Жамият | 22:01 / 08.01.2026
6146
5 дақиқада ўқилади

Nestlé болалар озуқаси қайтарилмоқда. Ота-оналарни хавотирга солган саволлар

Ўзбекистонда болалар учун мўлжалланган Nestlé озуқасининг айрим партиялари ихтиёрий равишда қайтариб олинмоқда. Nestlé NAN маҳсулотларини Ўзбекистон бўйлаб етказиб берувчи “Balton Trading” компанияси вакили Kun.uz’га унинг қайтарилиш жараёни ҳақида маълумот берди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Сўнгги кунларда ўзбек интернет сегментида Nestlé компаниясининг болалар озуқаси билан боғлиқ хабари кенг муҳокама қилинмоқда. Гап чақалоқлар истеъмол қиладиган маҳсулот ҳақида кетгани учун, табиийки, кўплаб ота-оналарда савол ва хавотирлар пайдо бўлди.

Nestlé компанияси Ўзбекистонда болалар озуқасининг айрим чекланган партияларини қайтариб олишини эълон қилди. Бунга сабаб маҳсулот таркибидаги арахидон кислотаси деб аталадиган ингредиент билан боғлиқ эҳтимолий хавф борлиги. Ушбу модда ташқи таъминотчи орқали келтирилади ва унинг таркибида жуда оз миқдорда цереулид деб аталувчи токсин бўлиши мумкин.

Цереулид нима ўзи?

Цереулид – айрим бактериялар ишлаб чиқарадиган токсин бўлиб, у организмга тушганда ўткир заҳарланиш аломатларини келтириб чиқариши мумкин. Асосий белгилари – кўнгил айниши, қусиш ва қорин оғриғи. Nestlé маълумотига кўра, реал заҳарланиш ҳолатлари қайд этилмаган. Яъни ҳозиргача болалар соғлиғига зарар етгани ҳақида расмий маълумот йўқ. Компания шунчаки “хавф бўлиши мумкин” деган эҳтимолнинг ўзиниёқ етарли деб ҳисоблаб, олдиндан чора кўрмоқда.

Айтиш керакки, бу фақат Ўзбекистонда эмас. Nestlé бу маҳсулотларни Европа бозори, Осиёнинг айрим давлатлари ва Яқин Шарқ мамлакатларида ҳам қайтариб олмоқда.

Ўзбекистонда қайси маҳсулотларга тегишли?

Nestlé расман эълон қилган, қайтариб олинаётган маҳсулотлар рўйхатида: NAN 1, NAN 2, NAN кисломолочний, NAN Supreme ҳамда ALFARE Amino каби маҳсулотларнинг аниқ партия рақамлари кўрсатилган:

• NAN 1 OPTIPRO – 51490346AB, 51750346AA, 51900346AE, 51760346AA, 52180346AB, 52670346AE, 52680346AD, 51500346BA, 51910346BA партиялари.

• NAN 2 OPTIPRO – 5172080622, 5206080621, 5298080624, 5205080661, 5206080661, 5289080661, 5290080661, 5204080611, 5205080611 партиялари.

• NAN Kislomolochniy (0-12 oy) –51230017A1 партияси.

• NAN Supreme (0-12 oy) – 52790742C1 партияси.

• ALFARÉ Amino –51050017Y2, 51470017Y1, 52730017Y1 партиялари.

Бошқа партиялар ва Nestlé'нинг қолган болалар озуқаси маҳсулотлари бу қарорга кирмайди.

Болаларга хавф борми?

Болалар озуқаси масаласида ҳатто энг кичик эҳтимол ҳам жиддий қабул қилинади. Шунинг учун компания регуляторларни хабардор қилди, маҳсулотни ихтиёрий қайтармоқда ва истеъмолчиларга очиқ ахборот бермоқда.

Ҳозир ота-оналарда: “Мендаги маҳсулот қайтариб олинадиган партияга кирадими ёки йўқ?” деган савол келиб чиқяпти. Бунга жавоб: партия рақами орқали.

Маҳсулотнинг партия рақами унинг қутисида ёки банкасида бўлади. У одатда қутиларнинг пастки қисмида, ёки металл банка тагида, баъзан ён томонида майда шрифт билан ёзилган бўлади. Партия рақами ҳарф ва рақамлардан иборат бўлади. Масалан, 51490346AB ёки 52790742C1 каби. Сиздаги рақамни Nestlé расман эълон қилган рўйхат билан солиштириш керак. Агар рақам айнан шу рўйхатда бор бўлса, маҳсулот қайтариб олинади.

Борди-ю маҳсулот рўйхатда қайд этилган бўлса, уни қандай қайтариш мумкин? Айнан Nestlé NAN маҳсулотларини Ўзбекистон бўйлаб етказиб берувчи “Balton Trading” компанияси вакилининг Kun.uz'га маълум қилишича, истеъмолчилар товарни ҳеч бир муаммосиз қайтариб беришлари мумкин. Агар сизда қайтариб олинадиган партия бўлса, уни сотиб олган дорихона ёки дўконга мурожаат қилинг. Сотув нуқтасида маҳсулот қабул қилинади ва пул қайтарилади ёки алмаштириб берилади. Маҳсулот қадоғининг бузилганлиги аҳамиятга эга эмас.

Агар дўконда саволлар туғилса, Nestlé'нинг расмий дистрибютори ёки истеъмолчилар учун мўлжалланган алоқа каналлари орқали мурожаат қилиш мумкин. Агар сизда харид чеки сақланмаган бўлса ҳам, кўп ҳолларда маҳсулот қабул қилинади, чунки гап болалар соғлиғи ҳақида кетмоқда.

Мавзуга оид