Ўзбекистон | 18:12 / 20.11.2025
1735
2 дақиқада ўқилади

“Дача” ижарасини Soliq иловаси орқали расмийлаштириш мумкин бўлади

Ўзбекистонда далаҳовлилар ижарасини “Soliq” иловаси орқали расмийлаштириш мумкин бўлади. Президент қарорига кўра, бундай тартиб 2026 йил 1 июлдан бошлаб йўлга қўйилади. Бунда, ижара фақат бир кишининг номига расмийлаштирилади, онлайн шаклда тузиладиган ижара келишувида бирга дам олувчилар сони кўрсатилади. 2026 йил 1 июлгача миллий туризм платформаси ва унинг мобил иловаси ҳам ишга тушиши керак.

Фото: Olx

Президент қарори билан, туризмни ривожлантириш бўйича янги чоралар белгиланди.

2026 йил 1 июлдан бошлаб, аҳоли томонидан дала ҳовлиларини ижарага бериш – Soliq мобил иловаси орқали “мен билан бирга” шаклида бир нафар шахс номига бирга дам олувчилар сонини кўрсатган ҳолда соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш орқали амалга оширилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 июлдан бошлаб миллий туризм ягона платформаси ва унинг мобил иловаси ишга туширилади ва у орқали:

  • мулкчилик шаклидан қатъи назар транспортнинг барча турлари интеграция қилинган ҳолда саёҳат йўналишини тузиш, энг мақбул йўналиш ва транспорт турини танлаш, чипталарни онлайн банд қилиш ва сотиб олиш имконияти яратилади;
  • чипта хўжалиги жорий қилинган барча туризм объектлари, шу жумладан, музейлар, маданий мерос объектлари, маданият, кўнгилочар ва дам олиш объектларига билетларни онлайн сотиб олиш имкониятига эга ягона чипта тизими жорий қилинади;
  • экскурсиялар ўтказиш учун интерактив хариталар, планшетлар, аудиоёрдамчи, видеоёрдамчи ҳамда онлайн трансляциялар воситасида туристик объектлар ҳақида ахборот бериш имконини берувчи рақамли гид тизими ишга туширилади;
  • жойлаштириш воситалари томонидан хорижий ва маҳаллий туристлардан ундириладиган туристик (меҳмонхона) йиғим биллинг тизими орқали автоматик тарзда тўғридан тўғри Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ўтказилади.

2026 йил якунига қадар сунъий интеллект ва катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш тизими жорий этилади. Бу тизим “Хавфсиз шаҳар” аппарат-дастурий комплекси билан интеграция қилинади. Сунъий интеллект билан ишловчи бу тизим орқали республика ҳудудларига туристлар оқимлари (тоифаларга қараб) ва уларнинг хоҳишлари таҳлил қилинади, персоналлаштирилган маршрутлар ва таклифлар ишлаб чиқилади.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид