Иқтисодиёт | 01:25 / 07.11.2025
7439
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Ўзбекистонга пахта етказиб беради

Президент Шавкат Мирзиёев ва АҚШ савдо вазири Ҳовард Латник ўртасидаги учрашувда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Маълум қилинишича, АҚШдан соя ва пахта етказиб бериш, шунингдек, Американинг илғор томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш бўйича дастлабки шартномалар имзоланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Вашингтонда Америка Қўшма Штатлари савдо вазири Ҳовард Латник билан музокара ўтказди.

Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо ва инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Президент матбуот хизматига кўра, кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми 4 баробар кўпайиб, қарийб 1 миллиард долларга етган. Ўзбекистонда АҚШнинг 300 дан ортиқ компанияси фаолият юритмоқда. Саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва инновация соҳаларида қатор йирик кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Савдо алоқаларини мустаҳкамлаш, ҳудудлараро ҳамкорликнинг самарали механизмларини яратиш, шунингдек, Мувофиқлаштирувчи кенгаш таъсис этишдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. АҚШдан соя ва пахта етказиб бериш, шунингдек, Американинг илғор томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш бўйича дастлабки шартномалар тузилган.

Музокаралар якунида қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун инвестиция платформасини яратиш орқали амалий ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олинди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид