Спорт | 17:05 / 15.11.2024
18767
4 дақиқада ўқилади

«166 дақиқа». Катанецнинг энг катта хатоси ҳақида

Миллий жамоа ва клуб ўртасида бир неча фарқлар бор. Энг каттаси, клубда футболчи доимий шуғулланади, йил давомида ҳафтасига камида бир учрашувда майдонга тушиш имкониятига эга. Мураббийда ўз жамоасини қуриш, турли режалар ишлаб чиқиш ва у ёки бу футболчининг ўрнини тўлдириш учун етарли вақтга эга бўлади.

Миллий жамоада вазият қийинроқ. Футболчилар фақат ФИФА кунларида, расмий ўйиндан 1-2 кун олдин тўпланишади. Бир кун камида йўл учун бўлса, энг муҳим ўйин олдидан ҳам нари борса 1-2 машғулот ўташга вақт бўлиши мумкин. Айнан мана шу фактор бош мураббийни имкон қадар узунроқ таркиб билан ишлашга мажбур қилиши керак. Сабаби, у йиғиндан бунисигача футболчиларнинг спорт формасида ўзгаришлар бўлиши табиий. Кимдир жароҳат олади, бошқаси захирада қолиб кетиб, ўйин амалиётидан чиқиб қолади, кимдир аксинча, фаолиятидаги энг зўр даврини бошдан кечираётган бўлади. Яна кимдир ўз клубидан мамлакатига келиш, кейин масалан, сафар ўйинига бориш чоғида бетоб бўлиб қолиши ҳам мумкин. Қисқаси, ҳаммасини назорат қилиб бўлмайди.

Бундан ташқари, руҳий ҳолат бор. Масалан, ўша давлат паспортига эга бўлган қайсидир футболчи бирданига ўзини кўрсата бошлади. Миллий жамоада клуб каби трансфер имконияти йўқлигидан келиб чиқсак, бу зўр воқеа - йўқ жойдан янги номзод пайдо бўляпти. Миллий жамоа штаби дарҳол реакция бериши лозим. Ёш футболчи бирданига асосийга айланмаса ҳам, уни кузатишаётганини, сўнгги муваффақиятлари беиз кетмаётганини билиши керак. Бу ҳам туртки, янада яхшироқ ўйнашни бошлайди, миллий жамоадаги қон айланиш учун жуда муҳим жараён.

Хуллас, мураббий ойда бир муҳим ўйинда жамоани олиб тушишдан ташқари, мана шундай нозик жараёнларни ҳам бошқариши, диққатли бўлиши керак, ахир у жамоасини алмаштира олмайдиган миллионлаб инсонлар учун ишлаяпти, тўғрими?

Албатта, Элдор Шомуродов бизда ягона. Шукуров каби марказни бошқарадиганлар йўқ ҳисоби. Қанийди улар доим тайёр ва зўр формада бўлишса. Лекин юқорида айтилганидек, буни назорат қилиш қийин. Шунинг учун миллий жамоада майдонга тушишга тайёр футболчилар таркиби имкон қадар кенг бўлиши шарт. Юзлаб футболчилар бор, тўғри, аммо жамоага бирданига киришиб кетиши, шериклари билан тил топишиши, муҳим ўйинда ҳаяжонланмасдан клубда доим қилиб юрган ишини энг яхши тарзда қила олиши учун ҳам вақт керак бўлади. Мураббий нафақат машғулотлар, балким ўйинларда ўша вақтни тақдим этиш орқали ўз таркибини кучайтириб боради. Бу мураббийнинг ўзи учун керак, аввало.

Сречко Катанецни Суперлигани кузатмаслиги, у ерда сўнгги пайтларда ўзини кўрсатаётган футболчиларга эътибор бермаслиги кўп танқид қилинади. Майли, уларни қўйинг, Катанец йиғинларида доимий жалб қилинаётган футболчиларда ҳам муаммо борми? Шомуродов ва Шукуровни тўғридан тўғри алмаштириши мумкин бўлган ва муҳими, Катанец танийдиган футболчиларни кўриб чиқамиз.

Сўнгги бир йилда Ўзбекистон миллий жамоаси жами 16 та ўйинда майдонга тушди. Мана шу ўйинларда:

Бобур Абдуҳолиқов 5 ўйинда майдонга тушди. Жами 67 дақиқа ҳаракат қилди. Бундан 45 дақиқаси кечаги учрашувга тўғри келади. Бирорта ўйинда илк дақиқалардан тушмади. Ўша 5 ўйиннинг учтасида 1-3 дақиқага эга бўлди холос.

Жамшид Искандаров. 5 ўйинда майдонга тушди. Жами 69 дақиқа.

Азизбек Амонов 27 дақиқа ўйнади. 3 ўйинда синаб кўрилди.

Акмал Мозговой 3 дақиқа ўйнади.

Ана энди мана шу жами 166 дақиқалик тажриба билан биз Шимолий Кореяга қарши ўйинда сўнгги беш йилдаги энг етакчи икки футболчимизни ўрнини босишимиз керак.

Учта марказий ҳимоячи, эҳтиёткор, қўрқоқ, дурангга рози бўлиб ўйнади ва ҳоказо, майли, бу муҳим эмас. Катанецнинг энг нотўғри иши шу ерда, назаримда.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид