Ўзбекистон | 21:01 / 05.02.2021
6541
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда рақамли инфратузилмани ривожлантириш учун 2,5 млрд доллар жалб этилади — Абдулла Арипов

Тошкент, Бухоро ва Қўқон шаҳарларида учта янги дата-марказни ишга тушириш, телекоммуникациялар тармоғини ривожлантириш ва мобил алоқани модернизация қилиш кўзда тутилган.

Фото: Видеодан кадр

Ўзбекистонда рақамли инфратузилмани ривожлантириш учун яқин икки йил ичида 2,5 млрд доллар жалб этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Алматида ЕОИИ мамлакатлари бош вазирлари иштирокида бўлиб ўтган «Рақамли қайта юкланиш: янги воқеликка сакраш» форумида маълум қилди.

Абдулла Арипов бугунги кунда миллий иқтисодиётнинг ўсиши, соҳаларни модернизация қилиш ва ижтимоий соҳани ривожлантиришда рақамлаштириш шубҳасиз муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этди. У форум иштирокчиларига Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан яқин икки йил давомида 280дан ортиқ лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган «Рақамли Ўзбекистон» стратегияси қабул қилинганлиги тўғрисида маълумот берди.

«Бизнинг рақамли кун тартибимиз қуйидаги муҳим вазифаларни ҳал қилишга қаратилган: аҳоли масканларини тез ва арзон интернет билан таъминлаш, электрон ҳукуматни ривожлантириш миқёсини кенгайтириш, банк соҳасида рақамли трансформацияни давом эттириш, соғлиқни сақлаш соҳасида рақамлаштиришни кенгайтириш, ахборот технологиялари соҳасида мутахассислар тайёрлаш, IT-саноат ва рақамли тадбиркорликни ривожлантириш ва бошқалар», — деди Арипов.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда рақамли инфратузилмани ривожлантириш учун яқин икки йил ичида 2,5 млрд доллар жалб этилади. Жумладан, Тошкент, Бухоро ва Қўқон шаҳарларида учта янги дата-марказни ишга тушириш, телекоммуникациялар тармоғини ривожлантириш ва мобил алоқани модернизация қилиш кўзда тутилган.

Арипов шунингдек, барча мактабларни юқори тезликдаги интернетга улаш ишлари, вилоятларда электрон поликлиника ва телетиббиёт тизимини жорий этиш бу йил якунланиши режалаштирилганини билдирди.

 Ўзбекистон бош вазирининг маълумот беришича, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш учун 600 млн доллардан ортиқ маблағ жалб этиш кўзда тутилган.

 Яқин келажакда амалга ошириладиган муҳим вазифалардан бири ЯИМда рақамли хизматлар улушини икки бараварга оширишдир. Бу мақсадга эришиш учун Ўзбекистонда IT-парклар очилмоқда, уларнинг резидентларига эса солиқ имтиёзлари тақдим этилмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид