12:53 / 30.03.2019
57988

Қорақалпоғистонда 25 ёшли аёл ва унинг уч нафар фарзанди жасади топилди

Қатор нашрларда 28 март куни Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туман, Саршунгул қишлоғида уч гўдак ва улар онасининг жасадлари қудуқдан топилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Kun.uz ушбу маълумотга ойдинлик киритишни сўраб, Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова билан боғланди.

Унинг билдиришича, Хўжайли тумани, “Саришунгул” ОФЙ, Шодлик кўчасида 2019 йил 28 март куни соат 07:30да фуқаро К.К.нинг яшаш хонадони олдидаги 3-4 метр чуқурликдаги айлана шаклдаги қудуқ ичидан фуқаро 02.02.1995 йилда туғилган У.Т. ва вояга етмаган 23.12.2018 йилда туғилган ўғли И.К.нинг, уй ичкарисидаги ётоқхонадан 16.01.2017 йилда туғилган М.К. ва 02.06.2015 йилда туғилган К.И.ларнинг мурдалари топилган.

«Ҳодиса жойи тергов-тезкор гуруҳи ходимлари томонидан кўздан кечирилган. Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, У.Т. ва унинг вояга етмаган фарзанди Х.И. нафас йўлларига сув тиқилиши оқибатида, М.Х. ва Х.И.лар нафас йўллари бўғилиши оқибатида вафот этганлиги кўрсатилган», - дейилади Бош прокуратура хабарида.

Мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан 28.03.2019 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, тергов бориши устидан Бош прокуратуранинг алоҳида назорати ўрнатилган.

Top