Жамият | 17:09 / 15.01.2025
13460
2 дақиқада ўқилади

“Онажон, энди Россияга кетманг” — навоийлик тадбиркор сабаб Фарғонада она ва болалари энди янги уйда яшайди

Фарғона шаҳрида яшовчи Муқаддас Ғаниева турмуши бузилгач ота уйига сиғмай қолганидан кейин чорасизликдан 6 яшар ўғли Азизбек ва 2 ярим яшар қизи Имронахонни энагага топшириб, ўзи Россияга ишлаш учун кетгани, энага қизалоқни дўппослаб, бош қисми ва бутун танасига ҳаёти учун хавфли бўлган жиддий жароҳат етказгани ҳақида Kun.uzʼда суриштирув эълон қилинган эди. Видеолавҳадан кейин болалар ҳаёти бутунлай ўзгарди. Навоийлик тадбиркор сабаб Фарғонада она ва болалари энди янги уйда яшайди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ака-сингил ҳолидан хабар олувчиларнинг кети узилмади. Болалар учун қоплаб ўйинчоқ, кийим-кечак ва пул маблағлари олиб келувчилар кўпайгандан кўпайди. Энг муҳими она Россиядан қайтиб келди. Оиланинг катта муаммоси уйсизлик эди. Энди бу ҳам ортда қолди.

Навоий вилоятидан бўлган танти ва мард тадбиркор аёлга янги таъмирдан чиққан хонадон олиб берди. Энди оиланинг бахти бутун бўлади, десак адашмаган бўламиз.

Дарвоқе, аёлнинг Россиядаги қарзларини тўлаб берган ва ватанга қайтиб келиши учун авиачипталаргача олиб берган ҳам айни шу навоийлик тадбиркор эди.

12 январ куни Россиядан Ўзбекистонга учиб келган Муқаддас Ғаниевага хонадон калити топширилди. Вақтинчалик бошқа хонадонда яшаб турган Азизбек ва Имронахонлар эсон-омон онаси бағрига қайтди. Иссиқ уйи, кўп ўйинчоқлари, энг асосийси, онаси доим ёнида бўлишини орзу қилган Азизбек энди ўзида йўқ хурсанд.

Энагага нисбатан Фарғона шаҳар ИИБ тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров.

Муаллиф:  Сарвар Зияев

Мавзуга оид