор. Уни узоқ вақт давомида битта вазифада ушлаб туриш қийин. Айтайлик, сиз ўзингизга жуда оқилона мақсадлар қўйдингиз: масалан, эрта тонгда туриш, кўпроқ спорт билан шуғулланиш, тўғри овқатланиш. Аввалига сизда мотивация етарлидек туюлади, аммо тез орада унинг йўқлигига гувоҳ бўласиз. Бу мақсадлар жуда ҳам умумий бўлганда содир бўлади.
Қандай бартараф этиш мумкин? Ўзингиз учун аниқ мақсадларни белгиланг ва бундан ҳам яхшиси — уларга эришиш учун босқичма-босқич режа тузинг. Масалан, ҳар куни соат 7:00 да уйғонинг, душанба, чоршанба ва жума кунлари бир соат давомида спорт билан шуғулланинг ва рациондан шакарни чиқариб ташланг. Бундай одатлар сизни янада эътиборли қилади ва узоқ вақт давомида мотивацияни сақлаб туришга имкон беради.

5. Стресс
Қачонлардир сизда ҳам чарчоқ ва умидсизлик бўлганда ўзингизга “ҳаммасидан воз кечдим, қўлимдан келмайди” деб айтган бўлишингиз мумкин, Бундай ҳолатларнинг сабаби нима бўлишидан қатъи назар, стресс ҳолатида мотивацияни сақлаб қолиш қийин.
Қандай бартараф этиш мумкин? Кўпайтириш қоидаси, албатта, яхши, лекин ундан оқилона фойдаланиш керак. Агар сизнинг бошингиз айланиб, бор кучингизни йўқотган бўлсангиз, энг олий мақсадингиз ва ҳозирги имкониятларингиз орасидаги олтин ўрталиқни топинг.
Асл муаммо шундаки, сиз бир нечта вазифаларни бирваракайига бажаришга интилгансиз. Яхшиси, уларни навбати билан бажарган маъқул. «Икки қуённи баравар ушламоқчи бўлган овчи уларнинг иккисидан ҳам айрилади. Бир вақтнинг ўзида бир нечта вазифани бошлаб қўйиб, биттасини ҳам кўнгилдагидек якунлай олмагандан кўра, асосийсини чиройли қилиб бажариш муҳим.

6. Ҳар бир ишни кечиктириш
У бирданига намоён бўлмайди. Кўпинча биз нима қилишни ва қандай вазифани бажаришни билмаймиз. Ноаниқлик кейинчалик дангасалик ва кечикишни келтириб чиқаради ва улар мотивацияни йўқ қилади.
Қандай бартараф этиш мумкин? Кечиктириш орқали ортга сурилаётган бирор вазифани олинг ва уни бажариш учун қайси қадамни қўйиш мумкинлигини аниқланг.
Масалан, сиз уйингизни тозалашингиз керак, лекин ўрнингиздан туришни ҳам хоҳламайсиз. Қуруқ гапдан кўра, бирор юмушни танланг ва бошланг. Шкафни тозаланг, полларни артинг. Эҳтимол, шундан кейин ўзингизда ҳаракат қилиш истагини уйғотасиз.

7. Фойдасиз одатлар
Мотивация йўқлигининг энг муҳим ва кенг тарқалган сабаби оддий: илҳомни доимий равишда ҳис қилиб бўлмайди. Бизга ҳаддан ташқари таъсир қиладиган одамлар ўзларининг кундалик одатлари сабабли бизда шундай таассуротни яратадилар.
Агар танангиз вазифани бажаришга одатланган бўлса, ҳар куни эрталаб соат бешда туриш учун илҳомлантирувчи мосламалар керак эмас. Шундай қилиб, мотивациянинг сири аниқ одатларга боғлиқ. Улар бизга автоматик равишда мақсадлар томон ҳаракат қилиш имконини беради. Биз буни қилишга одатланиб қоламиз.
Қандай бартараф этиш мумкин? Мақсадга эришишнинг осон йўли – қуйидаги шаблонга амал қилишдир.
Мақсадни танланг. Келгуси йилда қандай катта натижага эришмоқчи эканлигингиз ҳақида ўйланг.
Мақсадингиз томон олиб борадиган ҳар бир билимни ўзлаштиринг. Сиз қанчалик чуқур кириб борсангиз, йўлингиз шунча равшан бўлади.
Ҳар куни такрорлашингиз мумкин бўлган фойдали одатни топинг. У шундай бўлиши керакки, ҳаёт тарзингизга айлантириш осон бўлсин. Шундай қилсангиз, аста-секин бу ҳаётингизнинг бир қисмига айланади.

Санаб ўтилган етти омилдан қайси бири сизнинг мотивациянгизни “ўлдираётганлигини” аниқланг ва ўз устингизда ишлашни бошланг. Вақт ўтиши билан энг қийин вазифаларни ҳал қилиш жараёнида ҳам ғайратли бўлиш қанчалик осонлигини сезасиз.
Махсума Оққўзиева тайёрлади.
Мавзуга оид
00:00 / 13.10.2025
Олимлар ёлғизлик ҳаёт учун хавфли эканлиги ҳақида огоҳлантиришди
21:48 / 10.10.2025
Стрессдан халос бўлишнинг энг оддий йўли: табиат қўйнида 20 дақиқа вақт ўтказиш танамизни қандай қувватлайди?
18:29 / 04.10.2025
Стресснинг сезилмас манбаи: ёлғон гапириш ва уни яшириш саломатликка қандай таъсир кўрсатади?
17:00 / 10.08.2025