Нега кўп тадбиркорлар ҚҚС тўловчиси бўлиб қолишдан шунчалик қўрқади? Маркировка бўйича талаблар бизнесда бунчалик катта эътироз уйғотаётганига сабаб нима? Солиқ қонунчилиги ва амалиёти қандай қилиб бизнесни бўлакларга бўлишга рағбат яратяпти? Шу каби саволларга Kun.uz студиясидаги суҳбатда солиқ маслаҳатчилари Мурод Муҳаммаджонов ва Нодирбек Хўжабеков жавоб берди.

Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатов умумий овқатланиш соҳасида айрим тадбиркорлар ҚҚС тўламаслик учун мижозларга якка тартибдаги тадбиркор сифатида чек бераётганини айтди.

“Буни кўриб-билиб турибмиз. Эртага текшириш борса, хафа бўласизлар. Илтимос, қонуний ишланглар”, деди у 21 апрел куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда.

Kun.uz студиясидаги суҳбатда солиқ маслаҳатчилари тадбиркорларни ҚҚСдан қочишга ундаётган омиллар ҳақида сўз юритди.

Мурод Муҳаммаджонов: “Фақат жазонинг ўзи ечим бўлолмайди”

— Жарима солиш билан натижага эришиб бўлмайди. Яъни солиқ тўлаш учун тадбиркорларга қулай зона яратилмаса, жарима билан қўрқитиб, фақатгина ё коррупцияни ривожлантириб юбориш мумкин, ёки тадбиркорликни одамлар учун дискомфорт бир зонага айлантириб қўйилади. Яъни тадбиркорлик қилиш қийин жойга айланиб қолиши мумкин холос. Шунинг учун, менимча, “Қўшилган қиймат солиғига ўтмаслик сабаблари нима?” деган савол бизни кўпроқ қизиқтириши керак.

Жуда кўп ҳолатларда товарлар нақд олди-берди қилиниши, кирим қилиш имконияти йўқлиги, ҚҚСда ишлаш тадбиркорларга дискомфорт бўлаётгани асосий сабаблардан деб биламан.

Ҳамма учун эмас, муайян қатламдаги тадбиркорлар борки, уларда ҚҚСга ўтиш имконияти йўқ. Оддий айтганда, ҚҚС ва фойда солиғи тўлаш шароитида уларнинг бизнеси яшаб қололмайди, тирикчилиги ўтмайди. Айланмадан 4 фоиз солиқ тўлаб келган тадбиркор учун солиқ юки бирданига каррасига ошиб кетади (12 фоиз ҚҚС + 15-20 фоиз фойда солиғи). Шунинг учун 1 миллиардлик чегарага яқинлашганда, бизнесни бўлиб ташлашга мажбур бўляпти.

Фақатгина жарима деган нарса билан қўрқитилса, кимлардир ҚҚСга ўта олади, кимлардир ўта олмайди. Ўта олмаганлар ечим сифатида коррупцияга мурожаат қилади. Кўп ҳолатларда айланмадан қўшилган қиймат солиғига ўтмаслик учун тушумни камайтириб кўрсатиш керак бўлади. Камайтириб кўрсатиш эса, табиийки, кассага урмасликка, тушумни яширишга олиб келади. Тушумни яшириш ҳолатлари бу текширувларда аниқланади ва жарима қўлланади. Яъни агар йирик солиқ тўловчиси, яъни қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлиб ўтмасанг, жазолайман, лекин ўтсанг кўпроқ солиқ тўлайсан – олдига юрсанг ҳам, орқага юрсанг ҳам жазолайман, дегани бу. Ҳамма жой жазо механизми бўлиб қоляпти.