Ўзбекистон | 08:32 / 28.09.2019
9724
3 дақиқада ўқилади

«Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш киритилади

Фото: Shutterstock

2019 йил 27 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилдилар.

Иқтисодиётнинг барча тармоқларини жадал ривожлантириш, инвестициявий жозибадорлик ва ишбилармонлик фаоллигини ошириш, ишлаб чиқариш ҳамда хизматлар кўрсатиш соҳасини кенгайтириш мақсадида ишлаб чиқилган “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида тайёрланган.

Қайд этилганидек, мамлакатда нефт-газ ва электр энергетика тармоғи ташкилотларининг ишлаб чиқариш жараёнларига инновацион технологияларни жорий этишни рағбатлантириш, энергия ресурсларини тежаш ва энергия самарадорлиги даражасини ошириш устувор вазифалардан биридир.

Қонун ташаббускорлари томонидан ҳудудларда “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижроси бўйича ўтказилган назорат-таҳлил тадбирлари, шунингдек сайловчилар билан жойларда бўлиб ўтган учрашувлар давомида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари ўрганилди.
 
Мазкур жараёнларда энергия ресурслари истеъмолининг самарадорлигини мониторинг қилишнинг таъсирчан тизими, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, муассасалар ва ташкилотларда замонавий энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича хизматларнинг мавжуд эмаслиги, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ишларининг сустлиги энергия ресурслари харажатларини мақбуллаштириш имконини бермаётгани аниқланди. Ўтказилган тадбирлар натижаси соҳани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш зарурати мавжудлигини кўрсатди. Айнан шу жиҳатлар мазкур қонун лойиҳасини тайёрлашга асос бўлди.

– Қонун лойиҳасининг мақсади энергетика тармоқларида ҳосил қилинаётган электр ва иссиқлик энергияси, бошқа ноанъанавий энергия ресурсларидан иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳада янада оқилона фойдаланишнинг, энергия ресурслари истеъмолининг самарадорлигини ва замонавий энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш хизматлари кўрсатишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришдан иборат, – дейди ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Қаҳрамон Эргашев. – Унда таклиф этилаётган нормалар энергия ресурслари харажатларини оптималлаштиришга, энергия ресурслари истеъмолининг самарадорлигини тизимли мониторингини амалга оширишга, истеъмол қилинаётган энергия ресурслари ҳажмини камайтиришга қаратилган чора-тадбирларни белгилашга, мамлакатда барқарорлик ва иқтисодий ўсишни мустаҳкамлашга, бюджетга тушумларни кўпайтиришга ҳамда аҳолининг реал даромадларини оширишга хизмат қилади.

Йиғилиш давомида депутатлар томонидан кун тартибига киритилган бир қатор қонун лойиҳалари, шунингдек фракция ваколатига кирувчи бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид