Соғлом ҳаёт | 21:48 / 10.10.2025
3526
5 дақиқада ўқилади

Стрессдан халос бўлишнинг энг оддий йўли: табиат қўйнида 20 дақиқа вақт ўтказиш танамизни қандай қувватлайди?

Замонавий ҳаётнинг шовқин-суронида биз табиатни тобора унутмоқдамиз. Аслида у тана учун энг арзон ва табиий дори. Олимларнинг таъкидлашича, атиги 20 дақиқа дарахтлар орасида сайр қилиш юрак уришини секинлаштиради, стрессни камайтиради ва иммунитетни кучайтиради. Мазкур мақолада “яшил рецепт”нинг танада қандай ишлаши ва фойдалари ҳақида сўз боради.

Фото: Getty images

Табиат инсон танасини сокинлик билан даволайди. Яшил дарахтлар, қушлар сайраши ва шамол шовқини танадаги асаб тизимини осойишта ҳолатга келтиради. Яшил оламда қисқа муддат бўлишнинг ўзи юрак уришини секинлаштиради, қон босимини меъёрга келтиради ва танадаги стресс гормонларини камайтиради.

Хотиржамлик кучаяди

Буюк Британияда ўтказилган йирик илмий тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, инсоннинг соғлом ҳаёти ва руҳий фаровонлиги табиат билан қай даражада алоқада бўлишига бевосита боғлиқ. Exeter университети олимлари олиб борган тадқиқотда 20 мингга яқин иштирокчи қатнашган. Уларнинг кундалик ҳаёт тарзи, соғлиғи ва табиатда ўтказган вақти таҳлил қилинганда ҳафтасига камида 120 дақиқа (яъни икки соат) табиат қўйнида бўлган одамлар ўзларини соғломроқ, тинчроқ ва бахтлироқ ҳис қилишларини билдирган.

Бу икки соатни бир кунда ёки ҳафта давомида қисқа муддатларга бўлиб ўтказиш ҳам етарли бўлади, муҳим жиҳати, инсон организми табиат билан бевосита алоқа қилаётганини ҳис қилиши. Дарахтлар орасидаги, боғда ишлаш ёки оддийгина паркда ўтириш ҳам бу таъсирни беради.

Гормонларингиз мувозанатга келади

Очиқ ҳавода, айниқса, дарахтзор ёки ўрмон муҳитида вақт ўтказиш натижасида танадаги кортизол ва адреналин миқдори, яъни стресс гормонлари табиий равишда камаяди. Шу билан бирга, иммун тизимининг ҳимоя ҳужайралари, хусусан, “natural killer” (NK) ҳужайралар фаоллашади. Ушбу ҳужайралар организмни вирус ва яллиғланишлардан ҳимоя қилади.

Японияда ўтказилган машҳур “shinrin-yoku” (ўрмон ваннаси) тадқиқотлари шуни кўрсатдики, уч кунлик қарағай ўрмонида дам олган инсонларнинг танасида NK ҳужайралари сони сезиларли даражада ошган ва бу кўрсаткич камида бир ҳафтагача юқори даражада сақланиб қолган. Олимлар мазкур ҳолатни дарахтлар чиқарадиган табиий ароматик моддалар – фитонцидлар таъсири билан изоҳлайди. Фитонцидлар нафас йўллари орқали танага кирганда асаб тизимини тинчлантиради, юрак уришини секинлаштиради ва иммунитетни фаоллаштиради.

Шу боисдан, айрим мамлакатларда шифокорлар беморларга дори-дармон билан бир қаторда “яшил рецепт” (green social prescribing), яъни ҳафтасига камида бир неча марта табиат қўйнида сайр қилишни ҳам тавсия этишмоқда. Бундай “яшил рецепт”лар Буюк Британия, Канада ва Японияда аллақачон тиббий амалиётга кирган. Шифокорлар фикрича, бу оддий, бепул ва табиий усул орқали одамлар руҳий зўриқиш, чарчоқдан ва депрессиядан халос бўлиши мумкин.

Ифор ҳам даволайди

Қизиқ томони шундаки, табиатнинг тинчлантирувчи хусусияти фақат кўриш ёки юриш билан чекланмайди, ҳид сезиш орқали ҳам бу таъсир юзага чиқади. Қарағай, ёмғир ёки нам тупроқнинг табиий ҳиди инсон миясида “хавфсизлик” ва “хотиржамлик” билан боғлиқ нейронларни фаоллаштиради. Шунинг учун, ҳатто қисқа муддат, масалан, атиги бир неча дақиқа ўрмон ёки боғда бўлишнинг ўзи стрессни камайтиради, кайфиятни кўтаради ва уйқу сифатини яхшилайди.

Ичакдаги фойдали бактерияларни кўпайтиради

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, табиатда кўп вақт ўтказадиган инсонларда микробиота, яъни ичакдаги фойдали бактериялар хилма-хиллиги юқори бўлади. Бу бактериялар овқат ҳазмини яхшилайди, иммунитетни мустаҳкамлайди ва кайфиятни барқарор сақлашда муҳим рол ўйнайди.

Шаҳар шовқини ва ҳаво ифлосланиши эса, аксинча, фойдали микроорганизмларни камайтиради, ушбу жараён ичак фаолияти бузилиши, сурункали чарчоқ ва ҳатто руҳий тушкунликка олиб келиши мумкин. Шунинг учун олимлар ҳафтасига камида бир неча марта очиқ табиатда юришни тавсия этади.

Табиатни уйга кўчиринг!

Бугунги тезкор ҳаётда табиатда сайр қилиш учун доимий вақт ажратиш осон эмас. Аммо уни хонадонга кўчириш имкони бор. Уйни ўсимликлар, ҳаво ва ёруғлик билан тўлдириш бу борада энг самарали йўлдир.

NASA олимлари ўтказган тадқиқотда аниқланишича, алое вера, хлорофитум, драсена, спатифиллум каби ўсимликлар ҳаводаги токсик моддаларни 80 фоизгача камайтиради. Бундай яшил муҳит инсон кайфиятини яхшилайди, стресс гормонларини пасайтиради ва концентрацияни оширади.

Мутахассислар, шунингдек, эфир мойлари билан ароматерапия қилишни ҳам тавсия этади. Лаванда, қарағай, лимон ва эвкалипт ҳидлари асаб тизимини тинчлантиради, юрак уришини меъёрга келтиради ва уйқу сифатини яхшилайди.

Табиатни ҳис қилиш учун узоққа бориш шарт эмас, деразани очинг, хона бурчагига кичик гул идиши қўйинг ёки лаванда мойи билан ҳавони тозаланг. Бу орқали сиз ҳар куни табиатнинг кучини ўзингиз билан олиб юрасиз.

Диёрахон Набижонова

Мавзуга оид