Иқтисодиёт | 20:40 / 04.05.2026
5241
5 дақиқада ўқилади

96 минг сўмлик ҳаракат учун 140 млрд сўм жарима — мутахассис тадбиркорларни банкрот ҳолатига олиб келаётган маркировка жарималари ҳақида

Солиқ маслаҳатчиси Нодирбек Хўжабеков Кun.uzʼга берган интервюсида маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун қўлланаётган жарималар тизими амалда қандай ишлаётгани ва сўнгги ўзгартиришлар ортидан бизнес зиммасига тушаётган юк ҳақида фикр билдирди. Унинг айтишича, айрим ҳолларда жуда кичик қоидабузарликлар учун миллиардлаб сўм жарималар қўлланган. “96 минг сўмлик маҳсулот сабаб 140 миллиард сўм жарима қўлланган. Биз бу ҳолатларни судларда исботладик: бу маркировкалаш эмас, савдо қоидасини бузиш деб қаралди ва ютиб чиқдик”, - дейди мутахассис. Шундан кейин 833-сонли қарорга ўзгартириш киритилди: энди доналаб сотишда ҳам бу ҳолат маркировкалаш қоидасини бузиш сифатида қаралади. “Натижада фирмалар банкрот ҳолатига олиб келиняпти”, - дейди солиқ маслаҳатчиси.

Солиқ маслаҳатчиси Нодирбек Хўжабеков Кun.uzʼга берган интервюсида маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун жарималар ниҳоятда оғир экани ҳақида гапирди.

“Жарималар адолатлими деган саволга мен битта позицияда туриб, “ҳа, адолатли” деб жавоб берардим — агар қоида тўғри қўлланса. Бу Солиқ кодексининг 221 прим 1-моддаси билан боғлиқ. Унга кўра, маркировкалаш қоидасини бузганларга чораклик оборотнинг 2 фоизи миқдорида жарима қўлланади, агар йил давомида такрорланса — 20 фоиз.

Маркировкалаш қоидасини бузиш нима дегани? Буни Вазирлар Маҳкамасининг 833-сон қарори асосида тушунамиз. Шу қарор билан тасдиқланган йўриқномада аниқ ёзилган: ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан маркировка қилинмаган товарни ишлаб чиқариш ёки сотиш — маркировкалаш қоидасини бузиш ҳисобланади. Яъни маркировкаланмаган товар катта ҳажмда бозорга чиқиб кетишининг олдини олиш. Масалан, ишлаб чиқарувчи маркировкасиз маҳсулотни кўп миқдорда чиқариши ёки импорт қилувчи олиб кирган маҳсулотининг бир қисмини яшириб сотиши мумкин. Шу ҳолатлар учун айланмадан 2 ёки 20 фоизлик жарима белгиланган. Бу маълум даражада адолатли эди.

Лекин амалиётда бошқача қўлланди. Оддий чакана савдода ҳам — масалан, дорихонада арзон ситрамон ёки ичимлик сотилганда маркировка ўтмай қолса — шу корхонанинг уч ойлик оборотидан 2 фоиз жарима қўллана бошлади”, - дейди у.

Мутахассис йирик дорихоналар юзлаб филиаллари бўлган дорихоналар тармоғини мисол келтириб, қайсидир битта филиалида минг сўмлик ситрамон маркировкасиз сотилса, бутун тармоқнинг оборотидан жарима ҳисобланишига урғу берди.

“Ваҳоланки, 833-сон қарорда аниқ ёзилган: бу норма ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчиларга нисбатан қўлланади. Чакана ва улгуржи савдода эса бу ҳолат савдо қоидасини бузиш ҳисобланади.

Шунга қарамай, амалиётда ҳаттоки доналаб сотишда ҳам маркировкалаш қоидаси бузилди деб, 221 прим 1-модда бўйича оборотдан жарима қўлланган.

Масалан, битта қадоқдаги 10 дона Цитрамонни сотишда маркировка сканердан ўтмаса — бутун корхона оборотидан жарима ҳисобланади. “Бирнима-фарм” каби корхоналарда ҳам шундай ҳолатлар бўлган — охирги уч ойлик оборотидан 2 фоиз жарима қўлланади”, - деди Нодирбек Хўжабеков.

Энг кескин ҳолатлардан бири — 96 минг сўмлик маҳсулот сабаб 140 миллиард сўм жарима қўлланган. Бу корхонанинг асосий обороти ишлаб чиқариш (120 млрд), қолган қисми меҳмонхона ва умумий овқатланиш фаолияти эди. Айнан барда 96 минг сўмлик маҳсулот маркировкасиз сотилгани учун бутун оборотдан жарима ҳисобланган.

“Бу амалиёт нотўғри қўлланган, чунки 833-сон қарорга зид эди. Норма аслида фақат ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчиларга қўлланиши керак эди. Биз бу ҳолатларни судларда исботладик: бу маркировкалаш эмас, савдо қоидасини бузиш деб қаралди ва ютиб чиқилди.

Аммо кейинчалик 833-сон қарорга ўзгартириш киритилди. Энди доналаб сотишда ҳам бу ҳолат маркировкалаш қоидасини бузиш сифатида қаралади. Натижада бугун: агар дорихонада ёки супермаркетда битта маҳсулот маркировкаси сканердан ўтмай қолса ҳам, бутун корхонанинг уч ойлик оборотидан 2 фоиз жарима қўллаш қонунийлаштирилди.

Бу ўзгартириш 2026 йил 23 январдан кучга кирган. Натижада фирмалар банкротлик ҳолатига олиб келиб қўйилмоқда”, - деди мутахассис.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид